Мақолалар

Яхшилик  ва ёмонлик  таърифи

Наввос ибн Самъондан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳдан (соллалоҳу алайҳи васаллам) “Яхшилик (бирр) ва гуноҳ ҳақида сўрадим. У зот (алайҳиссалом) бундай жавоб бердилар: “Яхшилик гўзал ахлоқдир. Гуноҳ, юрагингни сиқадиган ва одамлар билиб қолишини истамайдиган нарсадир” (Имом Муслим, Имом Термизий). 

Шарҳ:

  1. Биз “яхшилик” деб таржима қилган “бирр” Қуръони каримнинг бир неча оятларида келган ва таърифланган: “Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буриб, (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхши кишилардир...” (Бақара, 177);

“...Яхшилик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилин­гиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..” (Моида, 2).

  1. Имом Нававий Имом Муслимнинг китобига битган шарҳида олимларнинг “бирр”ни бундай изоҳлашганини ёзади: “Силаи раҳм, илтифот, хушмуомалалик, ширин сўз ва тоат. Буларнинг ҳаммаси “бирр”га – гўзал ахлоққа киради”.

Тибий “бирр” сўзи ҳадисларда турлича изоҳланганини айтади: «Бир ўринда бу сўз қалб ором оладиган нарса”, яна бир ўринда “имон”, бошқа жойда “кишини Аллоҳга яқинлаштирадиган нарса” дейилган бўлса, бу ҳадисда “гўзал ахлоқ” деб таърифланган. Гўзал ахлоқ эса, азиятга сабр қилиш, ғазабланмаслик, очиқ юзли ва ширин сўзли бўлиш каби бир-бирини тўлдирувчи ҳисобланади».

  1. Гуноҳ “юракни сиқадиган нарса” деб таърифланган. Бу (сиқилиш)ни уламолар одамнинг ичидаги беқарорлик, тараддуд ва кўнгил ёришмаслиги, қалбда шубҳа ва гумонлар, қўрқув пайдо бўлиши, деб шарҳлашган. Бундай ҳам таъриф берилган: “Ёмонлиги қалбга таъсир қиладиган ва ё унда тараддуд ҳосил қиладиган, ёмонлиги туфайли одамлар билиб қолишидан қўрққанинг гуноҳдир”. Ҳадисда ҳам шунга ишора қилинади: “...одамлар билиб қолишини истамайдиган нарсадир”.

Инсон нафси, табиати тақозоси билан бир яхши иш қилса, бошқалар уни билишини хоҳлайди. Шундай экан, агар нафсинг бирор ишингни бошқалар билишини истаса, у Аллоҳга яқинлаштирадиган амал бўлмайди. Бошқача ифодаласак, бундай ишда яхшилик йўқ, бу “бирр” эмас, гуноҳ ва ёмон иш демакдир.

 

“Кутуби ситта” асосида

Содиқ НОСИР

тайёрлади.

 

«Ҳидоят» журналидан

 

Read 5362 times

Мақолалар

Top