Ҳазрат Абу Бакр Варроқ Термизий қадимий Термиз шаҳридан етишиб чиққан улуғ аллома, мутасаввиф, беназир валий зотлардан биридир.
Ҳазрат Шайх Фаридуддин Аттор “Тазкиратул-Авлиё” китобида ул зотни “Илм ва ҳикмат хазинаси, ҳилм ва поклик ягонаси, хўп соҳибкамол, муомала ва одоб бобида беназир” деб тавсифлаган.
“Тазкиратул - авлиё” китобида нақл қилинадики у зот умр бўйи Хизр алайҳиссаломни кўрмоқ орзусида бўлган. Ҳар куни тонгда қабристонга бориб келар, ҳар бориб келишида бир пора Қуръон ўқир экан.
Бир куни эшикдан ташқарига чиқиши билан бир пири нуроний келиб, у кишига салом беради, Шайх алик олади.
“Мен билан суҳбат қилишни истайсанми?” – дейди Пир.
“Истайман” – дейди Шайх.
Пири нуроний у билан йўлга равона бўлади, қабристонгача бирга борди. У йўлда Шайхга сўз айтиб борар эди, қайтишда ҳам худди шундай сўзлашиб келиб, уй эшигига етдилар. Пир хайрлашиб, кетмоқчи бўлган пайтда деди: “(Эй Абу Бакр!) Сен умрбод кўришни орзу қилган Хизр мен бўламан. Бугун мен билан суҳбатлашдинг, аммо бир пора Қуръон ўқишдан маҳрум бўлдинг! Хизр билан сухбатлашишнинг оқибати шу бўлса, бошқаларнинг суҳбати нечук бўлғай?! Шуни билгинки, узлат, тазрид ва танҳоликда Аллоҳ таъоло билан машғул бўлмоқ барча-барча ишлардан шарфлироқдур! (Бир соат Ҳақ билан суҳбат қилмоқ, минг соат Хизр билан ўтиргандан яхшидир!)” .
Бу сўздан Хизр алайхиссалом инсонларни кўпроқ Қуръон ўқишга тарғиб қилганларини англаш мумкин.
Аллоҳ Субханаҳу ва Таъоло барчаларни Қуръони каримни севиб, уни кўп тиловот қилувчи бандалардан қилсин. Омин.
Собитжон ИСАҚОВ
Избоскан туман “Бобур” жоме
масжиди имом-ноиби
ЎМИ Матбуот хизмати