Истиғфор банданинг Яратганга илтижо қилиб, билиб-билмай қилган гуноҳларини кечиришини сўрашидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бас, дедимки: “Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур” (Нуҳ, 10–12).
Пайғамбаримизнинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилган бўлса-да, истиғфор айтишни сира канда қилмаганлар. Ибн Умардан ривоят қилинади: “Расулуллоҳнинг бир мажлисда юз марта: “Раббим, мени мағфират қил, тавбамни қабул эт. Ҳақиқатда сен тавбаларни қабул этгувчи раҳмли Зотсан”, деганларини санадик” (Абу Довуд ва Термизий).
Пайғамбаримиз бир ҳадиси шарифда бундай деганлар: “Ким истиғфорни кўп айтса, Аллоҳ таоло унга ҳар бир тангликдан чиқиш йўлини очади, ҳар турли ғамдан енгиллик, ҳеч бир ўйламаган томонидан ризқ беради” (Абу Довуд ривояти).
Истиғфор чин дилдан айтилиши керак. Ҳазрат Али бир куни масжидда ўтириб, ўзича баъзи сўзларни шоша-пиша айтаётган кишини кўриб қолдилар ва сўрадилар:
– Эй биродар, нималар деяпсиз?
– Истиғфор айтяпман, – деди у.
Шунда ҳазрат Али :
– Сиз айтаётган истиғфордан истиғфор қилиш керак – деб айтдилар.
Ҳадиси шарифларда айтилганидек, бандасининг бир ёмон иш қилиб, кейин пушаймон бўлиб, истиғфор айтишидан Аллоҳ таоло севинади. Тавба қабул бўлишининг шарти эса кейин ўша хатога, гуноҳ ишга қайтмасликдир.
Расулуллоҳ умматларига кўп-кўп истиғфор айтишни тавсия қилганлар. Жумладан, “Саййидул истиғфор” дуоси ҳақида бундай деганлар: «Ким “Саййидул истиғфор”ни кечки пайт айтиб, шу куни вафот этса, жаннатга киради. Ким тонгда айтиб, шу куни вафот этса, унда ҳам жаннатга киради».
Бу дуо қуйидагича: «Ё Аллоҳ, Сен Парвардигоримсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени яратдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Сендан қилган ишларимнинг ёмонлигидан мени асрашингни сўрайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Ва гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Менинг гуноҳларимни кечир. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларимни кечира олмайди» (Имом Бухорий ривояти).
Истиғфор айтиш билан банда Яратганга яқин бўлади ва кўп марҳаматларга эришади. Самимий айтилган истиғфор билан қалб таскин топади.
Зиёдулло РЎЗИҚУЛОВ,
Денов тумани “Абу Ҳанифа”
жоме масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати