Мақолалар

Зарбулмасал нима?

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда зарбулмасални кўп учратамиз. Қуйидаги ҳадисда Пайғамбаримиз  умматларни парвонага ўхшатиб, гўзал тарзда зарбулмасал қилганлар. Абу Ҳурайра  ривоят қилади: «Расулуллоҳ : “Мен билан одамлар ўт ёққан киши билан парвоналар кабидир. Чунки бир киши ўт ёқса, атрофи ёришгач, парвоналар учиб келиб, ўзларини ўтга уради, у киши ҳарчанд ҳайдамасин, улар кетмайди. Мен ҳам ўша кишидек сизларни ўтдан сақлашга уринаман, сизлар ўзингизни ўтга урмоқдасиз!” дер эдилар» (Имом Бухорий).

Улуғ мутафаккир шоир ва ёзувчилар Қуръон ва ҳадисдан илҳомланишди. Натижада, зарбулмасал санъати юзага келди. Ҳадисда келтирилган шуъла атрофида айланувчи тун капалаги ­– парвона мумтоз адабиётимиз намуналарида кўп келтирилган.

Парвона сўзи турли маънони билдиради. Тасаввуфда парвона ишқ алангасида ёниб, ҳалок бўлаётганини ҳам билмайдиган ошиқ рамзидир.

Алишер Навоийнинг “Лисонут тайр” асарида бундай байтлар бор:

Бир кеча парвоналар жамъ ўлдилар,

Саъй бирла толиби шам ўлдилар.

 

Дедилар парни қилиб оташфишон:

– Истоли матлуб нуридин нишон.

 

Ҳар не топсақ – они изҳор айлоли,

Шарҳ этиб аслин падидор айлоли”.[1]

 

Мазмуни: Бир кеча парвоналар жам бўлиб шамга етишмоққа ҳаракат қилишди. Қанотларини ўтда ёқишга ҳозирлаб: “Биз изловчилармиз, шам нуридин нишон излаймиз, агар ундан нимаи­ки топсак, уни изҳор қилайлик. Шарҳ этиб, асл зоти нимадан иборат эканини аниқлайлик”, дедилар. Шоир бу ўринда парвоналарни ишқ ўтига мубтало бўлган ошиқлар мисолида зарбулмасал қилади.

Парвоналар ҳар бири қанот қоқиб қуйруқларини куйдиришади. Ҳар бири куйганча, ўзи истаган мақсадга эришади, аммо буни шарҳлаш, нақл қилиш қийин иш. Чунки киши шуълани тил билан шарҳ эта олмайди, куймасдан туриб эса шуъланинг  моҳиятини билмайди.

Мумтоз адабиётимизда шу сингари жуда кўп ибратли зарбулмасаллар учрайди. Бундай тимсоллар ўтаётган умримиз мазмун-моҳиятига етишда бизга яхши сабоқ бўлади.

 

Обидхон ИКРОМОВ,

 “Мулла Қирғиз” Ислом ўрта махсус билим юрти ўқитувчиси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

[1] Алишер Навоий. “Лисонут тайр”. Тошкент, 1991, 226-бет.

 

Read 6472 times

Мақолалар

Top