Мақолалар

Ҳайратланарли хотималар...

 وَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ وَعَسَى أَنْ تُحِبُّوا شَيْئًا وَهُوَ شَرٌّ لَكُمْ وَاللَّهُ يَعْلَمُ

وَأَنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

«Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз» (Бақара сураси 216-оят).

Албатта, банда ўз ишларини барча нарсанинг натижасини билувчи зот Аллоҳга топшириши ва унга ихтиёр этган қазои қадарга рози бўлиши лозим.

Қуръони Каримдаги қиссалар ва тарих саҳифаларини варақлаган ёки воқеликка теранроқ назар ташлаган киши кўп ибрат ва маъно-моҳиятларнинг гувоҳи бўлади:

1) Бунга мисол тариқасида, Мусо алайҳиссаломнинг оналари ўз фарзандини денгизга ташлашлари ҳақидаги қиссани келтириш мумкин.

Мусо алайҳиссаломнинг оналари кўнгилларига Аллоҳ таоло илҳом этган буйруқни бажардилар. Гўдакни сандиққа солиб, дарёга оқизиб юбордилар.

«Бас, Фиръавн оиласи уни ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва икковларининг аскарлари хатокорлардан бўлган эдилар» (Қасас сураси 8 оят).

Ичига гўдак Мусо солинган сандиқ дарёдан оқиб бориб Фиръавн қасридаги боққа кирди. «Бас, Фиръавн оиласи уни ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлиши учун тутиб олдилар». Келажакда Мусо улғайиб, Фиръавн оиласига душман ва ғам-ғусса бўлишини Аллоҳ таоло ирода қилган эди. Фиръавн душман ва ғам-ғуссадан қутулишнинг барча чорасини кўрса-да, Аллоҳ Ўз иродаси ила душман ва ғам-ғуссани уларнинг ичларига солиб қўйди. Мусо ҳеч нарсага, ҳатто ўзига керак ғизони ҳам тановул қила олмайдиган гўдак ҳолида душманнинг қоқ ўртасига келиб тушди.

«Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва икковларининг аскарлари хатокорлардан бўлган эдилар». Улар хато ишни била туриб қилар эдилар. Бундай одамлар ҳеч нарсадан қайтмайдилар. Шунинг учун ҳам Бани Исроилнинг янги туғилган ўғил болаларини ўлдиришдан ҳам қайтмадилар. Бундай одамлар ҳузурларига дарёда оқиб келган ўғил болани дарҳол ўлдиришлари турган гап эди. Шундай қилмоқчи бўлдилар ҳам. Аммо:

«Фиръавннинг хотини: «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, у бизга фойда берса ёки уни бола қилиб олсак», деди. Ҳолбуки, улар сезмасдилар» (Қасас сураси 9 оят).

Одатда, ҳеч қачон юмшамайдиган Фиръавнни Аллоҳ таоло энг нозик жойидан олди. Унинг хотинини ишга солди. Ўша хотиннинг қалбига гўдакнинг муҳаббатини жойлади. Фиръавннинг хотини: «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир», деди. Жуда ҳам истараси иссиқ, мурғак гўдак экан, кўрган одамнинг кўзи қувонади, биз ҳам уни кўриб қувониб юрайлик, деди.
«Уни ўлдирманглар», деди. Тирик қолсин. Боқиб, тарбия қилиб ўстирсак, «Шоядки, у бизга фойда берса ёки уни бола қилиб олсак», деди». Боқиб ўстирганимиздан кейин у бизга фойда бериши мумкин, эҳтимол, яхшироқ бўлса, ўзимизга бола қилиб олармиз, деди.

«Ҳолбуки, улар сезмасдилар». Улар Мусони келажакда ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлишини (хотинидан бошқасига) сезмайдиган ҳолатда эдилар. Фиръавн хотинининг гапи билан гўдак Мусони ўлдирмай, боқиб олишга қарор қилди.

Ушбу қисса ҳақида фикр юритган киши биладики, Мусо алайҳиссаломнинг оналари ишнинг аввалида фарзандларини Фиръавннинг қўлига тушиб қолишидан қанчалар хавотирга тушдилар. Лекин натижа яхшилик билан якун топди. Аллоҳ таоло бежизга ўзининг каломида,

وَأَنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ وَاللَّهُ يَعْلَمُ

«Аллоҳ билади, сиз билмайсиз». деб баён қилмади.

2) Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларини мутолаа қилган киши Юсуф алайҳиссалом ва оталари Яъқуб алайҳиссалом билан бўлиб ўтган воқеани бошида қандай изтиробли бўлиб, ниҳояси нақадар гўзал тугаганлигининг гувоҳи бўлади.

