Мақолалар

Шайтоннинг тузоғидан қутилишнинг йўли

Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ “Иҳёу улумуд дин” китобида айтадилар:

Илм ва ибодатсиз саодатга эришиб бўлмайди. Ниятсиз амал қилиш (самарасиз) машаққат чекишдир. Ихлоссиз ният эса, риёдир. У мунофиқликка ўхшайди, Аллоҳнинг амрига бўйсунмасликнинг ўзгинасидир. Сидқидилдан қилинмаган ихлоснинг натижаси сочиб юборилган тўзон каби фойдасиздир.

وَقَدِمْنَا إِلَىٰ مَا عَمِلُوا مِنْ عَمَلٍ فَجَعَلْنَاهُ هَبَاءً مَنْثُورًا

(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби фойдасиз) қилиб қўйгандирмиз” (Фурқон сураси 23-оят).

 

 قَالَ رَبِّ فَأَنظِرْنِي إِلَى يَوْمِ يُبْعَثُونَ (36) قَالَ فَإِنَّكَ مِنَ الْمُنظَرِينَ (37) إِلَى يَوْمِ الْوَقْتِ الْمَعْلُومِ (38) قَالَ رَبِّ بِمَا أَغْوَيْتَنِي لأُزَيِّنَنَّ لَهُمْ فِي الأَرْضِ وَلأُغْوِيَنَّهُمْ أَجْمَعِينَ (39) إِلاَّ عِبَادَكَ مِنْهُمُ الْمُخْلَصِينَ 40

Иблис: “Эй Раббим, менга улар тириладиган Кунгача муҳлат бер, менинг жонимни олмай тур, – деди. Аллоҳ: “Сенга муҳлат берилди”,- деб айтди. Бунга “шукр” сифатида Иблис шундай деди: “Энди мени йўлдан оздирганинг сабаб, мен уларнинг барчасини йўлдан адаштираман, уларга Ер юзида гуноҳ ва маъсиятларни зийнатлаб кўрсатаман, илло булар ичида содиқ, мухлис бандаларинггагина бас кела олмасман, чунки уларнинг иймонлари, Сенга бўлган ишончлари кучли. Шунда Аллоҳ деди: “Менинг зиммамдаги Тўғри Йўл шудир”. Яъни: Эй Иблис, менинг мухлис бандаларимни йўлдан оздира олмаслигинг Менинг ҳикматим, адолатим ва раҳматимдир.

“Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай ҳукмронлик йўқдир”, яъни: Менинг ихлосли бандаларимни Тўғри Йўлда чалғитишга қудратинг етмайди.

“Илло сенга эргашган гумроҳларнигина(йўлдан оздира олурсан)”. Яъни: Лекин фақатгина адашиб, сенга эргашган одамлар орасидаги иймони заиф бўлган кимсаларнигина Тўғри Йўлдан оздира олурсан (Ҳижр сураси 36-40-оятлар).

Ушбу оятдан малум бўлдики, шайтон васваса, гуноҳ ишларни зийнатли қилиб кўрсатиш орқали ҳаммани йўлдан оздира олиш имконига эга экан, лекин ихлосли мўминларни ҳеч қачон тузоғига илинтира олмаслигини тан олган.

Модомики мўминни шайтон чангалидан фақат унинг ниятининг холислиги ва Аллоҳнинг розилигини истаб қилган амалларигина қутқара олар экан, хўш, ихлоснинг ўзи нима?! Мўмин қандай қилиб унга эриша олади?!

Ихлос – бу амални фақат Аллоҳнинг розилиги учун қилиш, Ундан бошқа бирор нарсани мақсад қилмасликдир.

Ихлос – бу ибодатларда Аллоҳ таолони яккаю ягона деб билишдир.

Ихлос – бу халқнинг назарини буткул унутиб, хамма вақт Холиқнинг кўриб туришини ҳис қилишдир.

Ихлос – бу амал қабул бўлишининг асосий икки шартларидан биридир.

 الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ

Сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир (Мулк сураси 2-оят).

Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ояти каримадаги “чиройлироқ амал” дан мурод – бу холисроқ ва шариат ҳукмларига мувофиқроқ амалдир, – деди. У зотдан:

– Эй Абу Али, холисроқ ва шариат ҳукмларига мувофиқроқ амални бизга тушунтириб беринг, –деб сўрадилар.

– Агар амал холис бўлиб, шариат ҳукмларига мувофиқ бўлмаса қабул бўлмайди. Шунингдек, шариат ҳукмларига мувофиқ бўлиб, холис Аллоҳнинг розилиги учун қилинмаса, ундай ҳолда ҳам мақбул эмас, – деди ва Қуръондаги ушбу икки оятни ўқиди.

فَمَنْ كَانَ يَرْجُو لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا

 “…Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин! (Каҳф сураси 110-оят).

Шариат ҳукмларига мувофиқ қилинмаган амалларнинг “ҳоли”  Қуръони Каримда қуйидагича зикр қилинади:

وَقَدِمْنَا إِلَىٰ مَا عَمِلُوا مِنْ عَمَلٍ فَجَعَلْنَاهُ هَبَاءً مَنْثُورًا

(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби фойдасиз) қилиб қўйгандирмиз” (Фурқон сураси 23-оят).

Агар банда бир амал қилса (гарчи унинг амали жуда кичик бўлса ҳам…), унга икки қайднома очилади. Биринчиси, “У ушбу амалини нима учун қилди? Аллоҳнинг розилиги учунми ёки бирор дунё матосига  эришиш учунми?” Иккинчиси, “У ушбу амалини қандай қилди?” – деган савол бўлади.

Биринчи савол амалнинг сабаби ҳақида бўлади. Бу имтиҳондан муваффақиятли ўтишнинг ягона йўли амални холис Аллоҳнинг розилиги учун қилишдир.

Иккинчи савол амалнинг кайфияти ҳақида бўлади. Бундан ўтишнинг йўли эса, амални Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ қилмоқликдир.

 

Авазхўжа БАҲРОМОВ

Тошкент тумани “Холмаҳаммад ота”

 жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати 

Read 4493 times

Мақолалар

Top