Мақолалар

Ҳали ҳам генетик модификацияга ишонасизми?

2016 йил Бихара штати SRIни кенгроқ амалга жорий этиш учун 50 млн. АҚШ доллари ажратмоқчи бўлди. Бунинг учун қўшимча ёрдам топиш чораларини ҳам излади.  Вазирлик вакили фермерларни бу методга қўшимча ўқитиш зарурати ҳақида гапирар экан, “Бизнинг бу борадаги энг катта муаммомиз – одамлар бу методни ўрганишга чанқоқ, аммо ўқитувчилар етишмаётир”, деди.

SRIга ўхшаган агроэкологик метод ўз натижасини кўрсатиб ҳосилдорлик рекорд даражасига етиб турган паллада Европадаги давлат ташкилотлари  ва фондлари ана шу самарали методни қўллаб-қувватлашга сира ҳам шошилмади, ҳозир ҳам шошилаётгани йўқ. Чунки ўша давлатларнинг биотехнологик компаниялари эса жаҳонни очликдан қутқаришнинг ягона воситаси сифатида генетик модификация (ГМО) сифатида пестицидга қарамликни фаоллик билан илгари сурмоқда.

Боз устига генетик модификацияланган организмлар атрофида ҳар доим шовқин кўтарилиб туради. Ўтган уч ўнйиллик ичида ГМО устидан ўтказилган тадқиқотларга миллиардлаб доллар сарфланганидан сўнг сунъий шароитда ўстирилган трансген экинлар гўёки ҳосилдорликнинг ошишига умид уйғотмоқда. Айни чоқда ГМО учун гербицидларнинг қўлланиши тез суръатларда ошиб бораётир. Чунки уларнинг аксари жуда кўп миқдордаги химикатларга чидамлиликка лойиҳалаштирилган. Бу тасодифий ҳодиса эмас, ахир трансген уруғларни жаҳон миқёсида етиштирувчилар пестицидларни ишлаб чиқарувчи компаниялардир.

 Бугунги кунда кичик фермерлар дунё бўйича 80 фоиз қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиради. Ҳиндистон қишлоқларида яшовчи Сумант Кумарга ўхшаган фермерлар эса янги, оммавий “яшил инқилоб”ни амалга ошириб, дунё аҳолисини ростакамига боқишга қодир бўлган методни намойиш этди.

***                                  

Эътибор қилган бўлсангиз, юқорида биотехнологик компаниялар ва ГМОлар ҳақида ҳам гап борди. Генетик модификацияланган организмлар ҳақида сўз юритишдан олдин уларни етиштирувчи компанияларнинг энг пешқадами ҳақида икки оғиз сўз:

 Ўтган аср сўнгларида дилбар шоиримиз, марҳум Муҳаммад Юсуф бир шеърида:

Бир куни ажойиб замон келади,

Танкалар далада пахта теради –

 дея самимий орзусини ифода этган эди. Замоннинг зайлини қарангки, унга илҳом бағишлаган ана шу олийжаноб туйғу ҳаётда бўлган ҳам экан-у, аммо, таассуфки, вазият у орзу қилгандек самимиятга йўғрилмасдан бошқачароқ, яна ҳам аниқроғи, ғаразлироқ тарзда кечган экан. Буни “Монсанто” компанияси фаолияти тасдиқлайди.

Монса́нто – биотехонологик ўсимликлар етиштириш бўйича дунёдаги энг пешқадам трансмиллий компания. Асосий маҳсулотлари – жўхори, соя, пахтанинг модификация қилинган уруғлари, шунингдек, дунё бўйлаб кенг тарқалган “раундап” номли гербициддир.

Компанияга ўттиз йилдан ортиқ доришунослик соҳасида ишлаган Жон Франсис Куини 1901 йил асос солган ва уни турмуш ўртоғининг қизлик фамилияси билан “Monsanto” деб атаган. 1928 йил компания бошқаруви унинг ўғли Эдгар Монсанто Куини қўлига ўтган. 2013 йилда компанияда 21900 ходим ишлаган. Ўша йилда компаниянинг айланма обороти 14,861 миллиард АҚШ долларини; йиллик соф фойдаси 2,482 миллиард долларни ташкил этган.

“Глифосат” деб аталган Roundup – маркали гербицидни «Монсанто» ходимлари ихтиро қилган ва 1970 йилларда бозорга чиқарган.

