Мақолалар

Келинингиздан яширинча ўғлингиз билан суҳбатлашманг, келинингиз хавотирга тушмасин. Унинг ишончини қозонинг. 

Қайнона ўғли ва келини ўртасидаги алоқага, мувозанатга эътибор қилишга мажбур. Келини ҳақида бошқаларга гап ташиш, унинг ғийбатини қилиш унга асло ярашмайди. Ҳатто ўғлига ҳам келинини ёмонлаши нотўғри. Келин йўқлигида ёки у бошқа хонага ўтганида дарров у ҳақида ўғлига гап етказиш ақлли қайнонага хос эмас. Бундай вазиятда келин эрига ҳам, қайнонасига ҳам ишонмай қўяди. Ҳатто эри билан қайнонасини бирга кўришни истамайди. Шу боис имкони борича қайнона ўғли билан яширинча гаплашмаслиги керак. Келиннинг камчилиги бўлса, буни ўғлига ҳам айтиб ўтирмай, келини билан юзма-юз гаплашиб олиши, тушунтириш йўлидан бориши керак. Бизга ишонган инсон қилган насиҳатларимизни тинглайди, истакларимизни бажаради. Агар ишончни йўқотган бўлсак, қанчалик уринмайлик, қанчалик жанжаллашмайлик, истакларимизни бажармайди, насиҳатларимизга қулоқ солмайди. 

Аксарият ҳолларда келинларда қайнонасига нисбатан қўрқув бўлади. Ҳар бир турмушга чиққан қизда бу туйғу ижтимоий ҳодисаларнинг таъсирида онг остида мавжудлигини давоб эттирмоқда. “Қачон жанжаллашамиз? Қачон қайнонам менга қаҳрини сочади? Қачон келишмай қоламиз?” каби қўрқув, афсуски, мавжуд. Оилавий жанжалларнинг аксарияти қайнона-келин ўртасидаги келишмовчиликдан келиб чиқади. 

Жамиятда келини билан яхши чиқишадиган ва уни қизидек кўрадиган қайноналар ҳам йўқ эмас. Бундай қайноналар келини ўзини бегона ҳис этишига йўл қўймайди. Ҳатто ўғли келинига нисбатан ноҳақлик қилаётган бўлса, дарҳол келинини ҳимоя этади. Бу фақатгина покиза, софдил ва ахлоқли оналарга хос фазилатдир. Ҳар икки оила аъзоларига, келин ва куёвга саодат ёр бўлишини тилайман! 

“Бахтли оила” китоби асосида тайёрланди

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4220 times

Мақолалар

Top