Мақолалар

“Орзу-ҳавас”ларимиз…

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки У исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят). Ушбу оятдан маълум бўладики, ейиш, ичиш гуноҳ эмас, аммо ҳаддан ортиқча еб-ичиш гуноҳдир.

Еб-ичиш борасидаги исрофнинг энг ёрқин мисолини ҳозирги кунимиздаги тўйлар, байрамлар, “туғилган кун” маросимлари, эҳсону худойилар ва ҳоказоларда кўришимиз мумкин. Бу мавзу ҳозирги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Муҳтарам Президентимиз жон куйдириб бу иллатнинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Тан олишимиз керакки, тўй маросимлардаги исрофгарчилик, бидъат ва хурофотлар халқимизнинг бошига жуда кўплаб ташвишларни келтирмоқда. Тўйлардаги халқимиз тили билан айтганда, “орзу-ҳавас”ларга эришиш учун одамлар нималар қилмаяпти. Охирига етиб бўлмас бу “орзу-ҳавас”ларнинг қанчадан қанча оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўлаётганини билганимизда эди. Кўпдан-кўп оилалар “орзу-ҳавас”ларга етиш йўлида қарзга ботиб қолаётгани ҳақида фикр юритганимизда эди. Айнан мана шу “орзу-ҳавас”лар учун қанчадан-қанча ўзбек ўғлонлари чет элларда мардикор бўлиб, сарсон-саргардон бўлиб, оиласидан узоқда, фарзандлари эса ота меҳрига зор бўлиб юрганларини билганимизда эди. Ва энг асосийси, бу “орзу-ҳавас”ларнинг охиратимизга ҳам, дунёмизга ҳам, ёшларимиз саодатига ҳам сариқ чақалик фойдаси йўқлигини англаганимизда эди… Буларни билмаймизми?! Ҳаммасини биламиз. Билиб туриб, қиламиз. Энг катта айбимиз ҳам шу. Билиб туриб, қиламиз!

Юқоридаги оятда айтиляптики, Аллоҳ таоло исроф қилувчиларни севмайди. Зеро, қиладиган барча яхшиликларимиз, тоат-ибодатларимиздан кўзланган энг асосий мақсадимиз Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эришиш. Исроф эса бизни мана шу энг асосий мақсадимизга эришишимизга монелик қилади. Бизни Аллоҳнинг муҳаббатидан узоқлаштиради. Ақлли инсон учун мана шу ояти кариманинг ўзи етарлича ибратдир.

 Абдулбосит НУСРАТУЛЛАЕВ,

Оҳангарон тумани “Абдуқаҳҳор Махсум” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 3466 times

Мақолалар

Top