Мақолалар

“Дардимға хаёлини табиб эт!” (иккинчи мақола)
  1. II. Руҳоний ишқ

Руҳият ила боғлиқ севгида шаҳват бўлмайди. Уларнинг севгиси беғараз бўлиб, бу  севгининг ўзи ҳам учга бўлинади:

  1. Онанинг фарзандига бўлган севгиси. Бу севги мутлақо беғараз ва шаҳватсиз севги бўлиб, беғаразлиги ва шаҳватсизлиги туфайли руҳоний севгининг илк босқичи ҳисобланади.
  2. Лайли ва Мажнуннинг севгисининг ўхшаши кабидирки, уларда асло шаҳват ва манфаат йўқдир. Севганини ўзи учун эмас, севгани учун севади. Ҳар бир нарсада унинг мафаатини истайди. У бахтли бўлиши учун ўзининг наинки бахтидан, балки ҳаётидан ҳам жон деб кечади ва бундан сўз билан таърифлаб бўлмас даражада мамнуният ҳиссини туяди. Бундай кишиларнинг ишқи илоҳий ишққа кўприк вазифасини ўтай олади. Аммо бизнинг моддиятга берилган бугунги давримизда бундай ошиқлар учрамайди.
  3. Бу ишқ ошиқнинг қалби ва руҳи мосуво севгисидан узилиб шаффофлашиш ҳолатида пайғамбарлар ва муршиди комиллар силсиласи ила қалбига ва руҳига тажаллий этган илоҳий нурнинг асрорангиз порлаши ила бошланади. Улар руҳларига тажаллий этган илоҳий ишқ ила сархуш бўладилар. Бу ишқнинг энг улуғворлиги шудир. Бунинг олий кўриниши фанофишшайхуллоҳ ва янада баланди фанофиррасулдир. Муршид бу илоҳий нур ила мурид севгисининг пишиб етилишини кўргач, ўзини унга кўзгу бўлишдан тортиб муриднинг қалбига илоҳий ишқнинг тўғридан тўғри келишига васила бўлади.

Бу ишқ илоҳий ишққа олиб борувчи кўприкнинг айнан ўзидир. Одамлар бу нурни кўра олмагани учун уларнинг ишқларини ҳам англай олмайдилар, аммо уларга қарши эътироз бўлмагани боис уларни инкор ҳам этмайдилар. Фақат зоҳир илм соҳиблари бўлган илоҳиётчиларнинг айримлари илми сабабли ғурурга берилиб, валийлар ва уларнинг йўлларини инкор қилади.

Ҳазрат Навоийнинг “Хамса”сидаги бизга бағоят маҳзун туйиладиган “Лайли ва Мажнун” достонининг XX-боби ёдингиздадир. Унда дам-бадам худ-бехуд бўлиб қолаётган фарзандининг аҳволига чидай олмаган ота-онаси уни шоядки шифо топса деган умидда Каъба тавофига, яъни ҳажга олиб борадилар. Бу воқеа ғоят узун ҳикоя бўлгани боис фикримиз исботи учун ундан қисқартириб фойдаланамиз.

Ҳосили калом, достонда баён этилишича, ота-онасининг таклифига Мажнун (Қайс) дарҳол рози бўлади ва бунга ота-онаси ҳайрон қолади. Чунки у илгарилари Лайлидан узоқроқ масофага бориладиган бирорта сафарга рози бўлмаган эди. Бундан онаи зори ва отаси гўёки жигарпораси Каъбага боргани заҳоти шифо топадигандек севинади.

Аммо буни қарангки, 

Мажнунға кўрунгач ул салобат.

Кўнгли сари юзланиб маҳобат.

 

Ишқ этти димоғини мушавваш,

Кўнгли аро шавқ ёқти оташ.

 

Ёғдурди кўзи ёшин ёғиндек,

Оҳ урдию секриди чоқиндек.

 

Даврида ҳарамнинг ўлди дойир,

Ер гирдида мисли чархи сойир.

 

Юз бирла қилиб тошини заркор,

Ашкин оқизиб нечукки паргор.

 

Рухсори супургач ул эшикни,

Ҳалқасиға урди чуст иликни.

 

Ҳар бормоғиғаки руст ўлуб тоб

Бир ҳалқаға тушти неча қуллоб.

 

Ул тавқи мурод ичига дарҳам

Қуллоби муҳаббат ўлди маҳкам.

 

Қуллоби чу бўлди ҳалқаға банд,

Занжири тазаллум ўлди пайванд.

