Мақолалар

Бургутлар

Бургутлар яралганидан куч-қувват, зафар ва эрк рамзи бўлиб келган. Бургут кўз етмаган баландликларда бургутлар билан ёки ёлғиз учади. Асло ва асло бошқа қушларга аралашмайди. Кўзлари ўткир бўлади, ўлжасини беш минг метр юқоридан кўради ва қўлга киритмагунича ундан кўзини узмайди.

Бургут ўлимтик емайди, балки ўлжани ўзи овлайди. Емишнинг янгисини излайди.

Бўронли, ёмғирли ҳавода учишдан қўрқмайдиган қушдир. Бундай ҳаво, аксинча, унинг шижоатини қўзғайди. Шамолли вазиятдаги ҳаво босимини фойдаси учун ишлата олади. Бу ҳол унга қанотларини кўп ҳам қийнамасликка имкон беради.

Бургут хонимлар бургут жанобларни қайта-қайта синаб, шундан кейингина турмуш ўртоқликка қабул қилади.

Бургутларчалик инини юқорига қурадиган ва уни қаттиқ ҳимоялайдиган бошқа қуш йўқ.

Бургут болаларини ўта қаттиққўллик билан учишга ўргатади. Вақти етиб, полапонини индан ташқарига улоқтирар экан, дангасалик қилиб яна “иссиқ уйларига” қайтиб келмасликлари учун она бургут инини бузиб ташлайди.

Одатда бургут етмиш йил яшайди. Лекин қирқ ёшга борганида тирноқлари узайиб, патлари жуда ўсиб, учишига халақит бера бошлайди. Шунда ажойиб бир ҳодиса юз беради: бургут қояга жойлашиб, тумшуғи ва тирноғи билан қоятошни тирнай бошлайди, бу орада эски патларини ҳам юлиб ташлашга улгуради. Беш ой ичида янги тумшуқ, янги тирноқ ва янги пат ўсиб чиқади. Янгиланиш бургут учун ҳаёт-мамот масаласидир.

 Акмал АВАЗ

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 8110 times

Мақолалар

Top