Мақолалар

Муносабат: Дин равнақи ва халқ манфаатини ўзида мужассам этган Фармон

Юртимизда ажиб ўзгаришлар замони кечяпти. Ҳар тонгда қувончли бир хабар эшитамиз.Ҳар куни ишхонага келганда компьютерни ёқиб Интернетга кирганда халқимиз ҳаётига доир ажойиб бир янгиликни кўриб қалбимиз севинчга тўлади.

Бу ўзгаришлар, нафақат халқимизни, балки хорижлик сиёсатчиларни ҳам мамнун этмоқда. Жумладан, АҚШнинг энг кўп ададли газеталаридан бири “The New York Times” газетасида ўтган ҳафта Ўзбекистон ҳақида чоп этилган катта мақолада “Жаноб Мирзиёев ўзгаришларни бошлаб берди ва энди АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан боғлиқ ҳар қандай муносабатларни, у хоҳ инвестиция, хоҳ тараққиёт дастурлари бўлсин, мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволининг янада яхшиланиши билан боғлаши ниҳоятда муҳимдир”, дейилади.

Таниқли иқтисодчи, Россия Фанлар академияси ходими Елена Кузьмина эса Ўзбекистон Марказий Осиёдаги асосий “ньюсмейкер”га айланганини таъкидлади. Минтақада бугун кузатилаётган деярли барча жараёнда Ўзбекистоннинг ҳиссаси мавжуд. Республикадаги ички ва ташқи ислоҳотлар ҳозирги кунда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётгани, мамлакат ички сиёсати ҳамда иқтисодиётидаги ўзгаришлар унинг ташқи сиёсатини самарали тарзда ҳаётга татбиқ қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратаётганини таъкидлади.

Маърифат ­– халоскор

Ушбу юксалишлар жараёнида Ислом динимизга давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибор қаратаётгани халқимизни беҳад мамнун қилаётир.

Айниқса, ўтган куни муҳтарам Президентимиз чиқарган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони элимизнинг диний маърифатга бўлган иштиёқини қондириш, ёшларимизнинг илм олиш борасидаги эҳтиёжини таъминлаш ва диний соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш йўлидаги яна бир қадам бўлиб, диний-маърифий ишлар салмоғини янада юқорига кўтаради. Ушбу фармон матбуотда эълон қилинганда уни катта хурсандчилик билан қарши олдик. Хусусан, диний соҳада хизмат қилаётган масжид имом-хатиблари, ходимлари, мадраса мударрислари ва диний-илмий марказлар илмий тадқиқотчиларига берилган имкониятлар қувончимизга катта қувонч қўшди.

Мазкур фармоннинг биринчи бандида “Жаҳолатга қарши маърифат” деган улуғвор ғоя асосида Ислом динининг асл моҳиятини, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар қадриятларимиз ифодаси эканини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш масаласи таъкидланган.

Бинобарин, ер юзида инсоният неча минг йилликлар давомида ҳаёт кечираётган бўлса, ҳар доим эзгулик ва ёвузлик, жаҳолат ва маърифат ўртасида кураш давом этиб келаётир. Мабода, аждодлар жаҳолатга қарши жаҳолат билан курашганида ер юзидаги ҳаёт аллақачон барбод бўлган бўлар эди. Тинчликсеварлик, инсонпарварлик фазилатлари азалий диний қадриятларимиз бўлгани туфайли миллатимиз тарих саҳнасида ўз ўрнига эга миллат сифатида қадр топиб келган. Бугун Президентимиз юритаётган сиёсатнинг асосий ғояси шу бўлгани туфайли ҳам барча давлатлар раҳбарлари ва йирик сиёсий арбоблар Юртбошимизга илиқ муносабатда бўлишга интилмоқдалар.

