Мақолалар

Олмачи

У бозорнинг кираверишида, одамлар ўтиб-қайтадиган гавжум жойда ерга қопини ёйиб олиб олма сотиб ўтирибди. Ёнгинасида  қўлларида пачка-пачка пул чангаллаган “валютчик”лар “доллар оламиз”, “танга оламиз”, “рубль борми?..”  деб ўтган-қайтганнинг йўлини тўсади.

Дунёнинг ишларини қаранг, – дея ўйлади у, – Мен шугина олмани етиштириш учун йил давомида тер тўкаман: тагини юмшатаман, ўғит соламан, суғораман, дорилайман... уни сотган пулим икки қоп унга ё етади, ё етмайди. Булар эса пулни олиб, пулни сотади-я, ё қудратингдан, ҳеч иш қилмасдан бир куннинг ўзида жарақлатиб миллионларни ишлаб олади. Уларнинг бир ойда топганини мен кабилар бир умр тер тўкиб ҳам тополмаса керак...

Бўшаган қопнинг устида осма тарозисини иягига тираб шуларни хаёл суриб ўтирган унинг эътиборини долларчиларга яқинлашган бир чол бузди. Чол даста-даста пул чангаллаб турганлардан бирининг олдига бориб чўнтагидан 100 доллар чиқариб майдалатиб беришини сўраган эди, бошқалари ҳам у тарафга ёпирилиб келди. Чол жуда кекса эди, оёқлари мадорсиз, кийимлари ҳам юзидек ғижим бўлиб кетган, қўлига тутиб турган 100 доллар ҳам оғирлик қилаётгандек кўринади. Боласими, неварасими, Россиядан юборган бўлса керак-да, деб қўйди у.  Улар у деди, чол бу деди – савдоси қовушмади.

Чол улардан пулини қайтариб олди. Долларчилар ортига ўгирилиб кетди. Чол долларни чўнтагига солди. Аммо пул  чўнтакка кирмасдан ёнидан сирпаниб ўтиб кетди-да, ерга тушди. Долларнинг ерга тушганини кўрган унинг юраги ҳаприқиб кетди. У кучли ҳаяжонда чолнинг юриб кетишини истай бошлади. Чол ҳам уни кўп куттирмасдан ерга тушган пулининг ёнидан босиб ўтиб илгарилаб кетди. У ўша тарафга бир олмани юмалатиб юборди. Кейин атрофга бир аланглаб олиб худди олмасини олаётгандек бўлиб долларни ҳам унга қўшиб олди. Шошиб-пишиб  чўнтагига тиқди-да, бесаранжомлигини сездириб қўймаслик учун уст-устига олма тишлаб ўтираверди.

Бир маҳал терлаб-пишиб чол қайтиб келди. Долларчиларга: “Пулимни қайтиб бермабсилар-ку”, деди. Долларчилар аввалига унинг нима деётганига ҳайрон бўлди, кейин бир овоздан: “Олиб чўнтагингиз солиб қўйдингиз-ку, бобой!” дейишди. “Унда ерга тушдимикан, ерга тушган бўлса ҳам шу ерга тушади, кўрмадингларми?” деди чол мўнгсираб. “Йўқ”, дейишди улар. Кейин ҳаммаси ерга тикилиб кўзлари билан пулни қидира кетди. Долларчилардан бирининг унга кўзи тушиб қолиб: “Сиз кўрмадингизми?” деб сўраб қолди. Доллар шимининг ўнг чўнтагида эди. “Йўқ, кўрмадим”, деди у.

Долларнинг топилишидан умид узган чол мунғайганча бир нималар деб пичирлаган куйи бозордан узоқлашиб кетди. Унинг ҳам олмаси озроқ қолган эди, сотиб тугатди-да, бошқа жойга бориб долларни  майдалатди. Кейин иккита улфатини бир чойхонага чақирди. Учаласи еб-ичиб ўтириб кунни кеч қилди.

Уйга келса отаси “Қаерда юрибсан, сандироқлаб, сигирга қара, ем ҳам, емиш ҳам емаяпти, ётиб олди”, деб заҳрини сочди. Оғилга кириб қараса, ростдан ҳам ҳам сигири  емга ҳам, емишга ҳам қарамай ётибди. Подада юриб чарчагандир-да, эрталаб туриб кетади деб уйга кириб донг қотиб ухлаб қолди.

