Мақолалар

Жаннат аҳлининг сифатлари

“Улар (тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиганлар, ғазабларини ютадиганлар, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади. Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни ёдлаб, истиғфор айтадилар. – Гуноҳларни фақат Аллоҳ мағфират этади! – Улар била туриб, қилмишларида давом этмайдилар. Ана ўшаларнинг мукофотлари – Парвардигор мағфирати ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғларидир, унда абадий бўлурлар. (Солиҳ) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!” (Оли Имрон, 134–136).

Ушбу оятларда жаннат аҳлининг бир қатор сифатлари баён этилган.

Улар (тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиганлар, ғазабларини ютадиганлар, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир”. Яъни, мўминлар зарар етса ҳам, хурсандчилик келса ҳам, қийинчилик ва кенгликда ҳам яширин ва ошкора хайр-садақа қиладилар. Ҳеч нарса уларни Аллоҳ таоло буюрган ўринларда молларини сарфлашдан, қариндошлари ва ва барча жонзотларга яхшилик қилишдан тўса олмайди.

Ундай инсонлар жаҳллари чиқса ўзларини босишади, яъни аччиқ устида бирор иш қилиб қўйишмайди, ёмонлик қилган кишини кечиришади. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам ўғли, ғазабланган пайтингда Мени эсласанг, Мен ҳам ғазабланганимда сени эслайман ва ҳалок қилганларим орасида сени ҳам йўқ қилиб юбормайман” (Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)  айтадилар: «Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) сўрадилар: “Қайси бири­нгиз ворисининг молини ўз молидан кўра яхши кўради?” Саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ, ҳаммамиз ворисимизнинг молидан кўра ўз молимизни яхши кўрамиз”, деб жавоб беришди. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилдилар: “Билиб қўйинг, сизларнинг ҳаммангиз ворисининг молини ўз молидан кўра яхши кўради. Фақат ўзингиздан олдин юборганингиз (Аллоҳнинг йўлида сарфлаганингиз) сизнинг молингиздир, қолдирганингиз вориснинг моли”. Сўнг яна сўрадилар: “Сизнингча кучли, паҳлавон ким?” Биз: “Одамлар енголмаган киши”, дедик. “Йўқ. – дедилар у зот, – Ғазабланганида ўзини боса олган киши ҳақиқий паҳлавондир” (Имом Бухорий ривояти).

Яна бир ҳадисда бундай дейилади: Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким ғазабини юзага чиқаришга қодир бўлса-ю, лекин уни ичига ютса, Аллоҳ таоло унинг қалбини хотиржамлик ва имон билан тўлдиради” (Суютий “Дуррул мансур”).

Кечиримлилик ҳам улуғ сифатлардан ҳисобланади, кечиримли инсонлар ҳақида Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: «Қиёмат-қоим бўлганида нидо қилувчи бундай нидо қилади: “Инсонларни кечирувчи кишилар қани?! Раббингиз ҳузурига келинг ва ажрингизни олинг. Ҳар бир мусулмон, агар инсонларни кечира олса, жаннатга киришга лойиқ бўлади”» (Ҳоким ривояти).

“Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади”. Улар бу ишлари билан эҳсон даражасига кўтариладилар. Муҳсин бандаларни Аллоҳ таоло яхши кўради. Шу маънода бир ҳадис бор. Пайғамбар (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Уч нарса бор, улар билан қасам ичаман: садақа билан мол камаймайди; банда кечирса, Аллоҳ унинг обрўсини кўтаради; ким Аллоҳ таоло розилиги учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг шаънини улуғ қилади”.

Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни ёдлаб, истиғфор айтадилар”.

Абу Бакрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: (“Лаа илаҳа ил­лаллоҳ” калимасини) ва истиғфор (яъни, “астағфируллоҳ”)­ни кўп айтинг. Чунки шайтон айтади: “Мен инсонларни гуноҳлари билан ҳалок қилмоқчи бўлдим, улар мени “Лаа илаҳа иллаллоҳ” ва истиғфор билан ҳалок қилдилар, шундан сўнг уларни ҳавойи нафс­лари билан ҳалок қилдим, улар ўзларини тўғри йўлдамиз деб ўйлайдилар” (Имом Термизий). Демак, инсон ўз нафсининг барча хоҳишларини қондиравериши билан шайтоннинг тузоғига тушиб қолиши, лекин буни ўзи ҳам сезмаслиги мумкин. Шу сабабли бу ҳолатдан жуда эҳтиёт бўлиш керак.

Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) дейдилар: “Аллоҳга қасам, мен Аллоҳга бир кунда етмиш мартадан ортиқ истиғфор айтаман ва тавба қиламан” (Абу Яъло ривояти). Бунда бизлар учун катта ибрат бор. Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) биздек гуноҳкор бандаларга ибрат тарзида истиғфор ва тавбани кўп айтишларини таъкидладилар. Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳо) бундай ривоят қилинади: “Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан олдин “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” (Аллоҳ нуқсонлардан покдир, Унга ҳамд айтаман), “Астағфируллоҳа ва атубу илайҳи” (Аллоҳдан мағфират қилишини сўрайман ва унга тавба қиламан) калималарини жуда кўп такрорлаган эканлар.

“Гуноҳларни фақат Аллоҳ мағфират этади...” Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Бир одам гуноҳ қилиб сўнгра “Парвардигорим, мен гуноҳ қилиб қўйдим, Ўзинг кечир”, деса, Аллоҳ таоло: “Бандам гуноҳ қилди, лекин уни кечирувчи ва гуноҳлари боис жазоловчи Парвардигори борлигини билди. Шунинг учун унинг гуноҳидан ўтдим”, дея марҳамат қилади...” (Имом Аҳмад).

“...улар била туриб, қилмишларида давом этмайдилар. Оятда, шунингдек, гуноҳ иш қилганидан сўнг унга қайтмаслик ҳам таъкидланмоқда. Чунки бир ишнинг гуноҳ эканини била туриб, яна қилиш унинг гуноҳини катталаштириб юборади. Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Раҳм қилинглар, шунда сизга ҳам раҳм қилинади, кечиримли бўлинг, сиз ҳам кечириласиз, қўпол сўзли кишига вайл бўлсин, билиб туриб, гуноҳ қилаверадиганларга вайл бўлсин” (Имом Аҳмад ривояти).

“Ана ўшаларнинг мукофотлари – Парвардигор мағфирати ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғларидир, унда абадий бўлурлар. (Солиҳ) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!” Буни билган ҳар бир мўмин ана шу улуғ мартаба ва мукофотга интилади. Бунинг учун эса, мақталган сифатларни ўзида мужассам этишга ҳаракат қилади. Ахир тўрт-беш кунлик умрини илоҳий ризоликка эришган ҳолда ўтказиб, абадий роҳат-фароғатга эришишни ҳар қайси ақлли одам хоҳлаши табиий, шундай эмасми?

Абу Мансур Мотуридийнинг

“Таъвилот аҳл ас-сунна”,

Ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръанил азийм”,

Олусийнинг “Руҳул маъаани

фи тафсирил Қуръанил азийм

вас сабъул масаний” тафсирлари асосида

Бадриддин САДРИДДИН ўғли

тайёрлади.

Read 4244 times

Мақолалар

Top