Халқаро ислом академияси ­– билим хазинаси бўлажак

Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкил этилиши ва унда республикадаги барча ислом таълим муассасалари фаолиятини ўқув-услубий жиҳатдан таъминлаш амалга оширилиши илмий тадқиқот ишларининг стихияли равишда эмас, балки тизимли давом этишига муносиб шароит яратади. Фармонда айтилганидек, бунда исломий илмларнинг барчаси қамраб олинади. Хорижий тиллар нафақат пухта ўргатилади, балки ўша тилларда фундаментал илмий ишлар ҳам ёзилади. Бу даргоҳда етишган кадрлар биргина Ўзбекистоннинг кадри эмас, Ислом динининг малакали мутахассиси бўлади. Улар дунёнинг исталган давлатларида ўз соҳалари бўйича ўрганган тилларига қараб бемалол ишлаб кетаверадилар. Чунки халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлашга, ўрта махсус, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, малака ошириш босқичларида узлуксиз таълимнинг яхлит тизимини ташкил этишга ва илмий меросни чуқур тадқиқ қилиш ва асраб-авайлашга, диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади бу даргоҳ. 

Халқаро ислом академияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларида имом-хатиблар, имом ноибларининг малака ошириши эса уларнинг ўзлари устида мунтазам ишлаши, илмини муттасил бойитиб боришига, мамлакатимизда ва дунёда юз бераётган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий воқеалардан, илмий янгиликлардан хабардор бўлиб боришига, дунёқарашининг бойишига хизмат қилади.

Ҳадис – Қуръон тафсири

Ислом динининг моҳияти, Қуръон илмининг асоси ҳадиси шарифда ўз ифодасини топган. Демак, ҳадисларда инсониятнинг ўтмиши, бугуни, эртаси муфассал баён этилган. Шу жиҳатдан, Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиши малакали ҳадисшунос мутахассисларни тайёрлашда катта аҳамият касб этади.

Юртимизда ҳадис илмининг шаклланишига марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Ҳадис ва ҳаёт” китоби асос бўлган эса-да, бу  муҳим соҳага етарлича эътибор қаратилгани йўқ эди.

Ҳадис илми мактаби фиқҳ, ақида ва бошқа барча илмларнинг такомилига хизмат қилади, иншоаллоҳ.

Вақф ­– Аллоҳнинг мулки

Вақф масаласи мудҳиш истибдод йилларига қадар ҳар доим аждодларимиз эътиборда бўлиб келган. Тарихда ҳатто шундай даврлар бўлганки, халқнинг фаровонлиги, мамлакат маъмурлиги, ободончилик ишларида давлат ажратган маблағдан вақфдан ажратилган маблағлар кўп бўлган.

Вақф ишларига масъулият билан ёндашган ҳазрат Навоий “Вақфнома” деган асар ҳам ёзган. Ўша асарни ўқисангиз, Ҳиротда ва ён-атрофида қурилган иншоотлар, солинган кўприклар, очилган масжид-мадрасалар, мақбаралар, шифохоналар, ҳаммомлар... Алишер Навоий вақф учун ажратган маблағ ҳисобидан қурилганига гувоҳ бўласиз.

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди.

“Вақф” хайрия жамоат фондининг асосий вазифалари этиб:

масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш;

диний таълим муассасаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

масжидлар ходимларини, хусусан, имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Вақф” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ушбу идора тизимидаги диний-маърифий ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларга, шу жумладан, имом-хатибларга ойлик иш ҳақи тўлаш;

фаолият юритаётган уй-жойга муҳтож ходимларни хизмат уй-жойлари билан таъминлаш каби масалалар белгиланди.

Буни эшитиб юртимизда хурсанд бўлмаган одам қолмади. Чунки шу вақтга қадар имом-хатиблар, уларнинг ноиблари ва масжидларнинг бошқа ходимларига қаратилаётган эътибор  ўзига яраша эди. Энди эса Аллоҳнинг уйининг ана шу хизматчилари муносиб маош оладилар, муҳтожларига зарурий миқдорда ёрдам кўрсатилади, уй-жойга эҳтиёжмандлари бошпана билан таъминланади. Улар эса илмини янада бойитиш, элимизга янада кўпроқ манфаат етказиш ҳаракатида бўладилар. 

