Мақолалар

Тежамкор муҳтож бўлмас

Абдуллоҳ бин Масуъд  розияллоҳу анҳу   Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламдан   ривоят қилади: “ Ким тежамкор бўлса, муҳтож бўлмас”.( Имом Ахмад ривояти)

Ким мол дунёсини сарфлашда исроф ва зиқналикка берилмаса у киши ҳеч қачон бировга муҳтож бўлмас. Агар исрофгар бўлса тез орада қўлидаги бойлигидан айрилади. Иқтисодни билмаганлиги туфайли кечагина бой бадавлат бўлган инсон бугун бировларнинг қўлига қараб қолиши ҳам мумкин.  Аксинча зиқналиги туфайли  бор будидан айрилиб, ўзига ўхшаш зиқналарнинг  қарамига айланиб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам Мўмин киши тежамкорликни билиши ва ҳар доим мўътадилликни лозим тутиши керак.  Бу эса ўз ўрнида тадбиркорлик деб аталади.  Ҳақиқий тадбиркор ким? Дунёдаги энг бой кишиларми? Ёки кўпчиликни иш билан таъминлаган кишими? Балки юқори мансабларда ишлаётганлардир?

Ҳақиқий асл тадбиркор ким эканлигини куйидаги ояти каримадан билиб оламиз.

 وَابْتَغِ فِيمَا آَتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآَخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِنْ كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ

Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас», – дедилар.

Ҳа азизлар ҳақиқий Мўмин ҳақиқий тадбиркордир. Чунки у нафақат ўзининг охирати балки, дунёсини ҳам унутмайди. Мазкур амалларни бажариш асносида эса ҳаммага бирдек манфаат келтиради. Аллоҳ берган мол-дунёдан инфоқ эҳсон қилади. Нафақат ўз юртида балки, бутун дунёда бузғунчилик қилмайди ва албатта бузғунчилик қиладиганларга хайрихохлик ҳам қилмайди. Чунки у Мўмин Аллоҳнинг  суюкли бандаларидан бўлишни хохлайди. Бошқаларга ҳар тарафлама ёрдам беришни , уларни қўллаб қувватлашни ўзининг мўминлик бурчи деб билади.

 قُلْ إِنَّ رَبِّي يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَيَقْدِرُ لَهُ وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ شَيْءٍ

فَهُوَ يُخْلِفُهُ وَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ

Айтинг: «Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир».

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада барча махлуқот мавжудот ва бандаларнинг Яратувчиси эканлигига эътиборимизни қаратмоқчи. Албатта Аллоҳ таоло хохласа барча бандаларини бой бадавлат қилиб қўйиши ҳам мумкин, лекин бандаларини ўзаро меҳр муҳаббат, гўзал муносабат билан яшамоқликларини ирода қилган. Шунинг учун ҳам уларнинг баъзисини ризқини кенг қилиб, баъзисини ризқини эса тор қилиб қўйган. Сўнгра бой бўлганларга муҳтожлар учун доимо ёрдам қўлини чўзиб, уларни моддий тарафдан қўллаб – қувватлаб турмоқликка буюрган. Токи бойлар билан муҳтож бўлганлар ўртасида ўзаро самимий алоқалар боғлансин. Бойлар Аллоҳнинг йўлида эҳсон қилишни ўрганиб, саҳоват кўрсатишни ҳаёт тарзига айлантирсинлар. Қолаверса мазкур қилаётган эҳсонларини зинҳор миннат ёки тана қилмасинларки, унинг манашундай бой бадавлат бўлиши Аллоҳнинг хохишидир. Мазкур ҳолат билан фахрланиб кибр ҳаво қилмасинки, Аллоҳ  хохласа ҳозирги ҳолатни мутлақо аксини ҳам қилиб қўйиши мумкин. «Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур”. Демак бир кишининг бой ёки камбағал бўлиши Аллоҳнинг иродасига боғлиқ экан, ҳеч кимни ўз ҳолатидан мағрурланиб кибрга кетиши, ёки аксинча камбағаллигидан норози бўлиб шикоят қилишига ҳаққи йўқ.

Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур.

Одатда бойлар молу дунёга ҳирс қўйиб фақатгина ўзим бўлсам дейдилар. Аллоҳ таоло эса улардаги мазкур иллатларни муолажаси ўлароқ молиявий ибодатларни жорий қилган. Фақирларда эса бойларни кўраолмаслик иллати мавжуд бўлади. Аллоҳ таоло улардаги мазкур иллатни ҳам бойларнинг саҳовати туфайли муолажа қилади. Одатда ҳар қандай жамият аҳолиси ҳам молиявий тарафлама табақаланади, бундай ҳолатдан мутлақ қутилишни ҳеч ҳам имконияти йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсониятни бир – бирига нафақат меҳрли оқибатли балки ,молиявий тарафлама ҳам ўзаро ёрдам берган ҳолда яшамоқликка буюради. Бойларни асосан саҳоват қилишдан қайтариб турадиган тушунча бу, камбағал бўлишдан қўрқувдир. Бу тушунчани ҳам Аллоҳ рад этиб: “бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир», деган.

Нима учун (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур, дейилди? Чунки қилинган эҳсон Аллоҳ учун қилинди. Суратан бир банданинг қўлига берилган бўлсада маънан Аллоҳнинг зиммасига ўтди. Аллоҳ таоло бирор нарсани Ўз зиммасига олгандан кейин уни ўрнини ундан кўра яхшироғи билан қайтариши тўғрисида бирор шубҳа бўлиши мумкинми?

 مَنْ ذَا الَّذِي يُقْرِضُ اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا فَيُضَاعِفَهُ لَهُ أَضْعَافًا كَثِيرَةً

Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса?

Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламга бир қўй ҳадия қилинди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо уни садақа қилиб юбордида Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам учун у қўйнинг бир қўлини олиб қолдилар.  Чунки Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам айнан қўйнинг қўлини яхши кўришларини билар эди. Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам қайтиб келдиларда: “ эй Оиша! Қўйни нима қилдинг? Деб сўрадилар. “ Қўлидан бошқа ҳаммасини садақа қилиб юбордим”, деди. Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам: “ Балки қўлидан бошқа ҳаммаси қолибди”, дедилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4525 times

Мақолалар

Top