Мақолалар

Қудратли фил

Туш пайти катта дарахт соясида ётган улкан фил жазирама иссиқ тафти пасайишини кутар, гоҳ-гоҳ ўз устига хартуми билан қум сепиб, майда ҳашаротларни ҳайдарди. Устига қум сочиб бўлганидан сўнг, атрофга назар солди. Кейин хартумини кўтариб, ҳавони ҳидлаб кўрди ва: “Анави тепаликнинг ортидан сув ҳиди келяпти”, деди. Жойидан туриб, ўша томон жўнамоқчи бўлганида, дарахт тепасидан ингичкагина товуш эшитилди:

– Ҳой, фил амаки, бир дақиқага мумкинми?

Фил дарахт шохида ўтир­ган кичкинагина олмахонни кўрди. Унинг думи худди фил терисига ўхшаш қизил-қўнғир тусда бўлиб, кўзлари чиройли ва каттагина эди.

– Мени сен чақирдингми? Нима демоқчисан?

– Фил  амаки,  мен  ҳозиргина ҳавони ҳидлаганингизни кўр­дим. Онам айтишича, сиз филлар жуда узоқдаги сув ҳидини сезаркансиз.

– Албатта! Катта қулоқ­ларимиз олисдаги сувнинг жилдирашини ҳам эшитади.

– Жуда зўр-ку...

– Ҳа, бу ажойиб хусусият! Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. У бизга бундай хислат ато этмаганида, жуда қийналиб қолардик.

– Аллоҳ меҳрибонларни ва заифларга ёрдам берувчиларни яхши кўради, шундай эмасми? – деди олмахон.

– Албатта!

– Ундай бўлса, фил амаки, сиз мени ҳам сувга олиб боришингиз керак. Шунда Аллоҳ сизни яна ҳам кўпроқ яхши кўради...

Олмахоннинг гапи филга жуда ёқиб тушди.

– Сен кичкинагинасан, кел, елкамга ўтирақол! Баҳонада дўстлашиб ҳам оламиз, – деди улкан фил.

Олмахон дарахт шохидан бир сакраб, филнинг елкасига чиқиб олди.

Шундай қилиб, улкан фил ва митти олмахон сув излаб йўлга тушишди. Улар олдинда ястаниб ётган тепаликни айланиб ўтишлари керак эди.

– Менинг исмим Жимжима! Сизники-чи?! – сўради олмахон.

– Мени Қудратли фил де­йишади.

– Сиз ўша машҳур Қудрат­ли филмисиз? – деди кўз­ларини катта-катта очиб олмахон.

– Ҳа, мен ўшаман, олдин ҳам мен ҳақимда эшитганга ўхшайсан, – жилмайди фил.

– Бир дугонам гапириб берган. Лекин ўзингиздан эшитсам, бошим осмонга етарди-да...

Қудратли фил супрадай қулоқлари билан елпиниб олди-да, хўрсиниб, ҳикоясини бошлади:

– Бир неча йил олдин мен ­армия сафида эдим. Куч-қувватга тўлган пайтим­ эди. Жуда кўп жангларда қат­нашдим, ҳайбатим, қуд­ратим аскарларга куч бағишлар эди. Бир гал Абраҳа қўшинлари сафида жанг қилишим керак бўлиб қолди.

– Абраҳа қандай одам эди? ­­– сўради олмахон.

– Жуда ёмон одам эди, – ғазабланди фил. Кейин маълум бўлишича, кўп одамлар Каъбани зиёрат қилиш мақсадида Маккага келаркан. Абраҳа уларни чалғитиш мақсадида олтин ва кумушлар билан безатилган дабдабали қаср барпо этди, лекин мақсадига эришолмади. Аксинча, Каъбага келувчилар яна ҳам кўпаяверди. Абраҳанинг Каъба душмани эканини билган бир киши, кечаси Абраҳа қурдирган қасрни ифлослади. Бундан Абраҳа дарғазаб бўлиб: “Арабларнинг Каъбасини вайрон қиламан”, деди. Вақт соати келганида Абраҳа қўшинлари сафида Маккага йўл олдик.

Ўша вақтда Пайғамбарнинг (соллалоҳу алайҳи ва саллам) буваси ҳурматли Абдумутталиб Қурайш қабиласининг бошлиғи эди.

У вақтда Муҳаммад Пай­ғамбар (соллалоҳу алайҳи ва саллам) ҳали дунёга келмаган эдилар. Абраҳа Абдумутталиб олдига одам юбориб, қабиҳ ниятини билдирди. Шунда Абдумутталиб: “Бу маскан Аллоҳ таоло ҳимоясидадир, Каъбани Унинг ўзи қўриқлайди”, деди.

– Маккаликлар нима қилди?

– Биз Маккага яқин келганимизда аҳоли шаҳарни ташлаб, тоғлар орасига яширинган эди. Эрталаб қўшинларимиз ҳаракатга туша бошлаганида карвонбошимиз Нуфайл қулоғимга бундай деди: “Биз сен билан муқаддас шаҳар остонасида турибмиз. Тиз чўк ва келган тарафингга қайтиб кетавер. Бу шаҳарни Аллоҳ таолонинг ўзи асрайди”. Мендан ёмонлик мақсадида фойдаланмоқчи эканларини билиб олдим. Дарҳол тиз чўкдим.

– Аскарлар сизни тур­ғизишга ҳаракат қилиш­мадими?

– Уриниб қўришди. Режаларида асосий ўринда мен турар эдим. Маккага қараб ҳайдасалар, тиз чўкиб олиб, роса жаҳлларини чиқардим. Худди шу вақтда кутилмаган ҳодиса юз берди. Осмонда бирдан сон-саноқсиз қушлар пайдо бўлди. Улар тумшуқ ва оёқларида келтирган тошларини Абраҳа аскарлари устига ёмғирдай ёғдиришди. Аскарларнинг тош теккан жойлари кўкариб, ярага айланар ва кўп ўтмай ўлиб қолишарди.

– Абраҳага нима бўлди?

– Унга ҳам бир тош тегиб яраланди, ҳалок бўлди.

– Сиз қандай қутулдингиз?

– Мен Каъба томон юрмадим, шу боисданми, Аллоҳ мени паноҳида сақлади, биронта тош тегмай, омон қолдим.

– Кейин нима бўлди?

– Кейин қаттиқ жала қуйди. Абраҳанинг қолган аскарларини кучли сел оқизиб кетди. Қуръони карим “Фил” сураси шу воқеа ҳақида:

«(Эй Муҳаммад!) Раббингиз “фил эгалари”ни не қилганини кўрмадингизми? (У) уларнинг макрларини йўққа чиқармадими? Уларнинг устига тўда-тўда қушларни юборди. (Улар) сопол тошлар билан уларни отар эди. (Бас) уларни (Каъбани бузишга келганларни) еб (чайнаб) ташланган сомондек қилиб қўйди» (Фил, 1-5).

Олмахон бу ҳикояни диққат билан эшитди. Аллоҳ ёмонликни жазолаб, яхшиликни ҳимоя қилишини тушуниб олди.

– Раҳмат, фил амаки, бу ҳикоянгизни ҳеч қачон унутмайман.

Улар шу тариқа суҳбат­лашиб, сув бор жойга ҳам етиб келишган эди. Қониб-қониб сув ичишганидан сўнг, Аллоҳга ҳамдлар айтишди. Бу ҳамроҳлик туфайли улар дўст-қадрдон бўлиб қолишди.

 

Нодир ЧУГАНОВ

тайёрлади.

Read 4202 times

Мақолалар

Top