Мақолалар

У кун келмасидан тайёр бўлайлик...

Яланг текислик. Қарасангиз, дунёнинг нариги тарафи кўринади. Бу – маҳшар майдони. Ҳамма халқ, яратиқ тўпланган. Даҳшатли кун. Бу куннинг муқаррарлигининг хабарини бериб Аллоҳ таоло бундай дейди: “У кунда (эй, инсон!) Ёлғиз Раббинг (ҳузурида) қарор топишгина бор” (Қиёмат сураси. 12-оят).

Ҳамма тиз чўкиб, Аллоҳга ёлвориб узрлар айтмоқда. Ахир бу ҳолатнинг неча минг йиллар бурун хабари берилган эди: “Гарчи (у) узрларини (ўртага) ташласа ҳам(Қиёмат сураси, 15-оят). Бироқ ким бу оятларга қулоқ солди-ю, ким ёлғонга чиқарди. 

Мен ҳам тиз чўкиб турибман. Бутун вужудим кучли қўрқувда. Буни тасвирлаш жуда мушкул. Қўрқувнинг зўридан бутун аъзои баданим қалтирайди. Кўзларимдан ёш сел каби оқмоқда. Фақат Уни зикр қилардим, мен бу куннинг келишидан хабардор эдим. Шундай бўлса-да, қўрқувимнинг на чеки бор, на чегараси. Илоҳий амрни ҳамма кутарди. Баногоҳ танамдаги аъзолар бўлак-бўлак жонли мавжудотдек туйила бошлади. Чунки ҳар бир аъзомнинг Улуғ кун қўрқувидан алоҳида-алоҳида титраётганини аниқ ҳис қилдим.

Ёнимдаги одам бу куннинг келишига шубҳа қилган ва Қуръон амрларини бажармаган, дунёнинг ҳою ҳавасларига берилган бир банда эди. У тўхтовсиз бир сўзни такрорларди: “Менга яна умр бер, ҳаммасини бошдан бошлашимга изн берсанг барча амрларингга итоат этаман”, дейди ва зор-зор йиғлайди. Ўша чоқ шундай хитоб эшитилди: “Кўряпсанми, у дунёдалигида шайтоннинг йўлида юрган баднафс киши эди, унинг ҳеч қайси узри қабул бўлмайди”. Мен бир лаҳза ёнимдагига кўз қиримни ташлашга ботинолдим, холос. Аммо юзини кўрар даражада ўгирила олмадим. Аммо аввалгидан-да кучлироқ қўрқувда қолдим.

Бу парда мендан кўтарилди. Манзаралар йўқолди, аммо мени ҳали ҳам қўрқув тарк этмади.

Қарасам, пешиннинг вақти кирибди. Секин ўрнимдан турдим. Юзимни шашқатор кўз ёшларим юварди. Қалтирай-қалтирай жойнамозга келдим, ҳатто тилим ҳам айланмаяпти, шунда оламларга раҳмат қилиб юборилган буюк зотнинг: “Агар шу йўлдан юрсанг, оиланг ҳам юришга ҳаракат қилса, қиёматда сени ва оилангни ўз шафоатимга оламан”, деганларини эшитдим. Бу муборак сўзлардан сўнг танамдаги қалтироқ ҳам, қўрқув ҳам мени тарк этди.  Руҳиятимни аллақандай хотиржамлик чўлғаб олди. Ва яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Даъват қилиш масаласида мен мисоли улкан дарахт бўлсам, сен заррасан”. Бу сўзларнинг мазмун моҳиятига тўлиқ тушунмаган бўлсам-да, қалбим бошқача ҳузурни туйди. Кўзимни очсам, бари бир хуш туш экан.

Биздан кўп нарса талаб қилинмайди: яхшилик, хушфеъллик, меҳр-оқибат ҳамда итоат. Унга чин дилдан итоат қилсак, барча ишларимиз осон бўлиб қолади.

 

Нилуфар Қўчқорова

 

 

 

 

 

Read 3839 times

Мақолалар

Top