Мақолалар

Оила бузилишига нималар сабаб бўлмоқда

Оила — жамиятнинг бир бўлаги. Жамият равнақи оила равнақи билан чамбарчас боғлиқ. Демак, оилалар мустаҳкамлигига давлат сиёсати даражасида қаралаётгани бежиз эмас. Турмушимиз тобора фаровонлашаётган пайтда оилалар мўртлашаётгани ташвишланарли ҳолат. Ушбу масала юзасидан кўплаб юртдошларимиз билан мулоқот қилар эканмиз, улар келтираётган сабаблар ҳам турлича.

Баъзилар ажримларни глобаллашув билан боғлайди. Инсонларнинг ҳаддан ташқари эркинлашиб кетаётгани оқибатида кўпчилик фақат ўзини ўйлайдиган, масъулиятсиз бўлиб қолган, деган фикрлар ҳам кўп билдирилди. Назаримда, бу муаммо маънавиятимиздаги айрим нуқсонлар билан боғлиқдай.
Ажримларга фақат келинлар айбдор, деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Қизлар турмушга чиққанидан кейин янги оилада ўз ўрнини топиши осон эмас. Ота уйида эркаланиб юрган қиз бу ерда эътибор марказида бўлади. Уй юмушларининг барчаси унинг зиммасига юкланади. Ундан бошқа ҳамма телевизор тагида оёғини чўзиб ўтиради. Хонадонда алпомишдай йигит ё барчинойдай қиз бўлса-да, уларнинг уй юмушларини бажариши «қоида»ларга тўғри келмайди. Ҳаммасини келин қилиши керак! Йўқса, келиннинг «тарбияси бузилиб» кетиши мумкин. Афсуски, бундай фикрловчилар кўпчилик. Ҳам ишлаш ёки ўқиш, ҳам оила юмушларини бажариш баъзан ёш келинга оғирлиқ қилади. Ана шундай вазиятда оилаларда турли можаролар, муаммолар келиб чиқади.
Агар эътибор берилса, оилаларни етмиш-саксон фоиз ҳолатда қайнота ва қайнона бошқаради. Айрим қайнота ва қайноналарнинг эскича фикрлаши, «бу даврда бош­қача эди», «биз ўнта болани туғиб, далага ишга чиқиб кетаверганмиз», «биз кечаси нон ёпиб, кундузи давлатнинг ишини қилганмиз» каби таъна-дашномлари, ёш оилалар ҳаётига асоссиз аралашиши, «онанг­­ни десанг, эрингдан кечасан» ёки аксинча, «мени десанг, келинни талоқ қил» қабилидаги ноўрин талаблари ёшларнинг ихтиёрсиз ажрашиб кетишларига сабаб бўлаётгани сир эмас. Қайноналарнинг бундай маломатлари, аслида, ўша давр қийинчилик­­лари, хотин-қизларга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлинганини акс эттирмайдими? Бунинг оқибатида ўтган асрнинг 70-80-йилларида, 90-йиллар бошларида оналар ва гўдаклар ўлими кўплаб содир бўлмаганми? Қолаверса, қайнона қийинчилик кўргани учун келинни ҳам шунга маҳкум қилиши на мантиққа, на ҳақиқатга тўғри келади.
Бугун давр ўзгарган. Оналик ва болалик давлат муҳофазасига олинган. Эндиликда буни ҳар бир ота-она, оила соҳиби англаб етиши ва унга риоя қилиши талаб қилинади.
Айрим оилаларда моддий фаровонликка эришиш асосий мақсад сифатида белгилангани, нафақат ёшлар, балки катталар орасида ҳам молпарастликнинг авж олгани маънавий қадриятларнинг емирилишига сабаб бўлмоқда. Баъзилар орзу-ҳавас деганда фақат чиройли тўй қилиб, қимматбаҳо кийим­лар кийиб, тансиқ таомлар ейишни тушунади. Бугун ҳар бир хонадонда икки-учтадан телевизор, музлатгич ва бошқа маиший жиҳозлар бор. Қимматбаҳо мебеллар, машина ва бошқа буюмларни кўз-кўз қилишни яхши