Мақолалар

Дин қачонгача геосиёсий ўйинларга ниқоб бўлади?

Фото: «Returnofkings.com»

Эҳтимол, қуйидаги мавзу қиёматгача давом этиши мумкин: қачонгача қилинаётган зўравонликлар учун дин (баъзилар иймон ҳам дейди) ҳаракатланувчи куч бўлиб хизмат қилади?

Бир қараганда, айтилган сўзлар мантиқсиз кўриниши мумкин. Зўравонликларни (уруш, теракт, бомбардимонлар) қилаётганларнинг аксари ўз ҳаракатларини муқаддас матнлар билан асослаб турса, ўзларини динни барпо қилувчи қилиб кўрсатса ва қилаётган зулмларини диний шиорлар билан асосласа, яна қандай шубҳа бўлиши мумкин?

Балки физика бўйича Нобель мукофоти совриндори Стивен Вайнберг шуларни назарда тутиб айтгандир: «Дин ичида ёки ташқарисида яхши одамлар ўзини тўғри тутиши мумкин, ёмонларлар эса зулм қилаверади. Яхши одам зулм қилиш учун дин керак» («With or without religion, good people can behave well and bad people can do evil; but for good people to do evil — that takes religion»).

Шунчаликми?

Насронийлар насронийларга қарши? Мусулмонлар мусулмонларга қарши?

Тортишмайман, жаҳон майдонида бўлаётган ҳамда диний шиорлар кўтариб чиқилган барча ваҳший жараёнларда фақат диний омилни кўраётганлар, масалан, XVII-XVIII асрларда яшаб ўтган либерализм назариётчиларидан саналган Жон Локка суянишлари мумкин. У масалани қуйидагича баён қилган: «Нега насронийлик бошқа динларга қараганда кўп даражада жуда кўп фирқа, уруш ва фуқаролик жамиятидаги тартибсизликлар келиб чиқишига сабаб бўлди. Ва диний бағрикенглик ва дунёқарашнинг кенг бўлиши бу фожиаларнинг олдини олиши мумкинми?»

Эҳтимол, бироқ, мана буларга нима дейсиз, жаҳон тарихидаги бу шармандали воқеаларни қандай изоҳлаш мумкин? 1204 йили насронийлар Рими «Муқаддас замин»ни «кофирлар»дан (мусулмонлардан) тозалаш учун навбатдаги (тўртинчи) салибчилар юришини эълон қилди. Бироқ, бунинг оқибатида Византия пойтахти ва ўзларига ўхшаган насронийларнинг шаҳри Константинопол ҳужумга учради. Ва яна қай тарзда-а?!

Келинглар, ўша вақт Рим Папаси бўлган Иннокентий III мактубларининг бирига назар солиб кўрайлик: «Ёши, жинси ва динларни фарқ қилмай баъзи (салибчилар) одамлар кўз ўнгида зўравонликлар, фаҳш ва бошқа разолатларга қўл уришди. Аскарларнинг шаҳватини қондириш учун эри бор аёллар, бевалар ва ўзини Худога бағишлаган қизлар ҳам бериб юборилди. Буларга салтанат бойликлари, бой ва камабағал одамларнинг мол-мулклари, черков пуллари ва ундаги икона, хоч ва бошқа муқаддас ашёларни талон-торож қилиш камлик қилди» (Иқтибос Иннокентий III маркиз Монферратга ёзган мактубидан олинди).

Эслатиб ўтамиз, насронийлар насронийларга қарши урушган: Католик Рими православ Византияни жойига ўтқазиб қўймоқчи бўлган. Бироқ, қани холис айтайлик-чи, бу зўравонликларнинг асосида ҳақиқатан ҳам диний омил бор эдими? Ёки бўлиб ўтган воқеаларнинг замирида геосиёсий сабаблар бор эдими?

Агар бир насронийларнинг бошқа насронийларга бўлган қарши ҳаракатларини сиёсий омил бошқарган бўлса, хунрезликларга сабаб қилиб насроний динини кўрсатиш қанчалик адолатдан бўлар эди? Майли барча ҳужумлар Худонинг номи билан бошланган бўлса ҳам, насронийлар ўзларига ўхшаган насронийларга ҳужум қилган-ку. Демак, бу ерда динни геосиёсий манфаатлар йўлида ниқоб қилиб олишмаганми?

