Рамазон-2018

Ифторлик дастурхоним тўкин эмас... аёлим норози

Рамазон ойи бошланган кунлардан эътиборан бирга ифторлик қиламиз деб уйга дўстаримни, танишларимни бошлаб келаман. Чунки рўзадор одамга ифтор қилиб беришнинг савоби рўза тутган одамнинг олган савоби қадар эканини биламан.

Аммо мен дўстларим билан келганимда аёлим асабийлашиб, ўзининг норози қиёфасини кўрсатади. Унинг норозилигининг сабаби, уйда меҳмон кутиш учун шароит ҳозир қилинмаган. Меҳмонларнинг олдига қўйишга тузукроқ нарса йўқ. Мен унга менинг дўстларим мен нима есам, ўшани еб кетаверади, улар иззатталаб одамлар эмас, дейман. Ана шундай баҳсу мунозараларда у: “Мени меҳмонларнинг олдида ноқулай аҳволга солиб қўймайдиган қилиб уйга кўпроқ пул олиб келинг, мен уларнинг олдига макарон қўйишга уяламан”, дейди.  

Мен ҳар доим оиламнинг таъминотини қилиб қўйишга ҳаракат қиламан. Бироқ меҳмонларнинг олдига ресторандагидек тўкин дастурхон тортишга қурбим етмайди. Эҳтимол, жуда ҳам содда одамдирман, ишларим ҳам киборларга хос эмасдир. Билмадим, балки аёлим ҳашаматга отасининг уйида ўргангандир, менинг “деҳқонларга хос одатларим”га кўника олмаётгандир. Қайси биримиз ҳақмиз? Балки аёлим билан муроса қилиб уйга меҳмон чақирмаганим тузукмикан ёки бу хотинимнинг мен курашишим керак бўлган инжиқлигимикан, нима маслаҳат берасиз?

Динимиз кўрсатмаси:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифида рўзадор одамга ифторлик қилиб берган киши гуноҳларидан фориғ бўлиши, ўзини дўзах ўтидан халос қилиши ва рўза тутган одам билан баробар савобга эга бўлиши айтилган. Аллоҳ таоло рўзадорнинг оғзини бир қултум сут билан ёки бир дона хурмо билан ёхуд бир ҳўплам сут билан очган бандага улуғ мукофотлар ваъда қилган. “Кимки ифтор вақтида рўзадорнинг қорнини тўйдирса, Аллоҳ таоло уни менинг булоғимдан сув ичиради ва у бундан кейин жаннатга киргунига қадар ҳеч қачон чанқоқ нималигини билмайди, деганлар (Имом Суютий).

من فطر فيه صائما كان له مغفرة لذنوبه وعتق رقبتة من النار وكان له مثل أجره من غير أن ينقص من أجره شيئا يعطى الله هذا الثواب من فطر صائما على مذقة لبن أو تمرة أو شربة من ماء ومن أشبع صائما سقاه الله من حوضى شربة لا يظمأ حتى يدخل الجنة

Ҳадиси шаридан аён бўладики, асосийси, дастурхоннинг ҳашаматли бўлиши ва ноз-неъматларнинг мўл-кўллигида эмас, рўзадор одам оғиз очиши учун унга нимадир тақдим этишда.

Аёлингизнинг меҳмонлар олдига одатий таомлар тортишидан ноқулайлик сезиши асоссиз эмас. Чунки замон ўзгарди, одамларнинг егуликларга муносабати ҳам бошқача бўлди. Шунинг учун бу ойда имкон қадар ифторликлар учун одатдаги кечки таомлардан кўра, каттароқ сарф-харажат қилингани маъқул.

Ҳарҳолда аёлингизнинг оддий таомнинг устидан катта муаммо чиқариши дуруст эмас. Чунки улар сизнинг дўстларингиз. Тахмин қилиш мумкинки, дўстларингизнинг ҳам тутуми сизникидек бўлса керак. Сизнинг тутумингиз эса уларникидек. Демак, бу ерда ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги керак деб ўйлайман. Зеро, ҳаммамиз биламизки, бу ой – мукофотлар бир неча баробар кўпайтириб бериладиган ой. Шундай экан, Қиёматга захира йиғиб олиш учун фурсатни қўлдан берманг.