 

Бир навъ тазаллум оҳи чекти,

Ул дуд ила ғам сипоҳи чекти

 

Ким, чарх либосин этти ул дам,

Каъба тўнидек либоси мотам.

 

Айлаб ани бўйла мотами зор,

Фарёд кўтарди мотамивор.

 

Дедики: «Аё ҳакими доно,

Ҳар ҳукмда ҳокиму тавоно!

 

Эй ишқ ўтин айлаган жаҳонсўз,

Андин мени нотавонни жонсўз.

 

Эй урғон ул ўтни хирманимға,

Хирман неки, жон била танимға!

 

Эй ишқ ангаким, мулозим этган,

Ҳижрон ўтин анга лозим этган!

 

Эй кимгаки ишқдин солиб банд,

Талх айлаб анга насиҳату панд!

 

Эй ишқ ила ониким қилиб фош,

Атфолдин анга ёғдуруб тош!

 

Эй кимники айлаган паричеҳр,

Девонаси сори бермаган меҳр!

 

Эй жон аро солиб озари ишқ,

Кўнгул садафида гавҳари ишқ.

 

Ишқ ичра букун мени шикаста

Келмиш мен асиру пойбаста.

 

Ҳар раги таним ичра ишқ банди,

Жон риштаси ишқнинг каманди.

 

Тори баданим аро бўғунлар,

Ҳам ишқ танобидин тугунлар.

 

Жисмим аро доғи бекарона,

Ишқ ўтларидин келиб нишона,

 

Мамлу анинг ўти бирла жоним,

Жоним неки, мағзи устухоним.

 

Бу ишқ ўтиким баён қилурмен,

Муҳлик ғамини аён қилурмен.

 

Демонки, мени тарабға хос эт,

Ўхуд ғами ишқдин халос эт!

 

Дерменки, манга бу ўтни ҳар дам,

Афзун қилу, қилма заррае кам!

 

Чек, айнима ишқ тўтиёсин,

Ур қалбима ишқ кимиёсин!

 

Кўнглумга фазо ҳарими ишқ эт,

Жонимға ғизо насими ишқ эт!

 

Ишқ исидин эт дамимни мушкин,

Ишқ ўтидин эт юзумни рангин!

 

Бўйнум уза, «айн»ин айлагил тавқ,

«Шин»ин қил ичимга шуълаи шавқ.

 

«Қоф»ни манга айла кўҳи андуҳ,

Кўнглумга ғамини кўҳ то кўҳ,

 

Уч нуқтасини шарора айла,

Иккисини икки хора айла.

 

Ул шуълаға ҳам керак шарора,

Бу қофға доғи хора пора.

 

Жонимға сол ул шарорани ҳам,

Бошимға ур ушбу хорани ҳам.

 

Юз мунчаға элни мониъ этма,

Минг мунчаға мени қониъ этма!

 

Кўнглум ғам ила тўқ айла, ё Раб!

Ишқ ичра мени йўқ айла, ё Раб!

 

Дерлар манга: «Ишқни унутғил,

Лайли ғамидин канора тутғил».

 

Аллоҳ-аллоҳ, бу не сўз ўлғай,

Ул қавмға тенгри узр қўлғай.

 

Ў Рабки, бу хушгувор бода,

Жоми талабимға қуй зиёда!

 

Ул бодадин ўйла тут манга қўш

Ким, ёдима ҳаргиз ўтмасун ҳуш!

 

Лайли ишқин танимда жон қил,

Лайли шавқин рангимда қон қил.

 

Дардимни нажотим эт, Илоҳи,

Ёдини ҳаётим эт, Илоҳи!

 

Ҳар дамки эмас анинг хаёли,

Кўнглум уйин андин айла холи!

 

Ҳар ўтки, йўқ  анда ишқ сўзи,

Мен хастаға қилма они рўзи!

 

Ҳуйики эмас анинг ғамидин,

Фош этма бу телбанинг дамидин.

 

Дардимға хаёлини табиб эт!

Жонимға висолини насиб эт!

 

Ғайрин назаримда фони айла,

Меҳрин манга жовидони айла!

 

То бўлса ҳаётдин нишоним,

Садосини қил тан ичра жоним!

 

Жон чиқса бу жисми нотавондин,

Ёди била-ўқ чиқор жаҳондин.

 

Танлар тирилурга қўйсалар юз,

Кўйи елидин танимни тиргуз!

 

Дўзах манга етса жовидони,

Ишқи ўтидин қизитқил они.

