Мақолалар

Қаҳрамонлар ҳар кун туғилмайдилар

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Ёшлик” маҳалласида Абдуллоҳ деган одобли-ахлоқли, аълочи ва спортчи бола яшар эди. У 134-мактабда 5-синфда ўқир, синфдошлари орасида намунали хулқи билан ажралиб турар эди. Қиёфаси ҳам ёқимтойгина, хулқи ҳам бинойигина бўлган бу болакайни устозлари ҳам яхши кўрар эди. Чунки у уй вазифаларини ўз вақтида бажарар, ўзлаштира олмаётган синфдошларига ёрдам қўлини чўзар, дарсликларини батартиб тутар эди. Абдуллоҳ дарсдан бўш вақтларида сузиш тўгарагига қатнар, бу ишнинг ҳадисини олиб уста сузувчи бўлиб қолган эди.

Ёш Абдуллонинг Шоҳжаҳон деган синфдош дўсти бор эди. Қувноқ дўстлар ўтган якшанба куни қувалашиб ўйнаб юрган эди. Шунда бирданига Шоҳжаҳон Қорақамишдаги каналнинг устидан ўтган қувурдан ўтмоқчи бўлди. Чунки улар олдинлари шу қувурнинг устидан ўтиб-қайтиб юришар эди. Аммо бу сафар қувур нам тортиб, усти сирпанчиқ бўлиб қолгани боис Шоҳжаҳоннинг оёғи тойиб сувга тушиб кетди. 

Қўққисдан бўлган ҳодиса ошкора жасоратни талаб қилаётганини Абдуллоҳ дарров фаҳмлади: қичқириб одамларни ёрдамга чақириш бефойда – уларнинг келадигани бор, келмайдигани бор; сувдан қўрқадигани бор, қўрқмайдигани бор. Бу ишларнинг тагига етгунча дўсти сувга ғарқ бўлиши тайин.

Абдуллоҳ ҳеч иккиланмасдан эгнидаги кийимларини ечиб ўзини сувга отди. У жон ҳалпида типирчилаётган Шоҳжаҳоннинг олдига сузиб боргунча танаси музлаб бораётганини ҳис қилди. Бироқ совуққа таслим бўлса дўсти чўкиб кетади. Бор кучини тўплаб Шоҳжаҳонни қирғоққа қаратиб суриб борди. Шоҳжаҳон қирғоққа маҳкам тирмашиб олгунча уни қўллари билан итариб, ўзи чўкмаслиги учун оёқлари билан ҳаракатланиб турди. Аммо қаттиқ қўрқиб кетган ва совуққа дилдираётган Шоҳжаҳон ҳа деганда сувдан кўтарилиб чиқиб кета олмади. Уни кўп вақт ушлаб туришга мажбур бўлган Абдуллоҳнинг эса қўллари совуққа увишиб қолди. Шоҳжаҳон кўтарилгандан сўнг ўзи ҳам қирғоққа чиқмоқчи бўлди. Аммо жонсиз бўлиб қолган қўллари ҳеч нарсани тутмади, оёқларининг ҳам мадори қуриб қолди ва унинг ўзи сувга чўкиб кетди.

Абдуллоҳ бу ҳаракати билан дўстлик расмини жойига келтирди. У дўстининг ҳаётини ўзининг ҳаётидан устун билди. У ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатди, ўлимдан чўчимади, аксинча, унинг чангалидан дўстини халос қилди. Унинг орқасидан ота-онаси ва бошқа яқинлари йиғлаб кузтаиб қолишди. Аммо ушбу мусибат аҳли, шунингдек, биз, жамики ўзбек халқининг ҳам кўнглига далда бўладиган битта туйғу бор. Абдуллоҳ бизнинг хотирамизда жасурлик ва фидоийлик тимсоли бўлиб қолади. Ана шу нобуд бўлган ёшгина жоннинг юмилган кўзлари катта ёшдаги кўплаб инсонларнинг ҳам кўзларини очиб кетди. Зотан, қаҳрамонлар ҳар кун туғилмайдилар.

Меҳрибон Парвардигоримиз фарзанд доғига учраган мусибат аҳлига Ўзи берган мусибатдан ортиқ сабру жамил ва ажру савоблар ато қилсин, омийн!

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ матбуот хизмати

 

 

Read 3728 times

Мақолалар

Top