Мақолалар

Нега шундай деймиз: «МУЛЛА (ДОМЛА)НИНГ АЙТГАНИ ҚИЛ-У, ҚИЛГАНИНИ ҚИЛМА...МИ?»

Доно халқимиз бошидан ўтказиб, тажрибада синаб кўриб айтган иборалар борки, улар йиллар давомида янгидан-янги маъно-мазмун касб этиб сайқалланиб бораверади.

Лекин яна шундай иборалар ҳам борки, улар вақтлар, замонлар ўтиши билан жамиятдаги ўзгаришлардан “насибаси”ни олиб, ўзининг асл маъносидан узоқлашаверар экан. Шулардан бири «Мулла “домла”нинг айтганини қил-у, қилганини қилма» ибораси.

Хўш, аҳён-аҳёнда қулоғимизга чалинадиган бу ибора нимани англатади? Нима сабабдан бу ибора дин пешволарига кесатиқ тарзида қўлланиладиган бўлиб қолди?

Гапни узоқроқдан, яъни Пайғамбаримиз давридан бошласак, мазкур иборани тушуниш осон бўлади. Аллоҳ таоло Қурҳони каримда: “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг!” (Исро сураси, 79-оят), оятига биноан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзига кечаси ўқиладиган “таҳажжуд” намозини одат қилиб олган. Баъзи ривоятларда фарз қилиб олган, дейилади.

Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уммати қийналиб қолмаслиги учун уларга тунги намозни ихтиёрий (нафл) қилди. Худди шундай уламолар, дин пешволари ҳам нафл ибодатларни мунтазам равишда адо этиб келган. Лекин буни оммага ошкор қилмаган ва мўминларга бу ишларни буюрмаган ҳам. Ваъз-насиҳатларда, амри маъруфларда мусулмонларни фақат фарз ва суннат амалларга риоя қилишга чақирган.

Аввалги асрларда маҳаллаларга, судлов инстанцияларига обрўли домлалар, қозилар, имомлар бош бўлишган. Уларнинг обрўси эгаллаб турган мансаби билан эмас, балки илми ва амали билан белгиланган.

Афсуски, кейинчалик айрим “чала муллалар” ҳою ҳавасга эргашиб, нафсига қул бўлиб ислом дини ман этган ишларни ҳам бемалол қилаверишди. Бунинг оқибатида улар муқаддас динимизни ҳамма ёмон кўрсатиб қўйишди. Ҳозирга кунда ҳам бундай ҳолат давом этаётгани ташвишланарлидир.

Атоқли адибимиз Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бу иллатни “Майсарасининг иши” пьесасида жуда чиройли таърифлаб, ўша пайтдаги қозиларнинг аҳволини: “Сизлар нима иш қилсаларингиз, шариатга тўғри келаверади-я”, дея Мулладўст, яъни Обид Юнусов тилидан очиб ташлайди.   

«Мулла “домла”нинг айтганини қил-у, қилганини қилма» иборасини устозлар қуйидагича изоҳлашади: «Домланинг айтганини қилиш билан кифояланаверинг, барибир уларнинг қилганини қила олмайсиз. Чунки домла мусулмонларни фарз намозларини ўқишга чақиради. Ўзи эса нафл намозларини ҳам канда қилмайди. Рамазон ойида рўза тутиш фарзлигини айтади. Ўзи эса нафл рўзалар тутади ва ҳоказо. Шу боис домла “мулла”нинг айтганини қилиб қўя қолинг, у бажараётган амаллар сизга оғир қилади».

Ижобий маънода қўлланилган иборани амалда асл ҳолатига қайтариш вақти келмадими?!

Толиб НИЗОМ

 

Read 4322 times

Мақолалар

Top