Руҳиятшунослик нуқтаи назаридан:

Хатингизни ўқиганда кўзга биринчи чалинадиган нарса – сиз билан аёлингиз ўртасидаги бир-бирингизни тушуниш масаласидир. Икковингизнинг битта ҳодисага ёндашувингиз турлича.  Ушбу масалада қайси бирингиз ҳақ эканингизни айтиш қийин. Гап шундаки, сизнинг ҳар бирингизнинг  ҳақлигингизни исботлашга етарли далилларингиз бор. Сизнинг дўстларингизни таомлантириш, улар билан бирга ифторлик қилиб кўпдан-кўп савобларга эришиш истагида эканингиз таҳсинга сазовор. Аммо бу – масаланинг бир тарафи, иккинчи жиҳати – аёлингизнинг ўзини тутиши, айнан у уй бекаси сифатида меҳмонларнинг олдига тузукроқ дастурхон ёза олмагани учун ўзини айбдордек ҳис қилади.

Бу ўринда ҳал қилувчи сўзни дўстларингиз айтади: уларга ана шу дастурхон маъқулми, улар ифторга таклиф этганингизда жон деб келяптими...

Ушбу масала юзасидан масалага ўзгача тус бериб аёлингизга бўлган муносабатингизни ўзгартириб уни айблашга асло урина кўрманг. Чунки у жамиятда шаклланган ёлғон маъмурчиликнинг қурбонидир. Афсуски, кўпчилик одамларда мунтазам равишда чиройли ва тўкин-сочин ҳаётга тарғиб этувчи стереотиплар (телевидение, рангли журналлар...) таъсирида бошқаларнинг кўз ўнгида ўзларини иши юришмаган одамлардек кўрсатишга уринишдан қўрқиш туйғуси шаклланган. Ана шундан бошқаларнинг олдида ўзини кам кўрсатмасдан меҳмонларнинг олдига чиройли ва қимматбаҳо дастурхон тузашга бўлган хоҳиш келиб чиқади.

Шунинг учун бу масалани аёлингиз билан самимий оҳангда муҳокама қилинг, унга, модомики, меҳмонлар ана шу ифторлик дастурхонида ўзларини яхши ҳис қилаётган экан, сиқилишнинг нима кераги бор эканини тушунтиринг. Борди-ю, кимдир сизнинг дастурхонингиз ҳақида бошқачароқ фикрда бўлса ҳам, бу сизнинг фойдангизга бўлади, чунки сиз оила боқувчисисиз. Бу ердаги муаммонинг барчаси аёлингизнинг атрофдагилар сиз ва ўзи ҳақида хасис ва қурумсоқ деб ўйлашларидан чўчишида, холос.

Муаммонинг бошқа томони аёлингизнинг ифторларингизга муносабатидир. Шубҳасиз, у дўстларингизнинг ҳар бир ташрифини одатдаги кечки таом ўрнида эмас, катта тантанали хусусиятларга эга бўлган меҳмондорчилик сифатида қабул қилмоқда. Унга ифторлик – ҳашаматни, тантанани талаб этадиган аллақандай маросим эмас, балки бир ҳўплам сув билан ҳам ўтказиш мумкин бўлган оддийгина тадбир эканини тушунтириш керак.

Сиз тасвирлаган вазият бу – аёлингиз билан ўртангиздаги тушунмовчиликнинг биргина кўриниши, холос. Шуни тахмин қилиш мумкинки, аёлингизнинг ботинидаги ишончсизлик (одатда, бунинг асосида имоннинг заифлиги ётади) бошқа вазиятлардан ҳам намоён бўлади, қачонки у ўзининг моддий аҳволидан тортинар экан, бу янада жиддийроқ муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. 

Шунинг учун унга кўпроқ эътибор қаратишингиз, унинг сиз учун қанчалик қадрли эканини сўзлаб қўйишингиз керак бўлади. У билан суҳбатлашганда динимиз аҳкомларидан, азизларимизнинг ҳаёт йўлларидан сўзлаб беринг. Бу борада энг самарали йўл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётини босқичма-босқич равишда батафсил сўзлаб бермоғингиздир. Аллоҳ таолонинг энг азиз бандаси қандай шароитда яшаганини тингласа, унга таъсир кўрсатмай қолмайди, иншоаллоҳ!

 

Саволга жавоб берганлар:

Мухаммад-Амин Магомедрасулов,

Илоҳиётшунос

Алиасхаб Анатольевич Мурзаев,

Оила ва болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш маркази руҳиятшунос-маслаҳатчиси

Дамин ЖУМАҚУЛ,

таржимон

 

Read 50297 times

Мақолалар

Top