Рамазон-2018

Қуръон нозил бўлган ой

Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, унинг қалбини ғуборлардан тозалайди.

Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара,183). Яъни, Рамазон рўзасидан кўзланган мақсад мўминларда тақвони шакллантириш экан.  

Рамазон ойларнинг султонидир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ойларнинг энг афзали Рамазондир» (Имом Табароний ривояти), деганлар. Рамазоннинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканидадир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги китоби, қиёматгача боқий қоладиган, барчани ожиз қолдирган мўъжиза каломи Қуръони каримни нозил қилиш учун айнан Рамазон ойини танлаган. Шунинг ўзи бу ойнинг қанчалар улуғ эканини англаш учун етарлидир. Аллоҳ  таоло айтади: «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон туширилгандир» (Бақара, 185). Қадро сурасида эса: «Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик» (1-оят) дея марҳамат қилинади.

 

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Қуръонни аввал Лавҳул-маҳфуздан дунё осмонига бутунича нозил қилган ва бу Рамазон кечаларидан бирида – Қадр кечасида бўлган. Қуръоннинг Ер юзига, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилиниши ҳам айнан Қадр кечасида бошланган. Кейинчалик ҳар Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил (алайҳиссалом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб, у зотга шу Рамазонгача нозил бўлган оятларни такрорлатадиган бўлди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этадиган йиллари Қуръонни Жаброил (алайҳиссалом)га икки бора ўқиб берганлар. Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо) бу муборак хатмга гувоҳ бўлганлар. Бу хатм манбаларда «арзаи охир» – «сўнгги ўқиб ўтказиш» деган ном билан машҳурдир.

 

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг сахийроғи эдилар. Айниқса, Рамазон ойида  Жаброил (алайҳиссалом) у зот билан учрашганда янада сахий бўлиб кетардилар.  Жаброил (алайҳиссалом) Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Тонгги сабо шабадаси барчага хуш кайфият бахш этгани каби, Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саховатларидан ҳам барча баҳраманд бўлар эди» (Имом Бухорий ривояти).

 

 Шу билан бирга Рамазон Райён эшигининг калитидир. Жаннатга киришнинг ўзи катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир. Бу эшикдан эса фақат рўзадор бўлганлар кира оладилар. Саҳл (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Жаннатда бир эшик бор, у «Райён» деб аталади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. «Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда улар туришади. Улар киришгач, у беркитилади. Кейин ҳеч ким ундан кирмайди», дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 

 Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг суннатларига кўра Рамазон билан табрикланади, унга ошиқилади.  Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ойини интиқлик билан кутар, унинг яқинлашганини кишиларга эслатиб турар ва саҳобаи киромларни у билан табриклаб, муносиб тайёргарлик кўришга чорлар эдилар. Бу ҳақида Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ражаб ойи кирганда: «Аллоҳим, бизга Ражаб ва Шаъбонда барака бергин ҳамда Рамазонга етказгин», дер эканлар (Имом Байҳақий ривояти ).

 

Абу Фазл ўз «Муснадида» Салмон (розияллоҳу анҳу)дан қуйидагича ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: «Эй одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда. Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у (рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди.

 

У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир. Ким унда ўз мамлукига (қул ва чўрисига) енгиллик яратса, Аллоҳ уни дўзахдан озод қилади».

 

 

 

Аллоҳим! Рамазон ойининг ана шу фазилатларидан барчамизни баҳраманд эт!  Уни биз учун умрларимизнинг энг савоблиси ва мазмунлиси қил! Шу ойнинг шарофатидан қолган ойларимизни ҳам баракотли, хайрли қилиб, юртимиз ва бутун дунёда тинчлик, хотиржамлик ва яхшиликларингни бардавом қил!

 

 

 

Амрулло ЖЎРАЕВ, 

Бухора шаҳридаги “Мир Араб” ислом 

ўрта-махсус билим юрти мударриси 

Read 50298 times

Мақолалар

Top