 2005 йилнинг март ойида “Монсанто” сабзавот ва мевалар уруғини етиштиришга ихтисослашган йирик уруғчилик компанияси “Seminis”ни ўз таркибига қўшиб олади. 2007-2008 йиллар ичида дунёдаги 50 та уруғчилик компаниясини “ютиб” юборади ва бу иши учун жиддий танқидга учрайди. Жамоатчилик ва ОАВ уни биоқароқчилик ва сайёранинг биотурланишига хавф солаётганликда айблайди.

1960 йилларда “Монсанто” ишлаб чиққан ўсимликларни дефолиация қилишда қўлланиладиган «Агент Оранж»  Вьетнам урушида кимёвий қурол сифатида ишлатилади. Бунинг учун 1984 йил компания америкалик Вьетнам уруши ветеранларига компенсация тўлашга мажбур бўлади. Вьетнам жамоатчилик вакиллари тарқатган хабарга кўра, диоксиндан заҳарланган уч миллион вьетнамликнинг бир миллиондан ортиқ авлоди 2008 йилга келиб, ўн саккиз ёшида туғма ногирон бўлиб қолган. Аммо компания вьетнамлик жабрдийдаларга компенсация тўлашдан бош тортган. Ўша кезларда компаниянинг Аннистон шаҳрида жойлашган заводи АҚШнинг полихлор бифенил ишлаб чиқариш бўйича энг катта заводи ҳисобланган. Завод қирқ йил давомида шаҳар ичидан оқиб ўтадиган дарёга заҳарли чиқиндиларини оқизиб келган. Бунинг оқибатида шаҳар аҳолиси ёппасига ўла бошлаган. 2002 йил суд “Монсанто”га шаҳардаги заҳарланиб ўлганлар оиласига ҳамда касалликка чалинганларга 700 миллион доллар компенсация тўлашни юклаган. Даъвогарлар шаҳар аҳолисидан 20 000 киши эди.

1982 йил “Монсанто”нинг бир гуруҳ тадқиқотчилари (Robb Fraley, Robert Horsch, Ernest Jaworski, Stephen Rogers) фанда биринчилардан бўлиб ўсимликларнинг генетик трансформациясини амалга оширди. Ана шу ихтироси учун 1998 йил АҚШнинг Технология учун миллий медали билан тақдирланди.

1987 йил “Монсанто” илк бора генетик модификация қилинган ўсимликларни дала шароитида тажриба қилиб кўрди.

1996 йил қишлоқ хўжалиги учун муҳим бўлган соя ва пахтанинг генетик модификация қилинган уруғи жаҳон бозорига илк дафъа олиб чиқилди. 

“Монсанто” – кўп йиллик тадқиқотлари натижасида маълум маънода инсон ва ҳайвон организмига зарари бўлмагандек кўринаётган маҳсулотлар етиштиришга эришган бўлса-да, ҳар доим генетик модификацияга қарши бўлганлар танқидига учраб келади. Чунки  компания етиштирган маҳсулотлар инсонларга ҳозирча зарар етказмаётгандек кўринаётгани уни буткул зиёнсиз деб хулоса чиқаришга асос бўла олмайди. Шу боисдан вақти-вақти билан дунё миқёсида компания сиёсатига қарши намойишлар бўлиб турибди. Жумладан, 2013 йилнинг 25 майида “Монсанто” компанияси ва унинг ГМОларига қарши бўлиб ўтган намойишда 52 мамлакатнинг 436 шаҳридан 2 миллион одам иштирок этди. 2014  йилда ҳам худди шундай намойиш ўтказилди (https://ru.wikipedia.org/wiki/Monsanto_Company).

2015 йил Халқаро ракни ўрганиш агентлиги глифосат (“раундап” номли бутун дунё бўйича қўлланиладиган гербицид) моддаси устидан ўтказилган тадқиқот натижасини эълон қилди. Тадқиқот ишида бу модда 700 хилдан ортиқ, озиқ-овқат маҳсулоти таркибида мавжуд экани, бу рўйхатда нон ҳам борлиги маълум бўлди. Ҳайвонлар устида ўтказилган тадқиқотлар глифосат ДНКда мутация чақириши, хромосомаларни зарарлаши, рак пайдо бўлишига шароит яратишини кўрсатди. Компания буни рад этиб, “Агар ундан тўғри фойдаланилса,(?) инсон саломатлигига зарар етказмайди”, деди.

 

(Давоми бор)

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4442 times
Tagged under

Мақолалар

Top