Ушбу қиссада Юсуф алайҳиссаломдан қутилиш учун уни қудуққа ташлашди. Йўловчилар қудуқдан топиб олгач, қул бозорига олиб чиқиб сотишди. Лекин Аллоҳ азиз қиламан деган кишини ҳеч ким хор қила олмайди. Аллоҳ Юсуф алайҳиссаломга Миср подшоҳини муҳтож қилиб қўйди ва подшоҳ у кишини Миср азизи, яъни вазир этиб тайинлади.

{وَقَالَ الْمَلِكُ ائْتُونِي بِهِ أَسْتَخْلِصْهُ لِنَفْسِي فَلَمَّا كَلَّمَهُ قَالَ إِنَّكَ الْيَوْمَ لَدَيْنَا مَكِينٌ أَمِينٌ}

Шоҳ: «Уни ҳузуримга келтирингиз, уни ўзимга хос кишилардан қилиб олай!» – деди. У билан сўзлашгач (шоҳ): «Сен бугун(дан бошлаб) бизнинг ҳузуримизда мартабали ва ишончли (шахс)дирсан», – деди. (Юсуф сураси 54-оят).

«Юсуф ҳузурига кирган чоғларида у отаси ва онасини ўзига яқинлаштирди ва: «Аллоҳнинг хоҳиши ила Мисрга омонликда киринглар!» деди» (Юсуф сураси 99-оят).

Яъни, Юсуф алайҳиссалом ота-онасини ўзига хос эҳтиром ва иззат ила қаршиладилар. Уларга алоҳида муомалада бўлдилар. Иззат-икромларини жойига қўйдилар. Ҳамда улар Миср ерида, ўзлари бош вазир бўлиб турган юртда омонликда эканликларини эълон қилдилар. Сўнгра:

«Ота-онасини тахтга кўтарди. Улар унга сажда қилиб йиқилдилар. У: «Эй отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир, Роббим уни ҳаққа айлантирди. Дарҳақиқат, У менга яхшилик қилди. Мени қамоқдан чиқарди. Шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузгандан сўнг, сизларни биёбондан олиб келди. Албатта, Роббим нимани хоҳласа, ўшанга латифдир. Албатта, Унинг Ўзи билгувчи ва ҳикматли зотдир», деди». (Юсуф сураси 100-оят).

Бу ояти Каримада узоқ айрилиқдан сўнг дийдор топишиб, сўрашиб бўлганларидан кейинги ҳолатларнинг тасвири келтирилмоқда. Юсуф алайҳиссалом: «Ота-онасини тахтга кўтарди». Яъни, баланд ўриндиққа ўтқазди. Ана шундан сўнг: «Улар унга сажда қилиб йиқилдилар».

3) Хизр алайҳиссалом ўлдириб қўйган боланинг қиссаси.

فَانْطَلَقَا حَتَّى إِذَا لَقِيَا غُلَامًا فَقَتَلَهُ قَالَ أَقَتَلْتَ نَفْسًا زَكِيَّةً بِغَيْرِ نَفْسٍ لَقَدْ جِئْتَ شَيْئًا نُكْرًا

«Сўнгра яна йўлга тушдилар. Бориб бир болани учратганларида (Хизр) уни қатл этди. (Буни кўрган Мусо) деди: «Ҳеч кимни ўлдирмаган бир бегуноҳ жонни ўлдирдинг-а?! Ҳақиқатан, (сен) хунук иш қилдинг!»» (Каҳф сураси 74-оят).

Ояти Каримада баён қилинишича, Мусо (алайҳиссалом)нинг Хизр (алайҳиссалом)га эътироз тарзида берган саволи ўринли эди. Чунки норасида гўдакни ўлдириш Мусо (алайҳиссалом)нинг шариатида ҳам ман этилган эди.

Тафсир китобларида келтирилишича, боланинг исми Жайсур бўлиб, у ота-онасининг ёлғизгина суюкли арзандаси эди. Ота-онаси уни еру кўкка ишонмас, унга нисбатан муҳаббатлари ҳаддан ташқари эди. Бироқ унинг тақдирида “кофир бўлиши” ёзилган эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Хизр (алайҳиссалом)ни огоҳ этган эди. Чунки, Хизр (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло келажакда бўладиган ишларни ҳам илмини билдирган бўлиб, Мусо (алайҳиссалом) бундай илмга эга эмас эдилар. Мусо (алайҳиссалом) Хизр (алайҳиссалом)га ҳамроҳ бўлган вақтларида у кишининг бир қанча ғайриоддий ишлар содир этганларига гувоҳ бўлдилар, бироқ уларнинг ҳақиқатини англаб етишга илмлари етмасди. Шунинг учун ҳам Хизр (алайҳиссалом) Мусо (алайҳиссалом)га норасида болани ўлдиришининг сабабини айтиб беришига тўғри келди.