кўрамиз. Бироқ ҳамма хонадон ҳам китоб жавонига эга эмас. Ҳатто биронта китоб бўлмаган оилаларнинг учраши ғоят ачинарли. Ҳаётдаги кўплаб мисоллар бахт бойлик билан ўлчанмаслигини асослаб турибди. Аксинча, маънавий қашшоқлик бахтсизлик сари бошловчи йўлдир. Маънавиятсизлик оилада носоғлом муҳитни юзага келтиради. Бунинг оқибатида иқтисодга ҳам дарз кетади. Янада ачинарлиси, оила маънавий ҳаётидаги камчилик ва нуқсонлар жамиятда маънавий муаммоларни юзага келтирмоқда.
— Бизнингча, оилавий ажримларга сабаб ёшларни оила қуришга тўғри тайёрламаётганимиз, — дейди халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати Сайёра Худойберганова. — Қиз бола дунёга келса, болалигидан бошлаб уни келинликка тайёр­лаймиз. Аммо бу тайёргарлигимиз одатда қизга сеп йиғиш, уй юмушларини бажаришни ўргатишдан иборат бўлади. Афсуски, қиз боланинг маънавий, ахлоқий, жисмоний саломатлигига камдан-кам ­эътибор қаратамиз. Муомала маданиятига эга бўлмаган, қўлида бирон ҳунари йўқ, ҳаётнинг аччиқ-чучукларини сабр-бардош билан енгиб ўтишга маънавий салоҳияти етмайдиган, тиббий билимлари етарли бўлмаган қиз яхши келин бўлиши даргумон.
Айрим йигитларимиз ҳақида ҳам худди шундай фикр билдириш мумкин. Бирон касбнинг этагини тутмаган, интернет тармоқларида турли беҳаё видеолавҳалар томоша қилиб вақтини ўтказиб келган, ота-­онасининг ҳисобига турмуш кечирувчи арзанда оиланинг қадрига етармиди?
Муқаддас динимизда оила ниҳоятда қадрланади. «Оила бузилса, арш титрайди» дейишади.
— Қуръони каримда эр-хотин ҳақида «…Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз…», дейилган («Бақара» сураси, 187-оят). Эр-хотин бир-бировини тўлдириб туради, бир-бирини тарбиялайди. Турли ёмон иллатлардан асрайди. Оила кишини масъулиятли бўлишга, тежамкорликка ўргатади, — дейди Шовот туманидаги Юсуф Ҳамадоний мажмуаси имом-хатиби Сулаймон Раҳматуллаев. — Бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшовчи оила соҳиблари узоқ умр кечиради. Никоҳнинг улуғ неъмат экани ҳақида Пайғамбаримиз Myҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: «Киши оила қурса, динининг ярмини мукаммал қилган бўлади, қолган ярмининг мукаммал бўлмоғи учун тақво-тазарру қилсин».
— Назаримда, оилавий ажримларга баъзи эркакларимизнинг масъулиятсизлиги ҳам сабаб бўлмоқда, — дейди узоқ йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган меҳнат фахрийси Ҳабибулла Болтабоев. — Айрим эркаклар ҳеч қаерда ишламайди. Рўзғорнинг бутун ташвишларини аёлининг зиммасига юклаб қўяди. Фарзанд тарбиясига ҳам қарашмайди. Вақтини телевизор кўриб, қарта ўйнаб ёки бошқа тайинсиз юмушлар билан ўтказади. Бу аёлни ҳам маънан, ҳам жисмонан толиқтиради.
Суҳбатдошларимизнинг фикрича, эр ёки хотиннинг узоқ муддат чет давлатлар­­да бўлиши ҳам орага совуқчилик тушиши, оилалар дарз кетишига олиб келмоқда. Ҳаддан ташқари рашк қилиш, бир-бирига ишончсизлик ҳам ажралиш сабабларидан бири.
