Ривоят қилинишича, Исо ибн Мусо исмли бир киши аёлини жуда қаттиқ ёқтирар экан. Кунлардан бир кун аёлига: Агар, ойдан-да гўзал бўлмасанг, талоқсан, дебди. Шунда аёли ўрнидан туриб, кийимларини кийиб, чиқиб кетибди.
Қилган ишидан пушаймон бўлган Исо ибн Мусо туни билан афсусланиб, ўзини койиб чиқибди. Эрталаб, халифа Мансур ҳузурига йўл олибди. Халифанинг ҳузурига кириб:
– Эй, мўминлар амири, мен аёлимни талоқ қилиб қўйдим, лекин қилган ишимдан жуда қаттиқ афсусдаман, деб бўлиб ўтган воқеани баён қилибди.
Ҳақиқатан ҳам, қилган ишидан қаттиқ афсус чекаётганини кўрган халифа Мансур ҳузурига олиму фақиҳларни йиғиб, бўлиб ўтган воқеъани айтиб, масалани ўртага ташлабди. Ушбу ҳолатга нисбатан барча фақиҳлар бир овоздан аёлга талоқ тушганини айтишибди. Лекин Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг шогирдларидан бири ҳеч нарса демай, жим тураверибди. Шунда халифа Мансур унга қараб: “Сизга нима бўлди, нега гапирмаяпсиз?”, дебди. Шунда фақиҳ “Тин” сурасининг дастлабки тўрт оятини ўқий бошлабди:
“Қасамёд этурман анжир ва зайтун билан, Тури Синин (тоғи) билан, мана шу тинч-осойишта шаҳар (Макка) биланки, АЛБАТТА, ИНСОННИ ЭНГ ЯХШИ СУРАТДА ЯРАТДИК”.
Тўртинчи оятни ўқиб бўлар экан, “Аллоҳ Ўз каломида инсонни энг гўзал ва яхши суратда яратганини зикр қиляпти, демак, ой ҳам ой бўлса-да, инсондан гўзал ва мукаммал эмас”, дебди. Қувончдан кўзлари чақнаб кетган халифа Мансур олимнинг топқирлигига тасанно айтиб, ҳалиги кишига қарата: “Аллоҳнинг Ўзи муаммойинг ечимини осон қилди. Бор, аёлинг билан яшайвер”, дебди.
Араб тилидан
Илҳом Маърупов
таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати