Мақолалар

Нафсни  поклаш  фурсати

Меҳрибон Парвардигоримизга беадад ҳамду санолар айтамизки, муборак рамазон ойининг файзу баракотга тўла кунлари бошланмоқда. Бу ой бизларга нафсимизни тарбия қилишимизда ёрдам беради. Зеро, рўза орқали нафс сабрга, муҳтожларга меҳр-шафқат кўрсатишга, Аллоҳга итоат қилишга ўрганади. Барча пайғамбарлар (алайҳимусаллом) нафс тарбиясида ана шу ибодатдан фойдаланганлар. Масалан, Юсуф (алайҳиссалом) бутун Миср мулкига эга бўлганлари ҳолда доимо оч юрар эканлар. У зотдан: “Бутун ер хазиналари сизда бўлса-ю, нега оч юрасиз?” деб сўралганида, “Тўқ бўлсам, очларни эсдан чиқариб қўйишдан қўрқаман”,  деб жавоб берганлар.

Дарҳақиқат, рўза сабр имтиҳонидир. Инсон ушбу ибодат машаққатига сабр қилса, охиратдаги азобдан қутулади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара, 185), деб марҳамат қилади.

Рўзадаги вақтинчалик очлик ва чанқоқлик машаққатини тотиш орқали охиратдаги оғир машаққатдан қутулиш имконияти ушбу оятнинг яна бир ҳикматини кўрсатади.

Ҳадисларда сабр уч қисмдан иборат эканлиги баён этилган: тоат ва ибодатларда сабрли бўлиш; гуноҳлардан сақланишда сабрли бўлиш; мусибат ва қийинчиликларга сабр қилиш.

Рўзада сабрнинг ҳар уч қисми ҳам мужассамдир. Рўза  айни ибодатдир. Сабр билан уни камолига етказиш ва муддатини тўлдириш лозимдир. Рўза гуноҳлардан тўсувчи пардадир. Барча аъзоларни ёмон ишлардан сақлаш билан ҳақиқий рўзага эришиш мумкин. Бу эса рўзадордан катта сабр-матонат талаб этади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг собир бандалари жумласидан қилсин!

 

Шайх Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

“Раҳмат ойи рамазон” китобидан

 

Read 4025 times

Мақолалар

Top