Мақолалар

Қуръони карим оятлари сони ҳақидаги ихтилофлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ҳаммага маълум ва машҳурки, Қуръони Карим оятлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлаётган пайтда ҳеч ким оятларнинг сони билан қизиқмаган. Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам кўрсатмалари бўлмаган. Зотан, оятлар уларнинг сонини санаш учун эмас, уларни англаб етиш ва уларга амал қилиш учун туширилгандир. Шунинг учун ҳам, дастлабки мусулмон авлод оятларни санашни хаёлига ҳам келтирмаган. Бунинг устига, улар ўзлари ёдлаб, амал қилаётган оятларни бошқаларга ҳам ўргатиш масъулияти ила яшаганлар.

Вақт ўтиши билан мусулмонларда юқоридаги масъулиятни сезиш қобилияти заифлашганда, бекорчиликдан турли саволларни тўқиб чиқариш оятларни санаш ҳам бошланган.

Имом Бадруддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Заркаший ўзининг «Ал-Бурҳон фий улумил Қуръон» номли китобидаги «Қуръоннинг суралари, оятлари, сўзлари ва ҳарфлари сони ҳақида фасл»да, жумладан, қуйидагиларни ёзади:

«Қуръоннинг суралари 114 тадир. Ҳажжож ибн Юсуф Басранинг қориларига одам юбориб уларни жамлади ва ичларидан Ҳасан Басрий, Абул Олия, Наср ибн Осим, Осим Жаҳдарий ва Молик ибн Дийнор раҳматуллоҳи алайҳимни танлаб олди ва «Қуръоннинг ҳарфларини сананглар!» деди.

Улар тўрт ой давомида арпа дони билан санадилар. Улар бир овоздан: унинг сўзлари 77 434 та, ҳарфлари 323 015 та, Қуръоннинг оятлари олти минг, дедилар».

Худди шу китобда яна қуйидагилар ҳам айтилган:

«Билки, уламоларнинг оят, сўз ва ҳарфларнинг сонида ихтилоф қилишларининг сабаби шулки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир оятнинг охирида тўхтар эдилар. Уларнинг жойи билингандан кейин улаб ўқиб кетган ҳоллари ҳам бўлган. Баъзи тингловчилар ўшани оят деб ҳисоблаганлар. Баъзи қироатларда «бисмиллаҳ» оят ҳисобланса, бошқаларида ҳисобланмаган».

Қўшимча равишда айтишимиз мумкинки, фиқҳий мазҳабларда ҳам «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» ҳақида турли гаплар бор.

  1. Барча фақиҳларимиз «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» «Намл» сурасидаги оятнинг бир бўлаги эканлигига иттифоқ қилганлар.
  2. Имом Шофеий: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» Фотиҳа сурасидан ва бошқа ҳар бир сурадан бир оятдир, деганлар.
  3. Моликий мазҳаби: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» умуман оят эмас, деган.
  4. Ҳанафий мазҳабида: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» Қуръондан бир оят бўлиб, сураларнинг орасини бўлиш учун туширилган. «Фотиҳа» сурасидан оят эмас, дейилган.

Мана шунинг ўзи ҳам оятларнинг сонининг турлича чиқишига сабаб бўлади. Валлоҳу аълам.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Read 4349 times

Мақолалар

Top