Эрталаб хотини: “Туринг, сигиримиз ўлиб қолибди” деган совуқ хабар билан уйғотди. Мол аччиғи – жон аччиғи деганига амал қилган отаси уни роса бўралатиб сўкди. Эрталабдан ҳам молидан айрилиб ҳам нордон сўкиш билан “сийланган” у ҳамсоясидан илтимос қилиб, унинг тракторини олиб келди. Тележкага сигирнинг ўлигини тўрт киши аранг ортди. Сигирнинг ўлигини қишлоқнинг юқорисидаги жарга ташлаб юбордилар. Уйга қайтиб келаётиб, энди янада кўпроқ олма сотишим керак, сотилган олманинг пулини йиғсам, кечаги доллардан қолган пулни қўшсам, бундай катта бўлмаса ҳам, майдароқ бир сигир олмасам бўлмайди; болаларга сут-қатиқ керак, деб ўйлади. Уйга кириб хотини териб қўйган олмани қопи билан энди эшакка ортмоқчи бўлаётганди, хотини югуриб чиқиб: “Кичкинамизнинг иссиғи чиқяпти”, деб қолди. “Ҳа, иссиғи чиққан бўлса, дори-пори ичир-да, мен нима қилай? олмани сотайми, болага қарайми!” деб бақирди. Хотини индамай уйга қайтиб кириб кетди.

Шу куни савдоси ҳам юришмади. бир қопгина олманинг ярмини ҳам сотолмай, кечга яқин дили хуфтон бўлиб уйга қайтиб келса, боласи ёниб ётибди. дори ҳам таъсир қилмабди. Кўчадан ўтаётган машиналардан бирини ёллаб дўхтирга олиб боришди. Чўғ бўлиб ётган болани текшириб кўрган дўхтирлар: “Гепатитнинг оғир формаси ўтказиб юборибсилар”, деб юқумли касалликлар шифохонасига юборишди. Бола бечора у дунёнинг остонасидан қайтиб келди-да ўзиям. Сигири ўлганнинг аламига чидай олмаётган унинг боласини даволатаман деб тана-тўлписи-ю, эшагигача сотилиб кетди...

Бошига нега бундай кунлар келганига ақли етди – бировнинг ҳаққи. Аммо қани энди  у чол? Ҳар куни бозорга борар экан, илоҳо, шу чолни учратай-да, омонатни бериб, кечирим сўраб розилашиб олай деб 100 долларни белига тугиб олган. Ана шу 100 долларни ҳам мардикорчилик қилиб топди, камбағал. Бироқ чол йўқ.

Унинг ҳаловати йўқолди, кунлари ваҳимада ўтаётир: боламнинг яна иссиғи чиқмасмикан, бирортасини машина туртиб кетмасмикан, уй-жойимга борор кор-ҳол бўлмасмикан?..

Ҳар куни: “Ё Раббим, чолдан омонатингни қистамай тур, токи унинг омонатини мен топшириб олай!” дея илтижо қилади. 

Азизлар, бир мартагина нафсининг юриғига юриб, шу иши ортидан балоларга учраган, қилмишидан минг-минг пушаймон бўлган биродаримизга ҳамдард бўлиб, Раббимизга чолни бандам демасидан унга учратиб қўйишини сўраб дуога қўл очайлик, шоядки, кўпнинг дуоси кўл бўлиб унинг қарзи қиёматга қолиб кетмаса...  

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يُصَلِّي عَلَى رَجُلٍ مَاتَ وَعَلَيْهِ دَيْنٌ، فَأُتِيَ بِمَيِّتٍ، فَقَالَ: «أَعَلَيْهِ دَيْنٌ؟» قَالُوا: نَعَمْ دِينَارَانِ، قَالَ: «صَلُّوا عَلَى صَاحِبِكُمْ»، قَالَ أَبُو قَتَادَةَ: هُمَا عَلَيَّ يَا رَسُولَ اللهِ، فَصَلَّى عَلَيْهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَلَمَّا فَتَحَ اللهُ عَلَى رَسُولِهِ قَالَ: «أَنَا أَوْلَى بِكُلِّ مُؤْمِنٍ مِنْ نَفْسِهِ، فَمَنْ تَرَكَ دَيْنًا فَعَلَيَّ قَضَاؤُهُ، وَمَنْ تَرَكَ مَالًا فَلِوَرَثَتِهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммасида қарзи бўла туриб ўлган одамга жаноза намози ўқимас эдилар. Бир маййит олиб келинди. Бас, у зот:

«Унинг зиммасида қарз борми?» дедилар.

«Ҳа, икки динор», дейишди.

«Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг», дедилар.

«Ўша икки динор менинг зиммамга, эй Аллоҳнинг Расули», деди Абу Қатода.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у(маййит)га жаноза ўқидилар.

Аллоҳ Ўз Расулига фатҳ ато қилганидан кейин:

«Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўзидан ҳам яқинман. Ким қарз қолдирса, уни адо этиш менинг зиммамда. Ким мол тарк қилса, меросхўрларига», дедилар» (Бешовлари ривоят қилишган).

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

Read 3211 times

Мақолалар

Top