Оилавий ажримлардан энг кўп жабр чекадиганлар фарзандлардир. Руҳий изтироблар боланинг соғлом вояга етишига салбий таъсир қилади. Қалби бутун умрга кемтик бўлиб қолади. Бунинг оқибатида у турли иллатларга ошно бўлиши, жиноят кўчасига кириши мумкин.
Кўриб турганимиздек, оилавий ажримлар жамият учун фақат зарар келтиради. Шу боис ушбу муаммонинг олдини олишга эътибор кучайтирилмоқда. Бу жараёнда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар моддий қўллаб-қувватланмоқда, нотинч оилалар ўрганилиб, яраштирилмоқда, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашилмоқда. Ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Бу ишлар яхши, албатта. Лекин булар етарлими? Оилавий ажримларга маънавий қашшоқлик сабаб бўлаётгани учун ёшлар маънавиятини юксалтиришга эътиборни янада кучайтириш керак. Оила жамиятнинг бўлаги саналар экан, уни бузган инсон жамият олдида жавоб бериши лозим. Қонунчилигимизда ажрашиш истагидаги шахс ўз хатти-ҳаракати билан жамиятга келтираётган моддий ва маънавий зарарни қоплаши билан боғлиқ меъёрлар киритиш мақсадга мувофиқ. Назаримизда, қонунчилигимизда қайнона ва қайнотанинг ҳуқуқий мақомлари акс эттирилмагани, Оила кодексида уларнинг ўрни қонуний белгиланмагани, қолаверса, миллий урф-одатларимиз уларнинг чексиз ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлишларига имкон беради. Балки дунё қонунчилигида ҳам ушбу мақомлар белгиланмаган бўлиши мумкин. Бироқ кейинги пайтларда оилаларда юз бераётган можаролар, келишмовчиликлар, ажримларда аксарият қайнота ва қайноналарнинг «ҳиссаси» борлиги ушбу тушунчаларга қонуний таъриф берилиши ҳамда уларнинг ҳуқуқ-мажбуриятларини аниқ ва равшан кўрсатиб ўтишни тақозо қилмоқда. Шу билан биргаликда инсон оилада яшашдан манфаатдор бўлишига эришиш зарур. Эрдан ажрашган дугонаси эмин-эркин яйраб яшаётганини кўрган, ўзи тайинсиз эркак, қаттиққўл қайнонанинг таъна-ю дашномларига базўр чидаб келаётган аёл дугонасидан ибрат олмаслиги учун уни қўллаб-қувватлашимиз керак. Оммавий ахборот воситалари орқали оилавий анъаналар, сулолалар тарғиботини кучайтирайликки, токи ёшлар оила-бахт эканини ҳис қилсин. Эллик йил ва ундан зиёд тарихга эга оила соҳиблари моддий-маънавий қўллаб-қувватланса, ёшларнинг улардан ибрат олишга рағбати ошади. Қолаверса, нафақат корхона ёки ташкилотдаги фаолияти, балки оилада барқарор муҳитни шакллантирган, аҳил-иноқ яшаб, жамиятга ўрнак бўлаётган, илмли, зиёли, истеъдодли фарзандларни тарбиялаб, воя­­га етказган инсонларни ҳам маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан давлат мукофотларига тавсия қилиш орқали ҳам оиланинг нуфузини янада ошириш мумкин. Касаба уюшмалари мамлакатимиздаги энг катта жамоат ташкилоти сифатида оилалар мустаҳкамлиги учун ҳаммадан кўпроқ ҳисса қўша олади. Оилавий саёҳатлар, театр ва концертларга оилавий ташрифлар, оилавий спорт мусобақалари ва китобхонлик, анъаналар билан боғлиқ турли танловларни узлуксиз ташкил қилиш бесамар кетмайди, албатта. Ниятимиз эса холис: оилалар мустаҳкам бўлсин, ажримлар барҳам топсин!

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

Read 6701 times

Мақолалар

Top