Мақолалар

Қуръони Карим лафзидаги мўъжиза

Қуръон Аллоҳнинг Каломи. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган энг катта мўъжизадир. Қуръоннинг суралари, оятлари, жумлалари, лафзлари ва ҳатто лафздаги ҳаракатлари ҳам мўъжизадир. Ушбу мақолада Қуръоннинг лафзидаги мўъжизалардан бирини кўриб чиқамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

فَادْخُلُواْ أَبْوَابَ جَهَنَّمَ خَالِدِينَ فِيهَا فَلَبِئْسَ مَثْوَى الْمُتَكَبِّرِينَ

“Бас, жаҳаннам эшикларидан, унда абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг! Бас, мутакаббирларнинг қайтар жойи қандоқ ҳам ёмон!” (Наҳл сураси, 29-оят).

Қуръони Каримда фақатгина шу оятда فَلَبِئْسَ  (фалабиъса) калимаси “лом” ҳарфи билан келган. Чунки, Аллоҳ таоло бу оятда ўзлари адашиб, бошқаларни ҳам адаштирган кимсалар ҳақида гапирган. Улар ҳақида мана бу оятда бундай деган:

لِيَحْمِلُواْ أَوْزَارَهُمْ كَامِلَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَمِنْ أَوْزَارِ الَّذِينَ يُضِلُّونَهُم بِغَيْرِ عِلْمٍ أَلاَ سَاء مَا يَزِرُونَ

“Қиёмат куни ўз гуноҳларини тўлалигича ва жаҳолат ила йўлдан адаштирган кишиларнинг гуноҳларидан кўтаришлари учундир. Огоҳ бўлинг! Улар кўтарган нарса қандоқ ҳам ёмон!” (Мазкур кофирлар куфрлари, Қуръонга иймон келтирмай юрганлари ва одамларни Қуръондан тўсганлари учун етарли жазо оладилар. Қиёмат кунида улар ўз гуноҳларини тўлалигича кўтарадилар, яъни, шунга яраша жазога йўлиқтириладилар. Бунга қўшимча равишда, ўзлари жаҳолат ила Қуръонга қарши ташвиқот олиб бориб йўлдан адаштирган кишиларнинг гуноҳларидан баъзисини ҳам кўтарадилар. Унга яраша қўшимча жазо ҳам оладилар. Ўз гуноҳларига бошқаларнинг гуноҳларини ҳам қўшиб кўтарадилар.) (Наҳл сураси, 25-оят).

Ўша кофирлар иккита залолатни (ўзларининг залолатлари ва бошқаларни ҳам йўлдан адаштиришларини) жамлаганлари сабабли Аллоҳ таоло уларга бўладиган жазо қаттиқ эканини таъкидлаш учун (биъса) сўзига “лом” ҳарфини қўшиб қўйди. Чунки, араб тилида “лом” ҳарфи феълга қўшилса, ўша ишнинг қатъий равишда, аниқ содир бўлишини билдиради, таъкидлайди.

Қуръони Каримдаги бошқа оятларда эса بِئْسَ (биъса) калимаси “лом” ҳарфисиз келган. 

 

Шайх Солиҳ Туркийнинг “Мин роваиъил Қуръан”

номли мақоласидан

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

таржимаси

 

 

Read 3798 times

Мақолалар

Top