Моддий манфаатдорлик ошади ­– илм олиш юксалади

Шайх Саъдий ҳазратлари айтадики, қадимда ўтган одил подишоҳлардан бирига донишманд вазири бундай маслаҳат берган экан: “Подшоҳим, зоҳидга ҳеч нарса берманг, у ибодат билан машғул бўлсин, олимга пул беринг, у илмини бойитишга сарфласин”. 

Дарҳақиқат, инсон рисоладагидек билим олиши учун моддий маблағга кучли эҳтиёжи бор. Кундузлари талабаларга дарс бериб кечалари тирикчилик учун бировларнинг номидан енгил-елпи китоблар ёзадиган олим билан кундузлари дарс бериб тунлар янги асарларни ўқиб-ўрганган, ўзининг номидан фундаментал асарлар ёзган олим ўртасида фарқ бўлади, албатта.

Фармонда устозларнинг ана шу манфаатдорлиги эътиборга олиниб, 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ишловчи ўқитувчи, илмий ходим ва мутахассисларга ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 3 баравар (Марказ ходимларига – 4 баравар) миқдорда қўлланиладиган бўлди.

Ана энди билим олиш ва илм ўргатиш ­– юксалиш ва равнақ топиш замони келди.

Фармонга ўта донишмандлик билан киритилган бандлардан бирида пенсионерларга уларнинг ушбу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда пенсиялари тўлиқ тўланиши масаласидир. Чунки аҳли илмлар айнан шу ёшга етганда пишиб-етилади ва ҳақиқий олиму донишмандга айланади. Уларни ана шундай мева берадиган ёшга етган чоқда пенсияга кузатиб юборишдан юртимиз илми кўп нарса ютқазади. Илм сарфлангани сайин кўпайгани каби олимлар ҳам тажриба ўтагани сайин сермаҳсул бўлиб боради.                       

Кўплар орзу қилган мукофот

Саховатли юртимизда олимларни, санъаткорларни ва бошқа соҳа усталарини рағбатлантирадиган мукофотлар бисёр. Масалан, тиббий фанлар учун Беруний мукофоти, Адабиёт аҳли учун Навоий мукофоти ва ҳоказолар. Ушбу мукофотлар билан тақдирланган олим ва ижодкорларни ҳурмат қилиб, уларга ҳавас қиламиз. Аммо бутун умрини Ислом илмига бағишлаган, ҳисобсиз китоблар нашр эттирган, маърузалари билан инсонлар қалбини ёритган диний уламоларимизни бениҳоя ҳурмат қиламиз. Улар билан бир даврада ўтириб қолганимиздан фахрланамиз. Ҳар куни ҳаётимизда улардан ўрганган илмлардан фойдаланамиз. Диний идора тизимида жуда кўп йиллар меҳнат қилган эъзозли ва эътиборли олимларимизнинг бирортасининг давлат мукофотини қўятуринг, бирорта медаль билан тақдирланмаганини ҳеч хаёлимизга келтирганмидик? Бу зотларнинг ҳеч мукофотланмаганини Президент фармонидан кейин пайқаб қолмадикми!

Президентимизнинг Фармонида ана шу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, Ислом илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини чуқур ўрганиш, мамлакатимиз довруғини жаҳон миқёсида кенг ёйиш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган шахсларни рағбатлантириш мақсадида “Имом Бухорий” давлат мукофотини таъсис этилди.

Олимга ҳам эътибор қаратилса, илм йўлида чеккан заҳматлари, бажарган ишлари учун рағбатлантириб қўйилса, унинг кўнгли ўсади, ишига муҳаббати янада зиёда бўлади, янги-янги асарлар ёзишга ғайрати ортади. Бундан эса халқимиз, айниқса, ёшларимиз ютади. Зотан, Президентимизнинг истаги ҳам шу эмасми ўзи!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3607 times

Мақолалар

Top