Мақолалар

Буюк таълим

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз намозлардан кейин доим айтиб юришлари учун бирор дуо ўргатишларини сўраганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам "Аллоҳумма инний золамту нафсий зулман касийрон ва лаа яғфируз зунууба илла анта. Фағфирлий мағфиротан мин индика варҳамний. Иннака антал Ғофурур Роҳийм" деган дуони ўргатган эканлар.

Дуонинг маъноси: "Эй Аллоҳ! Албатта, мен ўз нафсимга кўп зулм қилдим. Гуноҳларни фақатгина Сен мағфират қиласан. Бас, ҳузурингдан бўлган мағфират ила мени мағфират этгин ва менга раҳм қилгин! Албатта, Сен Ғофур, Роҳийм Зотсан".

Пайғамбарлар алайҳимус саломдан кейин инсонларнинг афзали, сиддиқлардан бўлган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғордаги соҳиблари, Мадинага кўчишдаги ҳамроҳлари, ўзи ҳам, отаси ҳам, ўғли ҳам, набираси ҳам саҳоба бўлиш бахтига эришган, моли билан Ислом динига кўп хизмат қилган, жуда кўп инсонларнинг қулликдан озод бўлишларига катта ҳисса қўшган, бир қанча кишиларнинг ислом динига киришларига сабабчи бўлган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз қизларини бериб, у зот алайҳиссаломнинг қайноталари бўлиш шарафига эришган, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудек зот яхшилик қилишда етолмай, ҳавас қилган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудек инсонга ушбу дуо ўргатилган экан, демак, бизлар ҳушёрроқ бўлишимиз, кўзимизни каттароқ очишимиз, тилимиздан ҳам, дилимиздан ҳам истиғфорни қўймаслигимиз, гуноҳлардан узоқ юришимиз керак бўлади.

Аллоҳ таоло бизни ихлос билан кўп истиғфор айтиб, Ўзининг мағфиратига эришадиган бандаларидан қилсин, омин!

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

ЎМИ матбуот хизмати

Read 3494 times

Мақолалар

Top