Мақолалар

Нафсига қул бўлганлар...

«Зинога яқинлашманглар.

Чунки бу бузуқлик ва энг ёмон йўлдир»

(Исро сураси, 32- оят)

Яқинда ижтимоий тармоқларда бир видеотасвир тарқади. Унда ҳуқуқ-тартибот органлари ўтказган тадбирда жамият ҳамда соғлом авлоднинг кушандалари – фоҳишаларнинг қўлга олингани ҳақида сўз борган. Аниқланишича, улар ижтимоий тармоқларга уя қуриб, хусусан, “телеграм”га ўзларининг беҳаё суратларини жойлаш орқали мижоз қидирган. Ва навбатдаги мижозни овламоқчи бўлган чоқда жиноят устида қўлга олинган.

Бундай ҳодисани эшитган кишининг уялганидан юзи қизариб кетади. Уларнинг юзининг териси нимадан экан, тавба қилдик. Ўзи бу каби шармандалик қачондан бошлаб жамиятимизга суқилиб кирди? Ахир миллатимизнинг тийнати поклигидан одамларимиз ундай бузуқи нарсаларни хаёл ҳам қилмайди-ку!  Гуноҳ, разолат, юртдан барака қочади...

Улар ўзларича енгил-елпи йўллар билан пул топмоқчи бўлиб, бу каби ҳаром ишларни ўзларига касб қилиб олибди. Ахир дунёси ва охирати ҳақида қайғурмайдими? Бу дунёда шарманда-ю шармисор бўлиб, охиратда эса аламли азобга учрашидан қўрқмайдими? Уларнинг умри шу қадар узунми!.. Арзимаган пулни деб дунёю охиратини сотиш мисли кўрилмаган нодонлик, жоҳилликдир. Улар бу ишлари билан нафақат ўзларининг инсонлик шаънини оёқ ости қиляпти, балки ўсиб келаётган ёш авлоднинг тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ахир ижтимоий тармоқларда ҳозир ким кўп? Ёшлар, албатта. Улар гулдек покиза ёшларни йўлдан уриб, ўзларининг гуноҳларига шерик қилишни ният қилган. Шунингдек, арзимаган пул учун ота-она, қариндошлар, маҳалла-кўйнинг шаънига таҳдид қилаётир. Ватанининг порлоқ келажагига ҳисса қўшиш ўрнига оёғига болта урмоқчи. Дарвоқе, нафсининг қулига айланган кимсаларда Ватанни севиш туйғуси бўладими, ўзи?

Шариатимизда зино, энг оғир гуноҳ ва шармандалик ишлардан ҳисобланади. Чунки бу жиноятларда инсоннинг шаънини топташ, соғлом жамият қуришга хавф солиш бор. Зинонинг натижасида насл бузилади, касалликлар кўпаяди, юртдан барака қочади, ташлаб кетилган ногирон болалар пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам Ислом дини зинокорларга энг оғир жазоларни белгилаб қўйган.

Ислом дини беш нарсани қаттиқ муҳофаза қилади: ақл, насл, жон, дин, мол. Шунинг учун Аллоҳ таоло ана шу беш нарсага тажовуз қилганларга дунёю охиратда қаттиқ жазо борлиги ҳақида ҳам огоҳлантириб: «Зинога яқинлашманглар. Чунки бу бузуқлик ва энг ёмон йўлдир» (Исро сураси, 32- оят), деб буюради.

Нур сурасида эса: «Зинокор аёл ва зинокор эркак улардан ҳар бирига юз даррадан уринглар...» - деб, уларнинг бу қилмишларига бериладиган жазо нақадар оғирлигини айтади.

Ояти кариманинг давомида эса: «Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланур. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эркак никоҳланур. Бу мўминларга ҳаром қилинмишдир», деб уларни соғлом кишилардан ажратади. Оятдан аён бўладики, зино каби разил ишларни қилиб юрган инсон ҳеч қачон покдомон аёлга уйлана олмайди. У ишларни қилиб юрган аёл эса, ҳеч қачон покиза бўлган эрга тега олмайди. «Мен покдомонидан топаман» деб хомхаёл қилиши мумкин. Бироқ ким кимни топишини Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳал қилади.

Ато раҳимаҳуллоҳ жаҳаннам ҳақидаги: «Унинг еттита дарвозаси бўлур» (Ҳижр, 44), оятининг тафсирида: «Бу дарвозаларнинг энг ғам-ташвишли, қайғули, энг иссиғи ва энг бадбўйи – билатуриб зино қилган зинокорлар кирадиган дарвозадир», дейди.

Миллий қонунчилигимизда фоҳишалик қатъиян тақиқланган. Ўтган йили қайта-қайта рейд тадбирлари ўтказилгани, бу ёмон йўлдан енгилтакларнинг қайтаргани кимларгадир камлик қилган чоғи. Бундай нобакорларга барчамиз, бутун жамият бирга курашмоғи лозим. Ахир, уларнинг қилмиши сабаб, болалар уйларида йилдан йилга болалар сони кўпаймоқда. Насл аралашиб кетиш хавфи тобора ортиб бормоқда. Бу эса эртага соғлом фарзанд дунёга келтириш, соғлом авлод тарбия қилишдек олижаноб вазифага хавф солади. Ахир ўша пулни тўғри юриб, тўғри ишлаб, меҳнат қилиб топса ҳам бўлади-ку. Нега энди айнан шу йўл билан топиш керак?! Ахир тўрт муччаси соғ инсон, айниқса, бугунги кундек кенг имкониятлар яратилиб берилаётган бир даврда ғайрат билан ишлаши керак эмасми? Юртбошимиз хусусан, аёлларга хусусий тадбиркорликлар қилишга ҳам имкониятлар яратиб беряптилар-ку.`

Бу йўлда барчамиз бирдек курашар эканмиз, иншоаллоҳ Аллоҳ таоло ажр-мукофотларни зиёда қилиб беради. Зеро, она юртни, дунёни ислоҳ қилиш улуғ бўлган хайрли ишлардандир. Мўмин-мусулмон инсон, ҳеч қачон атроф-муҳитга бефарқ бўлмайди. Доимо сергак, огоҳ бўлади. Ёмон ишни кўрса, уни қайтаришга уринади. 

Ҳуқуқ-тартибот органларидан эса ижтимоий тармоқларда ҳозирги кунда кенг тарқаган беҳаё гуруҳ ва каналларни назоратга олишларини сўраб, уларни йўқ қилишларида Аллоҳ таоло ғайрат-шижоат беришини дуо қилиб сўраймиз.

Аллоҳ таоло бутун дунёни, хоссатан, она заминимизни бу каби беҳаёликлардан ўз паноҳида асрасин. Адашиб қолганларнинг тўғри йўлга қайтишларига Ўзи тавфиқ берсин!

Бахтиёр НАЖМИДДИНОВ,

Тошкент Ислом институти талабаси

ЎМИ матбуот хизмати

 

Read 5515 times

Мақолалар

Top