Мақолалар

Ҳалол касб – гуноҳлар кечирилишига омил

Ислом дини меҳнат кишисини жуда юксак даражага кўтаради, ўзини ризқини топиш учун қилган ҳаракатини ибодат қаторида ҳисоблайди. Имом Табароний ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қўл меҳнатидан чарчаб кунни кеч қилса, уни гуноҳлари кечирилган ҳолда кеч қилибди”, – деганлар.

 Касб ҳунарни қадрлаб, меҳнатни ҳаётий зарурат деб билишга чақирувчи таълимлардан бири сифатида Пайғамбаримиздан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтиришимиз мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши тиланчилик қилиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан сўрадилар: “Уйингда бирон нарсанг борми?” У жавоб берди: “Ҳа, бор. Баъзисини остимизга солиб, баъзисини кечаси устимизга ёпадиган тўшамчалар ва сув ичадиган бир идишимиз бор”. Расулуллоҳ соллллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икковини келтир!”. У киши айтган нарсаларни олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирилган нарсаларни қўлларига олдилар ва саҳобалардан сўрадилар: “Буларни ким сотиб олади?” Саҳобалардан бири:“Мен уларни бир дирҳамга оламан”, –деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча бор:“Ким бунинг устига зиёда қилади”, –дедилар. Бошқа бир саҳоба: “Мен уларни икки дирҳамга оламан”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки нарсани саҳобага бердилар ва ундан икки дирҳамни олиб ансорийга узатар эканлар:“Бир дирҳамга овқат сотиб олиб, аҳли-аёлингга олиб бор ва қолган бир дирҳамга болта сотиб ол-да, менга олиб кел”,– деб амр қилдилар. У одам буйруқни бажариб, болта сотиб олиб, ҳузурларига келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари билан болтага соп ясадилар ва уни ансорийнинг қўлига бердилар-да:“Энди бориб ўтин йиғиб, уни сот, ўн беш кун сени кўрмайин”, – дедилар. Ансорий шу кунлар ичида ўтин йиғиб, уни сотиб, ўн беш дирҳамга эга бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Бу маблағнинг бир қисмига овқат харид қил, бир қисмига кийим-кечак сотиб ол!”, – дедилар. Сўнгра марҳамат қилиб айтдилар:“Бундай қилишинг сенга ярашади. Тиланчилик қилишинг қиёмат куни юзингда доғ бўлади”, –дедилар.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, фарзандларимизни моддий ва маънавий эҳтиёжи учун сарфлайдиган маблағимиз, албатта ҳалол, жисмоний ёхуд ақлий меҳнатимиз орқали топилган бўлиши зурур. Ҳалол меҳнат орқали топилган, шубҳа-гумон аралашмаган луқма еб улғайган фарзанд ҳар томонлама етук соғлом ва баркамол инсон бўлиб етишади. Бунинг исботини юртимиздан етишиб чиққан ва чиқаётган олиму-фузалолар мисолида кўришимиз мумкин.

Ҳалол меҳнат инсонни дунё ва охиратда азиз ва мукаррам бўлишига сабабчи бўлади. Инсонларга боқиманда бўлишдан сақлайди. Ҳалол меҳнат қилган инсон тамаъдан йироқ бўлади, тинч ва осойишта ҳаёт кечиради.

 

 Муроджон БАЛТАЕВ

Питнак шаҳри “Абдул Маржон”

жомеъ масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3739 times

Мақолалар

Top