Мақолалар

Динимиз таълимотида аёлларга бўлган муносабат

Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсонни ҳам жуфт, яъни эркак ва аёл қилиб яратган. Кишилик жамиятининг бир қисмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётда турмуш юмушларининг ярми улар зиммасидадир. Аёл – аввало онамиз, қолаверса, жуфту ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом бўлади. Чунки келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келади. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни кекса онахон-момохонларимиз ўргатадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг солиҳ бўлишлиги бугунги кун аёлларининг солиҳа бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир.

Бизнинг мамлакатимизда ҳам аёлларнинг ўзларига яраша, жисмоний салоҳиятларига мос равишда меҳнат ва касб-ҳунарлар билан шуғулланишлари учун барча шароитлар муҳайё. Аёллар эҳтироми учун алоҳида саналарни “Оила йили”, “Аёллар йили” каби номлар билан аталиб келиниши, кўп болали аёлларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши, ҳар йили 8 мартни Халқаро хотин-қизлар куни сифатида дам олиш куни деб эълон қилиниши ва ҳукуматимиз томонидан ўтказилаётган қатор тадбирларнинг барчасида аёлларимизга алоҳида имтиёзлар бериб келинаётгани Ислом динимиз кўрсатмаларига ҳамоҳангдир.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш борасида изчиллик билан амалга оширилаётган эзгу ишларнинг ҳуқуқий асоси Бош қомусимизда ўзининг ёрқин ифодасини топгандир. Инсоннинг ва шу жумладан, хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилигимиз меъёрлари эса Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидаларига ҳамоҳанг экани билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони хотин-қизларнинг саломатлигини сақлаш, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, ижодий-ақлий салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим омил бўлмоқда.

Ривоят қилинишича, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор?” – деб сўрашганда, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, фақат уйдан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётмоқлик”, – дедилар (Абу Довуд ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аёллар эркакларнинг ажралмас бир қисмидирлар” – деган ҳадисларига биноан аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар қилишга ҳақлидир. Шунга биноан бугунги куннинг аёли ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффатини сақлаб, ўз шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи лозим. Афсуски, баъзи бир аёллар ўткинчи хою-ҳавасга берилиб, оналик шаънига доғ тушириб, ўз жигар гўшаларини кўча кўйларга, меҳрибонлик уйларига ташлаб кетмоқдалар. Яна баъзилари эса, “охират илмини ўргатамиз” деган баъзи нопок кимсаларнинг қўлига тушиб, мутаассибликка берилиб кетмоқдалар. Бундай аёллар Аллоҳ ва Пайғамбаримиз улуғлаган сифатларга доғ тушурмоқдалар, гуноҳга ботмоқдалар, жамият келажагини таҳлика остига қўймоқдалар. Уларни ҳимоя қилиш ва тўғри йўлга солиш биз эркакларнинг зиммамиздадир.

Аёллар эркакларга қараганда табиатан заифа бўлганлари учун ҳам Аллоҳ таоло пайғамбарлик мақомини, нафақаи аҳли аёл масъулиятини, жамоатга имомлик қилиш, азон айтиш, намозни жамоат билан адо этиш, жума намозига бориш, талоқ бериш каби ҳуқуқларни заифа аёллар зиммасига юкламаган. Ҳатто, фарз намозларини ҳам уйларининг ичкарисида ўқишлари афзал эканлиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёллар намозгоҳининг энг яхшиси уйларининг ичкарисидир” – деб марҳамат қилганлар.

Ислом дини аёлларга нисбатан ҳурмат эътибори қанчалик юқори эканлигини Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан маълум. Аммо Ислом дини келмасдан аввал аёллар ҳақида нотўғри фикр, яъни аёллар эркакларга хизмат қилиш учун яратилган, деган фикр бор эди. Хусусан, арабларда аёлларга муносабат жуда ҳам ёмон бўлган. Агар оилада қиз фарзанд туғилса, унинг туғилишини иснод деб билиб тириклайин кўмиш ҳоллари бўлаган. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

“Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг “ёмон”лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир” (Наҳл сураси, 58-59-оят).

Бундай ваҳшийликка асосий сабаб динсиз ва имонсиз кишиларнинг жаҳолат ва кибр-ҳаволари сабаб бўлган. Ислом дини келгач эса бундай одатлар барҳам топди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

“Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур” (Шўро сураси, 49-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда биринчи бўлиб қиз фарзандларни зикр қилди. Бу нарса жуда муҳим, чунки Қуръони Каримда нима олдин зикр қилинса, унда бир ҳикмат бўлади. Демак, динимиз қиз фарзанд туғилгандан бошлаб бошқача эътибор беришни талаб этади. Ҳатто уч қизни чиройли тарбиялаб, вояга етказган кишига жаннат ваъда қилинган. Аёлларнинг ўз эрлари зиммасида ҳам жуда кўп ҳаққи бор. Эрлари уларга нисбатан яхши феъл-атворли, меҳр-шафқатли бўлишлари ва баъзи хато камчиликларига сабрли бўлишлари тавсия этилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига аёлларга яхши муносабат бўлишга буюриб шундай марҳамат қиладилар:

“Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлу аёллари билан яхши бўлганларингиздир” (Термизий ривояти).

Жамиятимизнинг фаровонлиги ҳар жиҳатдан аёлларга ҳам боғлиқ экан, Аллоҳ таоло уларни Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлаб, уларга хайрли ва баракотли ҳаётни насиб қилсин. Омин!

Ҳусниддин БАЙНИЯЗОВ

Ангрен шаҳар бош имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4353 times

Мақолалар

Top