Мақолалар

Хотира чироғи ўчмайди

Инсон қадри муқаддас, инсон хотираси барҳаётдир. Хотираси бўлмаган, тарихини унутган, ўз аждодларини танимаган халқнинг келажаги йўқ. Бизнинг халқимиз тарихдан ҳаётнинг кўп синовларига дош бериб, қанчадан-қанча қийинчилик довонларидан ошиб, кунда мустақиллик деган улуғ неъматга эришди. Лекин шу йўлда асрлар давомида азоб-уқубатларни бошидан кечириб, ватан учун, эл-юрт учун, мана шу мусаффо осмон учун фидо бўлган қанчадан-қанча ватандошларимиз бор.

Уруш. Қанчадан-қанча инсонларнинг ёстиғини қуритиб, ҳаёт шамчироғини ўчирган, она кўзларини ёшга тўлдириб, тошларнида йиғлатган, норасида болаларни онаси бағридан жудо қилган инсонлар онгида, қалбида ўчмас из қолдирган тарихий хотирадир.

Бу урушда халқимиз фарзандлари тинчлик учун қўлларига қурол олиб, жанг майдонига отланганлар. Уларнинг қаҳрамонлиги муқаддас, жасорати улуғ, хотираси инсонлар қалбидадир. Ўша оловли уруш йилларини, фронт ортидаги машаққатли меҳнатни хотирлаб, бир-бирлари билан дийдор кўришаётган отахон ва онахонлар чеҳраларида қутлуғ замона, ҳаётдан мамнунлик, ҳамда тинчликка шукрона туйғуси намоён. Хотира деганда, биз фоний дунёдан ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг пок номини қадрлаб, эзгу ишларини давом эттиришни тушунамиз. Зеро, инсон қадрини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Ҳадиси шарифда ўтганларни яхшиликлари билан эслаб туришга чақирилади. Жумладан ҳадислардан бирида шундай дейилади: “Ўлиб кетганларни ёмонлаб ҳақорат қилманглар, чунки улар қилмишларига яраша мукофот ёки жазо оладиган жойга кетганлар”. Яна бир ҳадисда эса шундай марҳамат қилинади: “Дунёдан ўтиб кетганларнинг фақат яхши сифатларини ёд этинглар. Ёмон сифатларидан тилингизни тийинглар”.

Бундан ташқари, ўтганларни хотирлаш учун қабристонни ҳам зиёрат қилиб туриш фазилатли экани таъкидланади. Манбаларда ёзилишича, қабристонга боришдан аввал қабристон зиёрати одобларига риоя қилиш муҳимдир. Хусусан, қабрларни босмаслик, бақириб йиғламаслик, қабрларни ушламаслик ва ўпмаслик жоиз саналади. Ҳадислардан бирида Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: “Қабристонни зиёрат этиб туринглар, зеро у сизларга охиратни эслатади”.

Донишмандлар пандларида ҳаёт ибрати мужассам. Уларнинг баъзи фикрлари мавзумизни янада бойитади. “Шуҳрат билан ёдланишни ҳакимлар иккинчи умр демишлар”, дейди Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Чиндан ҳам ўтиб кетган инсонларни ёдга олиш, уларнинг қилиб кетган яхшиликларидан фахрланиш уларнинг барҳаётлигини эслатади.

Муҳаммад ибн Муҳаммад Жомий шундай дейди: “Ота-она вафот этгандан сўнг ёру дўстларини уйингга таклиф этиб, улар билан бирга ота-онанг хотирасини ёд эт, ота-онанг яхши кўрган овқатлардан тайёрлаб, унинг биродарларига нисор айла!”. Дарҳақиқат, ана шундай фазилатли амаллар бизнинг инсонийлигимизни белгилайди, эзгуликларимизни орттириб, савобу ажрларга нойил этади.

 “Хотира ва қадрлаш куни” деб эълон қилинган 9-май том маънода инсон хотираси ва қадрига нисбатан адолатни тиклаган, асл ҳақиқатни ўзида мужассам этган муҳим тарихий санага айланди. Кўпгина аждодларимизнинг ёстиғини қуритган иккинчи жаҳон уруши якун топганига 70 йилдан ошди. Лекин ҳануз халқимизнинг унда кўрсатган улуғ жасорати ёдимиздан чиққани йўқ. Тинчлик шукуҳи кезиб юрган шу кунларда юртимизда хотира ва қадрлаш куни алоҳида эътибор билан байрам қилинаётгани теран маънога эга. Бинобарин, тарихий ғалабани таъминлашда юртдошларимизнинг ҳам хизматлари беқиёс бўлган.

Ўтганлар руҳини ёд этиш, тирикларга меҳр-оқибат кўрсатиш, қадриятларга эҳтиромда бўлиш ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси саналади. 9-май “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан халқимизнинг эзгу фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади. Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларининг гувоҳи бўлган юртдошларимиз тобора камайиб бормоқда. Ёшликнинг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларида ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати бизга куч бағишлайди. Ана шу воқеалар кечган оғир кунлар ёди бугун нафақат уруш қатнашчилари, балки бутун авлодлар хотирасидан ҳали ҳамон ўчгани йўқ.

Инсон инсонга малҳам дейишади. Бу файласуфона гапнинг замирида бир-биримизга кўрсатаётган эътибор, меҳр-муҳаббат каби эзгу тушунчалар мавжуд. Аслида бу каби эзгу кўникмаларни қон-томиримизгача сингиб кетган ўзлигимизнинг бир кўриниши холос. Демоқчи бўлганимиз, олтин меросини, тарихини қадрлайдиган ёшлари бор юртнинг келажаги буюк бўлади.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири З.Мирсадиков

Read 4864 times

Мақолалар

Top