Мақолалар

Мулоқот ва муомала маданияти

Инсонларнинг сурат ва шакллари гўзал қилиб яратилган. Бу ҳикмат уларнинг муомаласи ҳам гўзал бўлишини тақозо қилади. Инсон сурат ва сийратини, ички дунёсини чиройли қилгани сайин комиллик даражасига яқинлашаверади. Шунинг учун фарзандлар муомалада мулойимлик ва кечиримлиликни шиор қилиб олишлари лозим. Эътибор қанча кучли бўлса, ана шу миқдорча ота-она ҳузурида имкониятга эга бўладилар. Одатда киши обрў-эътиборини тил орқали топади. Доно халқимизнинг бу тўғрида “Тилга эътибор, элга эътибор”. “Буғдой нонинг бўлмасин, буғдой сўзинг бўлсин”. “Аччиқ тил заҳари илон, чучук тилга жон қурбон”. “Беморга ширин сўз керак, ақлсизга кўз”. “Гапнинг қисқаси яхши, қисқасидан ҳиссаси яхши” каби ҳикматлари бежиз эмас. Зеро, инсоннинг маънавий даражасини кўрсатадиган ҳаёт тарзини енгиллаштирадиган, иш юритишда фойдага асос бўладиган, соғлик-саломатлигини барқарорлаштирадиган асосий омилдир.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад (солаллоҳу алайҳи васаллам)даги мулойимлик фазилатлари ва унинг чиройли оқибатларини инсонларга намуна қилиш мақсадида ояти карима туширган: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон, 159).

Тилга эътиборли бўлиш, мулоҳаза ва мушоҳада билан фикр юритиш, боз устига самимий муомалада бўлиш инсон учун фақат яхшилик келтиради. Фарзандларининг муомала маданиятини яхши бўлишини истаган ота-оналарнинг ўзлари бу жиҳатда фарзандларга ибрат бўлишлари керак. Муомала оилада ҳаёт файзи, хонадон эгалари учун унинг чироғи каби дейишимиз мумкин. Бунда авваламбор ота-она бир-бирларининг камчилиги ёки нотўғри ҳаракатини кўрганда, фарзандлар олдида танқид қилиб, гап билан уялтирмасдан, оғир-босиқлик билан воқеа сабабини аниқлаштириш, самимий гап-сўзлар билан муаммони ҳал қилиш таҳсинга сазовордир. Турмуш ўртоғининг ташқи кўриниши, кийиниши, ҳаракатларини бошқаларга таққослаб, салбий жиҳатларини юзига солиш, таъна қилиш мутлақо тўғри келмайди. Айниқса, фарзандлар олдида танқид қилиш, камситиш юракда кетмас доғ бўлиб қолиши мумкин. Аксинча, фарзандларни олдида турмуш ўртоғига болаларнинг меҳрини келтирувчи вазиятга мувофиқ сўзлар билан мулоқот ва муомала қилиш ота-онанинг иззат-ҳурмат топишнинг муҳим босқичларидандир.

Ҳаётда турли вазиятларга дуч келамиз. Баъзи ота-оналар фарзандларини ўкситмаслик, намунали қилиш мақсадида кийинишда, овқатланишда, таълим олиш ва ишлашда улар учун барча шароитларни яратиб берадилар. Фарзанд бу имкониятларни нотўғри тушуниб, кибрли, манманлик кайфияти унинг ахлоқига салбий таъсир кўрсатади. Охир оқибат тўқликка шўхлик қилиб муомала ва мулоқотда қўпол, мулоҳазаси саёзлиги эвазига бир оғиз сўз билан ота-оналарнинг дилларини оғритади, ранжитади. Натижада  ўртадаги муомала маданияти издан чиқади, бошқаларнинг ундан кўнгли қолади. Тузатиш қийин бўлган муаммо ва қийинчиликлар пайдо бўлади. Фарзандлар ҳоҳ ўғил, ҳоҳ қиз бўлсин ўзларига оро берсалар-у, муомалани билмасалар, ҳеч қачон эл ҳурматига сазовор бўлмайдилар.

Агар назар соладиган бўлсак, муомала маданиятининг гўзаллиги билан муаммолар ечилади, қалбларга йўл топилади, орзулар рўёбга чиқади, ота-онани кўнглини олишга шароит яратилади. Шу ўринда халқимиз  “Ширин сўз билан илон инидан чиқади”, деб бежиз айтмаган. Ҳатто, чиройли муомала моддий маблағ билан қилинган яхшиликларни ҳам босиб ўтиши мумкин. Бу маънони таъкидлаб Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбаримиздан (солаллоҳу алайҳи васаллам) келтирган ҳадиси шарифда: “Табассум билан айтилган чиройли сўз - садақадир”, дейилади. Бу билан одамларнинг ўзаро муомаласи қай даражада иззатланиши таъкидланмоқда. Гоҳида кичкина эътиборсизлик катта нохушликларга сабаб бўлади, муаммо устига муаммо туғилади. Бу келишмовчилик агар фарзанд билан ота-она орасида содир бўладиган бўлса Аллоҳ асрасин айрилиққа ҳам олиб боради. Оила аъзолари ўртасидаги ўзаро муҳаббат, ҳурмат, ишонч камайиб, мунозаралар соат сайин зиёда бўлади. Аслида фарзанд ота-она олдида манманликни, нафсоний иллатларини енгиб, инсонпарварлик туйғуси билан яшасагина, уларнинг дуосига эришади. Бунга эришиш учун у ўз фикрини пухта ўйлагандан сўнг изҳор этиши, жамият ва оила аъзолари билан тез тил топишишга ҳаракат қилиши, меҳр-мурувватли бўлиши умрини хайрли, молу-дунёсини баракали бўлишига кафолат бўлади. 

 

Муҳаммадали Каттабоев,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири 

Read 19803 times

Мақолалар

Top