Мақолалар

Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кимлар жаннатга киради?
  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бош тортганлардан ташқари умматимнинг ҳаммаси жаннатга киради?” дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бош тортганлар кимлар?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Ким менга осий бўлса, бош тортган бўлади”,дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар, саломни кенг ёйинглар, таом улашинглар, силаи раҳм қилинглар ҳамда одамлар ухлаётган пайтда намоз ўқинглар, хотиржам жаннатга кирасизлар”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:“Кимки учта фарзандини йўқотганига савоб умидида сабр қилса, жаннатга киради”. Шунда бир аёл: “Агар иккита бўлсачи?” деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иккита бўлса ҳам”, дедилар (Имом Насоий, Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

 

  1. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:“Икки хислат борки, қайси мусулмон ўша хислатларда бардавом турса, жаннатга киради. У иккиси осон, аммо уни қилувчилар оздир. Биринчиси, ҳар бир намоз ортидан 10 та тасбеҳ, 10 та ҳамд, 10 та такбир айтади. Булар тилда 150 та, тарозуда эса 1500 та бўлади. Иккинчиси, тўшакка ётиш олдидан 34 та такбир, 33 та ҳамд, 33 та тасбеҳ айтади. Булар тилда 100 та, тарозуда эса 1000 та бўлади”. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қўллари билан ўшаларни санаб айтаётганларини кўрдим. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, қандай қилиб у иккиси осон-у, уни қиладиганлар оз?” деб сўрашди. Шунда у зот: “Бирортангиз ухлаш учун ётганида шайтон келади-да, ўша зикрларни айтишидан олдин уни ухлатиб қўяди. Ўша шайтон намозда ҳам келади-да, ҳалиги зикрларни айтишидан олдин у одамнинг бошқа бирорта ҳожатини эсига солади”, деб жавоб бердилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Бугун ким рўзадор ҳолда тонг оттирди?” деб сўрадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. “Бугун ким жанозага қатнашди?” деб сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Яна Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бугун ким мискинга таом берди?” деб сўрадилар. Бу сафар ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бугун ким касални бориб кўрди?” дедилар. Бу гал ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам“Кимда ушбу нарсалар жам бўлса, албатта, жаннатга киради”, дедилар, (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузуримга Жиброил алайҳиссалом келди. У менга: Умматингдан ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради, деб башорат берди”, дедилар. 

 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ кимни икки жағи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан ва икки оёғи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан сақласа, у жаннатга киради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ким ҳалол (таом) еса ва суннатга амал қилса ва инсонлар унинг ёмонлигидан омонда бўлишса, у жаннатга киради”, дедилар.

 

     Даврон НУРМУҲАММАД тўплади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 9635 times

Мақолалар

Top