Мақолалар

Ер остида ярим соат ёхуд лаҳадда кечган лаҳза

“Бу одам ё телба ёки бошига бирор катта мусибат тушган...”. Ярим кечаси қабристон деворига тирмашаётганимни кўрган одам шундай хаёлга бориши аниқ эди. Аслида ҳам шундай, ахир, намозга бепарволикдан ортиқ мусибат борми?..

Бир пайтлар ўқиган эдим. Суфён Саврий ҳазратлари уйида ўзи учун қабр кавлаб, баъзи-баъзида унинг ичида ўлим ҳақида тафаккур қилиб ётаркан. Кейин ҳаяжонланганча: “Раббиржиъни (Раббим, мени қайтар)”, дея ўрнидан турар, устидаги тупроқни қоқиб айтаркан: “Дунёга такрор қайтдинг, кўрайлик, савоб қозонишга қандай киришасан?..”

Яқин кунлардан буён ибодатга бепарвоман. Намозларни бесабаб қолдира бошладим, айниқса, бомдодни... Бу ҳолат қайтарилавергач, Суфён Саврий ҳазратлари каби нафсимга жазо беришим лозим, деган қарорга келдим. Ҳеч ким билмасин дея, ярим кеча қабристон деворига тирмашаётганим шундан. Чунки эшикдан кирсам, қоровул кўриб қолади...

Мана, девор устига чиқдим. Этни жунжиктирадиган даражада қоронғу, сокинлик. Ичимни қўрқув қоплади. Қабрларга тикилганча ўйланиб қолдим: буларнинг баъзисида севинч бор, баъзисида азоб. Агар марҳумлар тилга киришса, Расулуллоҳ айтганларидек: “Намозга диққатли бўлинг!” деб ҳайқиришарди. Шу ўй билан пастга қандай сакраганимни билмай қолдим. Тушдиму деворга орқам билан ёпишиб олдим. Секингина бошимни буриб, ён томонга қарадим. Аввалдан билардимки, бу томонда кавлаб қўйилган қабрлар бор. Ўша томонга қадам ташларканман, оёқларим тош боғлангандек оғирлашганини ҳис қилдим. Нима бўляпти менга, қулоғим остида шивир-шивирлар, кимнингдир нафаси... Орқамга қарасаммикан? Йўқ! Булар ҳаммаси шайтоний васвасалар. Ахир, хуфтонни жамоат билан бирга адо қилдим, иншааллоҳ, Аллоҳ муҳофазасидаман, қароримдан ҳеч нарса чалғитолмайди.

Мана, қабр оғзида ўтирибман. Шу пайтгача бу ердан ҳам қоронғироқ жой кўрмаганман. “Қандай жасорат билан бу ергача келдим? Қабр ичида мени нималар кутаётган экан?” каби саволлардан юрагим оғзимга келди гўё. “Шу ердан қайта қоламан, қасамни бузганим учун уч кун рўза тутаман. Ҳозир эса қабр четида бир оз ўтираману кейин кетаман”, деган хаёлда титраётган тиззаларим билан чўккаладим. Қўрқув ва васвасаларни қувиш мақсадида “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм”, дея зулмат қоплаган очиқ қабрга тикилганча ўйга толдим. Ё Аллоҳ! Бу ерга ҳар бир инсоннинг келиши муҳаққақ. Ўлимдан қочиш йўқ. Лекин шуни била туриб нега дунёнинг ортидан бунчалик қувамиз? Парвардигоро, қанчалаб инсонга озор бердик, қанча ғийбатлар қилдик, намозни тарк этган... Била туриб ғафлатга ботамиз, Сенга исён қиламиз. Сўнгги маконимиз эса шу – қоронғу лаҳад...

Шу ўйлар остида Аллоҳга таваккул қилиб, ўнг оёғимни узатдим ва қабрга тушдим. Елкамдаги ёпинчиқни тўшаб, ётиб олдим. Қаттиқ қўрқувда эдим. Ўйладимки, ҳозир устимни тупроқ кўмиб қўйса-я? Дарҳол ётган жойимда кўзларимни юмиб олдим, юрагим қинидан чиқиб кетмасин, вужудимнинг титраши тинсин дея... (Агар мен, яъни тирик, куч-қувватли одам шу ҳолга тушса, ўликнинг ҳоли нима бўлар экан?)

Ичкаридан, зулмат қоплаган лаҳаддан уфураётган совуқданми ёки қўрқувданми жунжикардим. Ортиқ лаҳад томон боқишга жасорат қолмади менда. Бутун вужудим қалт-қалт тит­рар, совуқ тер босган, кўз ўнгимда ўлим билан боғлиқ манзаралар... Ўлим онида ҳолим нима бўлади, ё Раббим! Жасадимни тобутга солишади. Яқинларимдан бири “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дея қабрга қўяди. Кейин устимдан тупроқ тортишади. Жамоа бир оз дуо қилгач, кетади. Сўнгра сўроқ-савол бошланади: “Эй инсон, сени карамли Парвардигоринг ҳақида (Унга ибодат қилма деб) нима алдаб қўйди?!” (Инфитор, 6). Фарз намозларини нега тарк қилдинг? “Ҳолбуки, Момақалдироқ (ҳам) Унга ҳамд билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам Ундан қўрққанларидан(тасбеҳ айтурлар)...” (Раъд, 13).

Ўйларим шу ерга етганда чидолмадим, энг сўнгги бардошим ҳам тугаб битди, бақирганча ўрнимдан туриб кетдим:

– Роббиржиъни!..

Кўзёшларим юзимни юварди. Йиғи ичида Аллоҳга тинмай ҳамд айтардим: “Ўзингга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, ҳали тирикман, тавба умидим бор. Астағфируллоҳил азийм ва атубу илайҳ”. Парвардигор ҳузурида нақадар кучсиз ва чорасиз эканимни янада чуқур англаган ҳолда ёшли кўз, эгик бўйин ила қабрдан чиқдим. Уйим томон борарканман, яккаш: “Эй Қодир Эгам, Сен нақадар буюк зотсан”, дея такрорлардим...

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

тайёрлади

Read 4647 times

Мақолалар

Top