Мақолалар

Имом Бухорий ҳифзининг кенглиги

Ҳошид ибн Исмоил деди: “Бухорий биз билан Басра шайхларининг дарсларига қатнар эди, у пайтда ҳали йигит эди. Бир неча кун ўтса ҳам у ёзмас эди. Ўн олтинчи кундан кейин уни маломат қилдик. У: “Кўп гапирдинглар, қани ёзган нарсаларингни менга кўрсатинглар-чи”, деди. Ёзган ҳадисларимизни унга кўрсатган эдик, у 15 мингта ҳадис зиёда қилди. Уларнинг барчасини ёддан ўқиди. Ҳаттоки, биз унинг ёдлаганларидан ўзимизникини тўғрилаб олдик”.

Муҳаммад ибн Азҳар Сижистоний деди: “Сулаймон ибн Ҳарбнинг мажлисида бўлдим. Бухорий ҳам биз билан эшитар эди, лекин ёзмас эди. Талабалардан биридан: “Унга нима бўлган, нега ёзмайди?” деб сўрашди. У: “Бухорога қайтиб бориб, ёддан ёзади”, деб жавоб берди.

Ибн Адий Ҳофиз деди: “Бағдоднинг бир неча машойихлари шундай деяётганларини эшитдим: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий Бағдодга келибди. Унинг келганини ҳадис соҳиблари эшитиб, жамланиб унинг ҳифзини имтиҳон қилиб кўришни хоҳлашибди. Кейин юзта ҳадисни таёрлашибди ва уларнинг матнларини ҳамда санадларини алмаштириб қўйишибди. Бир исноднинг матнини бунисига, бошқа исноднинг матнини эса бунисига қилишибди. Бу матннинг иснодини бошқа бошқа матнга ўзгартириб қўйишибди. Уларни ўн кишига бериб, ҳар бир кишига ўнтадан ҳадис беришибди. Мажлисга борганда уларни Бухорий айтиб беришини айтишди. Мажлис учун ундан ваъда олишди. Уларнинг барчалари мажлисда ҳозир бўлишди. Хуросон аҳлидан бошқа жамоалар ҳам келиб, улардан ташқари Бағдоддан ҳам одамлар келди. Одамлар хотиржам бўлиб олганларидан сўнг ҳалиги ўн кишидан бири сўз бошлаб, тайёрлаб қўйилган ҳадислардан бир ҳадисни сўради. Бухорий: “Мен уни билмайман”, деди. Шу йўсинда бирма-бир савол сўрардилар, Бухорий эса, ҳар бир сўровчига “Мен уни билмайман”, дер эди. Мажлисга келган уламолар бир-бирларига қараб қўяр эдилар ва “У одам тушунди”, дер эдилар. Нима бўлганини англамаганлар эса, Бухорийнинг ҳолатини ожизликка йўйдилар, хатога йўл қўйди ва ҳифзи яхши эмас экан, деб гумон қилдилар.

Сўнг ўша ўн кишидан бири чиқиб, ўша чалкаштирилган ҳадислардан бири ҳақида Имом Бухорийдан сўради. Имом Бухорий: “Билмайман”, деди. Кейин бошқаси ҳақида сўради. Имом Бухорий: “Билмайман”, деди. У шундай қилиб ўнта ҳадисни бирма-бир сўради. Бухорий эса, унга “Билмайман”, деб турди.

Сўнг учинчи, тўртинчи... ўнинчи муҳаддис чиқиб, чалкаштирилган ҳадисларнинг барчасини сўраб бўлишди. Бухорий эса, “Билмайман”дан нарига ўтмасди. Улар ҳадисларини айтиб бўлишганларини билгач, биринчи ҳадис айтган кишига юзланиб: “Сен биринчи ҳадисни бундай айтдинг, тўғриси бундай бўлади, иккинчи ҳадисни бундай айтдинг, тўғриси бундай бўлади” деб, ўнта ҳадисининг хатосини ва тўғрисини айтиб берди. Ҳар бир матнни ўз санадига, ҳар бир санадни ўз матнига қўйди. Бошқаларга ҳам шундай қилди. Шунда одамлар унинг ҳифзига тан бердилар, унинг фазлини эътироф этдилар”.[1]

Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: “Бу ўринда Бухорийга тан берилади. Унинг хатоларни тўғрилаб қўйишидан ажабланилмайди, балки ўша одамлар айтган хатоларни ҳам бир мартада эслаб қолганидан ажабланса бўлади”.[2]

Муҳаммад ибн Ҳамдуя айтади: “Бухорийнинг бундай деганини эшитдим: “Юз минг саҳиҳ ҳадисни, икки юз минг саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёд биламан”.[3]

Варроқи ундан бир куни: “Ҳифзнинг бирор давоси борми?” деб сўради. Бухорий: “Ҳифзга кишининг жуда қизиқиши ва доимий қараб туришдан бошқа даво билмайман”, деб жавоб берди.

Бухорий деди: “Саҳиҳ ҳадисни заиф ҳадисдан ажратмагунимча, раъй аҳлининг китобларини ўқиб чиқмагунимча, ҳадисдан дарс беришга ўтирмадим. Басрада бирорта ҳадис қолдирмай ёзиб келдим”.[4]

У яна дейди: “Керакли нима бўлса, ҳаммаси Қуръон ва суннатда бор, деб биламан”. Ундан: “Буни билиш мумкинми?” деб сўрашди. У: “Ҳа”, деб жавоб берди.[5]

 

Ҳасан РАСУЛОВ,

Ҳадис мактаби ўқитувчиси 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Жамолиддин Қосимий.Ҳаёт ал-Бухорий.-Байрут.Дорул нафоис,1992.16-20-бетлар.

Read 4055 times

Мақолалар

Top