Энди бошқа ва ҳозирги муҳитга бир назар солиб кўрамиз. Бироқ, гапни бошлашдан олдин бугун жуда машҳур бўлиб кетган «Ислом радикализми», «Ислом терроризми» ва шу каби шиорларни эслаб кўрайлик. 2017 йил май ойида Саудия Арабистонига ташриф буюрган АҚШ президенти Доналд Трамп 50 га яқин мусулмон давлатлари раҳбарлари олдида чиқиш қилди. Ҳозирги АҚШ раҳбарига ким қандай муносабатда бўлишидан қатъи назар жуда кўпчилик унинг қуйидаги гапларини беэътибор қолдирмаган бўлса керак. Трампнинг сўзларига кўра, террористик актларда «энг кўп қурбон бўлганлар» ва «Яқин Шарқ, мусулмон мамлакатлари ва бегуноҳ араб халқлари» энг кўп жабр кўрган экан. «Энг кўп ўлганлар ҳамда мутаассиблик тўлқини остида энг кўп зўравонликлар натижасидаги вайронагарчиликлар ҳам шулар жумласидан». Баъзи маълумотларга кўра, «терроризмнинг 95 фоиз қурбонлари – мусулмонлардир» (Иқтибос АҚШ президентининг Саудия Арабистонида қилган маърузасидан олинди).

Хўш, қани бу ерда мантиқ? Мусулмонлар ўзларига ўзлари террор қилмоқдами? Худди насронийлар насронийларни ўлдирганларидек, мусулмонлар ҳам мусулмонларни қатл қилишяптими?

Ким кимга қарши? Ва ким ким билан?

Бироқ, Вайнберг мантиғига кўра фикрлайдиган бўлсак, (қайси динга мансуб бўлишидан қатъи назар) одамлар динга кириши биланоқ дарғазабликнинг уйғониши, «ўзига» қарши қаратилган бўлиб чиқадими? Демак, мана бир неча йилдан бери Суриядаги «жиҳод»га чақириқлар бошқа мусулмонларга қарши янграётган чақириқ бўлиб чиқадими? Яъни, бошқа бир тоифага қарши қуролли қаршилик кўрсатиш ёки бунинг акси ҳамда уларга ҳам буларга ҳам қарши курашишга бўлган чақириқларда динни ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиш бўлмаяптими?

Бироқ, бу жараёнларни янада чуқур ўрганиш билан бу нарсалар тегида жаҳоннинг етакчи мамлактларининг сиёсий манфаатлари бор эмасмикан? Агар жавоб ижобий бўладиган бўлса, диний омилни саҳна ортидаги сиёсатчилар бошқараётган экан-да ва конфессионал формат фақат чиройли бир фантик экан-да, деган савол туғилади.

Масалан, Шарқ бўйича тадқиқотчи мутахассис, америкалик тарихчи Бернард Люис Ислом анъанасида терроризмдан фойдаланганлик ҳақида ҳеч қандай гувоҳликлар йўқ, чунки «мусулмонларга аёллар, болалар ёки қарияларни на ўлдириш, на қийноққа солиш ва асирларга номуносиб муносабатда бўлиш буюрилган».

Айтилганларга қўшилмаслик мумкинми? Бироқ исломий шиорлар билан баралла айтилиб, амалга оширилаётган террористик ҳаракатларнинг ҳаммаси олдиндан пухта ўйланган сценарийларнинг амалга оширилиши бўлиб чиқмаяптими?

Шундай экан, кимдир тан оладими ёки йўқ, асрлар оша давом этиб келаётган диний фон фақат ва фақат етакчи мамлакатларнинг геосийсий тўқнашувлар учун чироқ экан.

Ҳамма бирдек, жаҳон майдонида бўлаётган воқеаларга юқорида зикр қилинган нуқтаи назар билан қарамасликлари ҳам мумкин. Бироқ, бу ерда бошқа гап бор. Бугун биз дунёда бўлаётган жараёнларнинг илдизига назар ташлай олмасак эртага ҳолимиз вой бўлиши мумкин. Дунё миқёсидаги геосиёсий масалаларни таҳлил қила олмасак, эртага бу масалалар ўз долзарблигини йўқотади ва кўпчилик ўз атрофида бўлаётган нарсалар ва шу ҳақда олаётган ахборотларини, оз бўлса-да, таҳлил, фикр қилиб кўрмай ҳазм қилиб юбораверади... Демак сизни, аниқроғи, бизни бошқариш жуда осон бўлиб қолади...

 

Теймур Атаев мақоласи асосида тайёрланди

Манба: xabar.uz

Read 4162 times

Мақолалар

Top