Мақолалар

«Бирни кессанг, ўнни эк»

Бу дунё ҳикматларга тўла. Атрофимизни ўраб турган барча нарсалар: дарахтлар, қиру адирлар, тоғу тошлар, анҳорлар, сойлар – барчаси мўминлар учун ибрат ва Аллоҳ таолонинг қудрати тажаллийсидир. Ҳар куни умр дафтаримиздан янги саҳифа очилганидек атрофдаги оламнинг ҳам сурати янгиланади. Энг қизиғи, ана шу янгиланишлар асло бир-бирини такрорламайди.

Кеча ва кундуз доимо алмашиб туради. Бири узайса, иккинчиси қисқаради. Умримиз ҳисобини кеча ва кундузлар билан ўлчаймиз. Шу жараён фаслларни ҳам ўзгартириб туради. Замҳарир қишда гўё оппоқ кафанга бурканган ерни эрта баҳорда Аллоҳ таоло қайта тирилтиради. Буюк Парвардигор кечаю кундузни ҳаракатлантирмаса, ёмғир ёғдирмаса, Ер юзида ҳаёт бўлмайди. Мунтазам такрорланиб турувчи бу табиат ҳодисаларидан ҳар бир мўмин ибрат олиб, буюк сафарга тараддуд кўриши керак.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан) боқсин! Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни меваю гиёҳларни ҳам. Булар сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаатдир» (Абаса сураси, 24–32-оятлар).

Юртимизда эзгу бир анъана шаклланган. Ҳар йили икки қутлуғ сана – Наврўз ҳамда Мустақиллик байрамлари арафасида умумхалқ хайрия ҳашари уюштирилади. Жорий йилнинг 18-19 март кунлари ҳам ана шундай хайрия тадбирлари ўтказилиб, юртдошларимиз бир тану бир жон бўлиб мамлакатимизни обод масканга айлантиришди.

Икки кунлик ҳашар давомида ўн минглаб туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Бу яхши, албатта. Лекин ерга қадалган ушбу кўчатларнинг тақдири, баравж униб-ўсишини ким назорат қилади? Ҳар йили баҳорги ҳашар давомида экилган дарахтлар бехато кўкарганида эди, бугун юртимиз боғу бўстонга айланарди. Демак, эккан кўчатларимизни худди фарзандларимиздек парваришлашимиз зарур.

Аслида ҳеч бир дин, фалсафа ёки жамият тозаликка исломчалик эътибор қаратмаган. Ҳадиси шарифларда поклик, тозалик имоннинг ярми экани айтилади. Ҳатто намознинг шартларидан бири ҳам поклик – жой ва кийимнинг тоза бўлишидир.

Мўмин киши бир туп кўчат ўтқазса, ундан нафақат инсонлар, балки ҳайвонлар ва қушлар ҳам манфаат кўради. Муборак ҳадисда айтилишича, экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи, ўша дарахтни эккан кишининг номаи аъмолига ёзилади ҳамда унинг мевасидан бошқалар еса ёки соясида ўтирса, эккан кишининг амал дафтарига садақа савоби ёзиб қўйилади.

Бир подшоҳ ўз вазири билан сайрга чиқиб, бир қишлоқдан ўтаётса, боғида меҳнат қилаётган бир чолни кўрибди. Чол қариб қолганига қарамай, меҳнат қилиб кўчатлар экаётган экан. Чолнинг меҳнати подшоҳга жуда ёқибди. Вазирига шу чол билан бироз суҳбатлашайлик, дея унинг олдига келибди.

Чолга салом бериб:

– Ҳорманг отахон, нима экяпсиз? – дебди.

Чол:

– Саломат бўлинг, шоҳим. ёнғоқ экяпман, – деб жавоб берибди.

Подшоҳ ажабланиб:

– Отахон, ёнғоқ кўп йиллик дарахт бўлса, сиз эса анча қариб қолгансиз, унинг ҳосилигача етармикансиз? – дебди.

Чол:

– Бу дарахтларнинг мевасини кўриш менга насиб этмаса керак, – деб жавоб берибди.

Подшоҳ:

– Унда нега экяпсиз? – деб сўрабди.

Чол:

– Подшоҳим, оталаримиз экдилар, биз едик. Энди биз экамиз, фарзандларимиз ейди-да, – дебди.

Бу жавоб подшоҳга маъқул бўлиб чолга бир ҳамён олтин берибди. Чол олтинларни олиб: «Аллоҳга шукрлар бўлсин, эккан кўчатимиз бугуннинг ўзидаёқ ҳосил бера бошлади», дебди.

Буни эшитган подшоҳ завқи келиб чолга яна бир ҳамён олтин берибди.

Чол: «Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, ҳамма дарахтлар бир йилда бир марта ҳосил берса, менинг эккан дарахтим икки марта ҳосил бераётир», дебди.

Подшоҳ унга яна бир ҳамён олтин бермоқчи бўлибди. Шунда вазири дарҳол тўхтатиб: «Эй подшоҳим, бу ердан тезроқ кетмасак, хазинангиздаги олтинлар тугаб қолади», дебди. Подшоҳ чолга ҳам, вазирига ҳам миннатдорчилик билдириб, йўлида давом этибди.

Чол жуда хурсанд бўлиб, қўлини дуога очиб: «Эй Раббим, Сен Буюксан. Энди мен вақтимни беҳуда ўтказмай, фақат сенинг розилигинг учун дарахтлар экаман, боғ-роғлар барпо қиламан», дебди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Қиёмат куни бўлса ҳам қўлида бир туп ниҳоли бор одам уни эксин».

Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, атрофга ҳам шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун Ер юзи инсонлар учун маскандир.

Зеро, ояти каримада: «У Ерни сизлар учун бешик (қароргоҳ) қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдирди. Бас, Биз у (сув) билан турли ўсимлик навларини ундириб чиқардик» (Тоҳо сураси, 53-оят).

Ота-боболаримиз: “Сувга тупурма, ариққа супурма, кўчага ахлат ташлама, кўкариб турган новдани нобуд қилма”, дея бежиз уқтирмаган. Қолаверса, халқимизда: «Бирни кессанг, ўнни эк», деган ҳикмат ҳам бор. Дарҳақиқат, биз бугун кесган бир туп дарахтнинг зарари йиллар ўтиб унинг ўрнига экилган дарахт орқали қопланади.

 

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Қибрай тумани бош имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 15730 times

Мақолалар

Top