Мақолалар

Болангиз исроф қилувчилардан бўлмасин...

Исроф динимизда қаттиқ қораланган. «Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча ояти карималар бор. Аллоҳ таоло айтади:  «(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз» (Исро, 29).

Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларнинг сифатларини зикр этар экан, уларнинг исрофгар ҳам, хасис ҳам бўлмасликларини баён этади:  «Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир» (Фурқон, 67).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар” (Имом Бухорий ривояти). Фахри коинот айтганларидек: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”. Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”, дейилган.

Машаққат ва ҳамма нарсадан тежаш эвазига йиллаб йиққан молини ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кечада совуриб юборади. Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб бундай таълим беради: “...Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро, 26-27)

Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам исрофнинг кўринишларидандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида ҳам, жумладан бундай дейилган: «Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!»

Ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса  буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин.  Исрофгарликнинг охири надомат билан тугайди, ҳалокат билан якунланади.  Шамини кундузи ёндирган одамнинг туни қоронғу бўлади. Пулини, молини, бошқа неъматларни хор қилган киши оғир кунда ўзи ҳам хор бўлади.

Бир донишманд айтганидай, «саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, лекин бахил бўлма». Исроф сахийлик эмас, тежамкорлик бахиллик эмас. Тежамкор киши пулини керагидан ортиқча сарфламайди. Пулини фақат ҳаёти, рўзғори, эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларгагина харжлайди. Тежаган киши асло фақир бўлмайди, балки икки дунё саодатига эришади.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: “Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”. Исрофгарлардан бири Суқрот ҳакимга камбағал бўлиб қолганидан шикоят қилди. Суқрот ўша одамга шундай маслаҳат берди: “Исрофингга бир чегара қўйиб, пулингни тежа, ўзинг ўзингдан қарз ол, шунда аҳволинг ўнгланади”.

Фарзандингиз исрофнинг энг оғир гуноҳлардан эканини ҳис этсин. Ҳамма ишда тежамкор ва тадбирли бўлиш мусулмон ахлоқининг зарур шартларидан эканини бирор сония ҳам унутмасин. 

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 3574 times

Мақолалар

Top