قَالَ هَذَا فِرَاقُ بَيْنِي وَبَيْنِكَ سَأُنَبِّئُكَ بِتَأْوِيلِ مَا لَمْ تَسْتَطِعْ عَلَيْهِ صَبْرًا

У (Хизр) айтди: «Мана шу сен билан менинг ажрашимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман» (Каҳф сураси 78-оят).

وَأَمَّا الْغُلَامُ فَكَانَ أَبَوَاهُ مُؤْمِنَيْنِ فَخَشِينَا أَنْ يُرْهِقَهُمَا طُغْيَانًا وَكُفْرًا

«Ҳалиги боланинг эса, ота-онаси мўмин кишилар эди. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан қўрқдик» (Каҳф сураси 80-оят).

Бир бегуноҳ жонни ўлдириш барча пайғамбарларнинг шариатида ҳам ҳаром қилинган. Аммо бу ерда Хизр (алайҳиссалом) томонидан бу боланинг ўлдирилишига сабаб, унинг мўмин бўлган ота-онасининг имонини сақлаб қолиш эди. Чунки бола катта бўлгач, ота-онасини ҳам имондан воз кечиб, унинг динига ўтишга мажбур қилар эди.

فَأَرَدْنَا أَنْ يُبْدِلَهُمَا رَبُّهُمَا خَيْرًا مِنْهُ زَكَاةً وَأَقْرَبَ رُحْمًا

яъни: «Шу сабабдан, уларга Парвардигорлари у (бола)дан кўра покизароқ ва ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал (эваз) қилиб беришини истадик» (Каҳф сураси 81-оят).

Оятнинг тафсирида баён этилишича, Хизр (алайҳиссалом) болани ўлдирган вақтда Аллоҳ таоло унинг онасига ҳомила ато этган эди. Вақти соати етиб қиз бола туғилди. Вояга етгач, ўша даврнинг пайғамбарига турмушга чиқди ва унинг зурриётидан етмишта пайғамбар чиқди (Руҳул баён тафсири).

5) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам бунга ёрқин мисоллар бор.

Умму Салама розияллоҳу анҳо айтадилар: «Бир куни Абу Салама Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларидан келди-да: «Пайғамбар алайҳиссаломдан бир гап эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, у зот алайҳиссалом: «Мусулмонлардан бирига мусибат етганда истиржоъ (Биз Аллоҳникимз ва Аллоҳга қайтувчимиз дейиш) айтса, сўнг: «Аллаҳумма, ажирни фи мусийбати вахлуф ли хойрон минҳа» («Эй Аллоҳ, менга мусибатимда ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини бергин») деса, айтгани бўлади», – деганларини айтиб берди. Буларни ёдлаб олган эдим. Абу Салама вафот этганида истиржоъ айтдим ва ўша дуони ўқидим.

Сўнг ўзимча, менга Абу Саламадан яхшироқ жуфти ҳалол бормиди, деб ўйлаб қолдим. Иддам чиққандан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга киришга изн сўрадилар. Тери ошлаб ўтирган эдим, қўлимни ювиб, киришларига изн бердим. Ўтирганларидан сўнг мени ўз никоҳларига олмоқчи эканликларини айтдилар. У зот гапларини тугатгач, мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга рағбат қилмаслигим мумкин эмас, лекин мен жуда рашкчи аёлман, сизга ёқмайдиган нарса мендан содир бўлиб, Аллоҳнинг азобига дучор бўлиб қолишимдан қўрқаман. Кейин, ёшим ҳам катта бўлиб қолди, бунинг устига болаларим бор», – дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен айтган рашкни Аллоҳ кетказади. Ёш тўғрида гапирсанг, мен ҳам ёш эмасман. Болаларинг менинг ҳам болаларимдир», – дедилар. Аллоҳ менга Абу Саламанинг ўрнига ундан яхши инсонни – Расулуллоҳ алайҳиссаломни берди» (Имом Аҳмад ривояти).

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, мўмин доим Роббисига таваккул қилиши ва барча чора тадбирларни қўллаши лозим. Шунда ҳам ўзи истаган натижага эриша олмаса, унда Парвардигорини ушбу оятини ёдга олсин!..

وَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ وَعَسَى أَنْ تُحِبُّوا شَيْئًا وَهُوَ شَرٌّ لَكُمْ وَاللَّهُ يَعْلَمُ وَأَنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

«Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз» (Бақара сураси 216-оят).

 

Манбалар асосида

 Авазхўжа БАХРОМОВ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 3221 times

Мақолалар

Top