Мақолалар

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Сўхда бўлганми?

Фарғона вилоятининг Сўх тумани табиати ғоят мафтункор. Баланд тоғлар, тиниқ булоқлар, жўшқин сойлар, яшил аланга каби кўкка талпинган арчалар… 

“Ўзбекистон тарихи” музейига кирган киши билагузук шаклидаги қўшилон тамғасини кўриб, беихтиёр қадимий сирли салтанат қудратини ҳис қилади. Тарихдан бироз хабари бор одам, бу милоддан аввалги V асрларда гуллаб-яшнаган ва ҳозирги Сўх ҳудудида ҳукм сурган давлат рамзларидан бири экани, ана шу белги ортида қанчадан-қанча талотўп, равнақ ва таназзул яширинганини яхши билади. “Селенғур” ғори деворидаги суратлар эса янада қадим замонлардан сўзлайди.
 
Сўхликлар буюк давлат арбоби ва шоир Заҳриддин Муҳаммад Бобур бизнинг туманда ҳам бўлган, мана шу тоғларда бир муддат яшаган, деб ҳисоблайди ва бундан фахрланади. “Бобурнома”да 1493 йил воқеалари қаламга олинар экан, буюк бобомиз тақдир тақозосига кўра, “Сўх ва Ҳушёр кўҳпояларига келиб, бир йилча ёвуқ” яшаганини соғинч билан хотирлайди. 
 
Унда, жумладан, шундай битиклар бор: “Исфара вилояти тўрт бўлук кўҳпоядир: бир Исфара, яна бир Ворух, яна бир Сўх, яна бир Ҳушёр…”, “…Сўх била Ҳушёр-кўҳпояларига келиб, бир йилға ёвуқ танқислик била ўткариб, Кобул азимати қилдим”. 
 
Адиб Қамчибек Кенжа бу ҳақда шундай ёзади: "Демак, Бобур Мирзо Ҳушёрда туриб келгуси тақдирини белгилаган, атроф-жавонибдаги қишлоқлар, йўллар, довонларни пухта ўрганган ва Фарғона давлатидан чиқиб кетишда Овчи, Оббурдон, Матчо қишлоқлари орқали Қоратегин довонидан ошиб, Ҳисор орқали бобомерос Кобулга ўтиб кетган. Оқибат, адолат шиори бўлган Бобур кейинчалик Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида ўтказган катта тўй-издиҳомларидан бирига андижонлик, самарқандлик кўнгил яқинлари билан бирга ҳушёрликларни ҳам таклиф қилади ва ўз таъбирича, “бевилоят ва беватан юрган” чоғларида жонига оро кирган ҳушёрлик қадрдонларига алоҳида иззат-икром кўрсатиб, уларга бошқа мўътабар меҳмонлар қатори чакмон, қимматли сарполар, олтин, кумуш кийимликлар инъом этади".
 
Шунингдек, Бобур Мирзо Сўх дарёси атрофида жойлашган Тул қишлоғи яқинида, тоғ тепасидаги “Санги ойна”га алоҳида эътибор қаратгани, у жойдаги булоқ сувида юз-қўлини ювиб, шу гўзал тоғ оралиқларидан оқиб келаётган шўх дарёга кўприк қургани, у ҳозир ҳам "Бобур кўприги", деган ном билан машҳурлиги кўпчилик зиёлилар ва маҳаллий аҳолига яхши маълум.
 
Бобур назари тушган “Санги ойна” бугунги кунда зиёратгоҳга айлантирилган. Бу Тош ойна ҳақида Бобур шундай ёзади:
 
“Исфаранинг бир шаръисида жануб сори пушталарнинг орасида бир парча тош тушубдур, “Санги ойна” дерлар, узунлиги тахминан ўн қари бўлғай, баландлиғи баъзи ери киши бўйи, пастлиғи, баъзи ери кишининг белича бўлғай, ойинадек ҳар нима мунъакис бўлур”.
 
Бобур Мирзо даврида Ҳушёр – Сўх атрофидаги ноҳия, қишлоқлар -Исфара, Хўжанд, Ўратепа, Боткент, Қадамжой, Зарафшон дарёсининг юқори қисмидаги Боло, Овчи, Оббурдон, Дахкат, Матчо, Ворух қишлоқлари Фарғона ҳудудига кирган, у ерларда шаҳзода Бобур кўп маротаба бўлган. Шунинг учун ҳам Бобурбурчак, Қоровултепа, Бобур кўприги, Бобур намозгоҳи, Тахти Бобур (япалоқ тош) каби улуғ ватандошимиз битиклар ёзган бир неча катта тош таърифи халқ орасида тилдан-тилга ўтиб, асрлар оша бизгача етиб келган. Айни кунларда халқ тилида “Ош тоғи” деб аталувчи маскан ҳам доимо гавжум.
 
–Туманимиз тарихи ҳақиқатдан ҳам жуда қизиқарли, – дейди Сўх тумани ҳокими ўринбосари Бобосодиқ Латипов.– Мана бу Қатрон тоғлари не-не замонларни кўрмаган дейсиз. Қишлоқларимизда зиёратгоҳлар, тарихий қадамжолар жуда кўп. Айниқса, сўлим манзаралар ҳар қандай кишини мафтун этади. Шунинг учун ҳам туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
 
Мустақиллик йилларида туманда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, Чашмадан Ҳушёргача, Ровондан Тулгача, Шарқободдан Малбутгача бўлган барча қишлоқлар замонавий қиёфа касб этди. Улкан янгиланишлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари туман ҳаётида ўз аксини топди. Аҳолига замонавий хизмат кўрсатадиган қишлоқ инфратузилмаси шаклланди. Намунавий лойиҳа асосида қад ростлаган уй-жойлар қишлоққа замонавий меъморлик намуналарини олиб кирди. Муҳими, мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар оддий одамларнинг онгу тафаккурини ўзгартириб, уларда Ватандан фахрланиш, бугунидан мамнунлик ва эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.
 
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
 
Манба: http://uza.uz
Read 5546 times

Мақолалар

Top