 

Жаннат сари чекса сарнавиштим,

Васли ҳарамини қил биҳиштим.

 

Онсиз мени бир дам этма мавжуд,

Будумни қил онсиз ўлса нобуд!»

 

Гарм айлабон они бу муножот,

Атрофида лол аҳли ҳожот.

 

Ул қойилу юз асири ғамгин,

Борининг ўлуб ҳадиси «омин».

 

Бехуд қолибон фақир атоси,

Ҳайрон бори хешу ақрабоси.

 

Бу навҳаву ашку нолишидин,

Бори юдилар илик ишидин.

 

Ул ҳам чу тугатти навҳаи дард

Бўлди яна ақлу ҳушидин фард.

 

Охир кўтариб неча дилафгор,

Манзилларин ўлдилар талабгор.

 

Ишқ ўти кўнгулни куйдурур чоғ.

Манъиға су қуйсалар бўлур ёғ.

 

Ҳаж тавфида ишқини ирода,

Кам айлабу ул бўлуб зиёда.

 

Эй, зойири Каъбаи саодат,

Лутфунгдин этармен истифодат

 

Ким, бизни дағи дуода ёд эт,

Бу ишқ ўти шуъласин зиёд эт!

Бечора ота-онанинг умид қилгани тескари чиқиб, Мажнун Каъбага яқинлашгани заҳоти қалбидаги ишқ оташи янада баланд пардадага чиқиб, баттар жазавага тушади.

Нега шундай бўлади?

Ёдингизда бўлса, Қайс мактабга борган куниёқ Лайлини учратади ва ўша заҳоти қалбини ишқ ўти куйдириб беҳуш бўлади. беш-олти ёш болага ишқ шу қадар туғён қилиши мумкинми? Авомлар ишқи нуқтаи назаридан, бундай бўлиши мумкин эмас. Кайковус “Ёш болалар ва кексалар ошиқ бўлмайдилар, чунки уларнинг табъ латиф бўлмайди, инсон табъ латиф бўлганидан сўнггина ошиқ бўлади”, дейди. Балоғат остонасига келиб қолган ўсмирлар ва ёшларнинг табъ латиф бўлади ва  баъзилари ўзини бошқара олмай қоладиган даражада ҳайвоний ишққа мубтало бўладилар. Аммо Мажнун беш ёшда. Демак, унинг ишқи ҳайвоний ишқ – авом ишқидан холи, Навоий ҳазратлари айтганидек, “Ул пок кўзни пок назар била пок юзга солмоқдур ва пок кўнгул ул пок юз ошубидин қўзғолмоқ ва бу пок мазҳар воситаси била ошиқи покбоз маҳбуби ҳақиқий пок жамолидин баҳра ол”ди. Яъни бу ерда шаҳвониятга асло ўрин йўқ.

Аллоҳ таоло Мажнуннинг қалбига руҳоний ишқ уруғини жойлади. Мажнун пок кўзи билан Лайлининг пок юзига назар солди ва унинг юзининг покизалигидан кўнгли қўзғалди ва покиза маҳбуби воситаси ила ҳақиқий пок жамолдан баҳра олди. Ана шунинг учун ҳам Мажнун Каъбага келганида  қалбидаги туғёни жўшиб, Каъба эшигига юзини суриб, мени ишқдан халос эт демайман, ишқни янада зиёда қил дейман, дейди ва “ишқ” сўзининг ҳар бир ҳарфини ва ҳарфлар устидаги нуқталарини  ўзига нима қилишини айтиб илтижо қилади:  «айн»ни бўйнига халқа қилишини; «шин» ҳарфини  ичига шуълаи шавқ этишини; «қоф» ҳарфини ғаму андуҳ тоғига айлантиришини, кўнглидаги андуҳ тоғининг устма-уст тахланишини; “шин” ҳарфи устидаги уч нуқтани шарора – учқун, аланга айла; “қоф” ҳарфи устидаги икки нуқтани эса иккита қоятош қилишини сўрайди.

Ҳазрат Навоийнинг маҳзун достонларининг бош қаҳрамонлари – Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширин бир-бирининг дийдорига ета олмасдан ҳажр азобида вафот этиб кетади. Нега? Чунки уларнинг ишқи илоҳий ишққа кўприк вазифасини ўтовчи руҳоний ишқ – хослар ишқи эди.

 

(Боши ўтган сонда, давоми бор

Дамин ЖУМАҚУЛ

     

 

Read 3900 times

Мақолалар

Top