Мақолалар

Фидяни кимлар беради?

Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган кексалар ва сурункали касал бўлиб, тузалишига умид бўлмаган беморларга шариатимиз рўза тутмасликларига рухсат беради (“Баҳрур роиқ”).
Булар Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя берадилар. Фидя миқдори Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан милодий 2018 йил (ҳижрий 1439 йил) учун ўртача 12 000 (ўн икки минг) сўм, деб белгиланди.
Рўза тутишга ярайдиган қарияларга эса рўза тутиш фарз бўлади. Рўза тутишга қодир бўла туриб фидя берса, рўза ундан соқит бўлмайди ва фидяси ўз ўрнига тушмайди.
Маълум вақтлардан кейин тузаладиган касалликка чалинган шахсларга рўза тутиш зарар қилса, буларнинг ҳам рўза тутмасликларига шариатимиз рухсат беради. Аммо булар фидя бермайдилар, чунки қачондир тузалишларига умид бор. Тузалганларидан кейин қазо бўлган кунларнинг рўзасини тутиб берадилар.
Фидя берувчилар хоҳласалар, фидяларининг ҳаммасини бир қилиб, Рамазон ойининг бошида ёки охирида беришлари мумкин (“Фатовойи Ҳиндия”).
Фидя закот олиши мумкин бўлган кишиларга берилади.
Агар улар фидя беришганидан кейин қувватга тўлиб, рўза тутишга кучлари етадиган бўлиб қолишса, тутмаган рўзаларининг қазосини тутишлари керак (“Ниҳоя”).


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

Read 8030 times
Tagged under

Мақолалар

Top