Мақолалар

Қалбни қорайтириб, баракани кетказадиган гуноҳ

Cудхўрлик катта гуноҳлардан саналади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама шаклида еб юборманглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Зора, (шунда) толе топсаларинг” (Оли Имрон, 130).

“Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва (чинакам) мўмин бўлсаларинг, судхўрлик сарқитидан воз кечинглар!” (Бақара, 278).

Аллоҳ таолонинг ҳар бир амр ва қайтариғида биз учун фойдалар бор. Судхўрлик қилишдан қайтарилишимиз ҳам бежиз эмас. Чунки рибо икки дунёда фақат зарар келтиради. Бундай зарарларнинг айримларини олимлар қуйидагича кўрсатишган:

  1. Рибо қалбни қорайтиради. Рибо билан шуғулланган киши хасис бўлади, мол-дунёнинг қулига айланади. Мулки қанча кўпайса ҳам, кўзи тўймайди. Бундай инсонлар қалбида эзгулик, раҳм-шафқат йўқ. Пайғамбаримиз рибо еювчини, едирувчини, уни ёзувчи, гувоҳ бўлганларни ҳам лаънатладилар ва: “Улар тенгдир”, дедилар.
  2. Рибо баракани кетказади. Пайғамбаримиз: “Рибодан мол кўпайса ҳам, оқибати камлик бўлади”, деганлар. Аслида, судхўрнинг бойлигида яхшилик йўқ, топган-тутгани икки дунёда ҳам зарарига хизмат қилади. Абдуллоҳ ибн Ҳанзаладан ривоят қилинган ҳа­дисда Пайғамбаримиз :­ “Кишининг билатуриб судхўрликдан бир динор емоғи ўттиз олти зинодан оғирроқдир”, деганлар (Имом Аҳмад).
  3. Рибо одамлар орасига нифоқ солади. Судхўрлик қи­лувчи зориқиб ҳузурига келган кишиларга ёрдам қўлини чўзиш ўрнига унинг ночорлигидан фойдаланиб қолишга уринади. Ҳожатларини битириш учун қарз олганлар ундан осон қутулолмайди. Шу боис рибо еювчи одамлар орасига адоват уруғини сепади. Чунки у берган қарзига ҳар куни фоиз қўшади. Кўпинча бечора қарздор судхўрдан халос бўлмай бу дунёдан ўтиб кетади. Кейин эса қарзини узиш унинг фарзандлари зиммасига қолади.
  4. Рибо одамни лоқайд ва дангаса қилади. Судхўрлик қилувчи доим осонгина мўмай даромад топиш илинжида юради. Натижада у кўп гуноҳларнинг боши саналган дангасалик, лоқайдликка берилади. Динимиз ҳалол меҳнатда пешона тери билан оила боқувчи мўминларни улуғлайди.

Аслида мўмин одам бир кишига холис ният билан берган қарзи учун ҳам  ажр олади. Динимизда ғамгин кишининг кўнглини шод этиш улуғ ишлардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз  “Ким бир мўминнинг дунё ташвишларидан бир ташвишини кетказса, Аллоҳ таоло уни қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини кетказади. Ким камбағалнинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда енгиллик пайдо қилади”, деб марҳамат қилганлар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 3368 times

Мақолалар

Top