Мақолалар

Эй Одам боласи, сенга кифоя қиладиган оз нарса сени туғёнга кетказадиган кўп нарсадан яхшироқдир

Инсоний фазилатлар ва гўзал хулқлардан бири қаноатдир. Уламолар уни шундай таърифлайдилар: қаноат – ўзидаги неъматга шукр қилиш, бошига тушган мусибат, қашшоқлик
ва қийинчиликларга сабр-бардошли бўлиш. Қаноат Аллоҳ таолонинг тақдироти ва тақсимотига розиликдан пайдо бўлувчи кўнгил бойлиги бўлиб, у ҳасад, тама, очкўзлик, адоват, бахиллик каби иллатларнинг шифосидир. Абдулла Авлоний айтади: “Жаноби Ҳақнинг амрига итоат қандай саодат эса, тақдирига қаноат зиёда бахтиёрликдур”[1]. Демак, қаноат комил мўминликнинг белгиларидан экан.

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : " عليكم بالقناعة ، فإنَّ القناعة مال لاينفد " . [الجامع الصغير : ج2/ص 94] .

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Сизлар қаноатни ўзингизга лозим тутинг. Чунки, қаноат туганмас бойликдир”, дедилар. (Жалолиддин Суютий, Ал-Жомиъ
ас-сағир: 2-жуз, 94-бет).

و قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : " ليس الغِنى عن كثرة العَرَض ، ولكن الغنى غنى النفس " . [الؤلؤ والمرجان : ج1/ص251] .

Бошқа муборак ҳадисда эса бундай дейилган: “Бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, балки, (ҳақиқий) бойлик кўнгил бойлигидир”. (Муҳаммад Фуад Абдулбоқий, Ал-луълуъу вал-маржан, 1-жуз, 251-бет).

Муҳаммад Ҳусайн айтади: “Қаноат ақлли одамларнинг фазилатидир. Аммо қаноат ризқ қидириш ва касб билан шуғулланишдан тийилиш дегани эмас. Балки, касб туфайли топган нарсасига шукр қилиш ва ортиқчасига интилмасликдир”[2]. Бунинг боисини англаш учун улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг ушбу сўзларига қулоқ тутишимиз лозим:

و قال ابن مسعود رضي الله عنه : " ما من يومٍ إلاّ و ملَك ينادي : يا ابن آدم ، قليل يكفيك خير من كثير يُطْغيك " . [مكاشفة القلوب المقرِّب إلى حضرة علام الغيوب ، في فضل القناعة : ص169-170] .

“Бирор кун йўқки, бир фаришта: “Эй Одам боласи, сенга кифоя қиладиган оз нарса сени туғёнга кетказадиган кўп нарсадан яхшироқдир”, дея нидо қилмаса”. (Имом Ғаззолий, Мукошафатул-қулуб ал-муқарриб ила ҳазрати алломил-ғуюб, фи фазлил-қонаъати, 169-170бетлар).

Қаноатли инсон умри мобайнида доимо бахтиёрликни ҳис этиб яшайди. Шу билан бирга, бошқаларга ҳам яхши муомалада бўлади, уларни ҳам ўзи каби шодлик сари етаклайди.
Шунинг учун қаноатли кишини барча ҳурмат қилади.

و قال بعض الحكماء : " وجدتُ أطول الناس غمًّا الحسود و أهنأهم عَيْشًا القَنُوعَ ..." . [مكاشفة القلوب المقرِّب إلى حضرة علام الغيوب ، في فضل القناعة : ص170] .

Ҳакимлардан бири айтди: “Одамлар ичида энг узоқ ғам-андуҳ чекувчи кимса ҳасадчи эканини, ҳаёти энг бахтиёр кечувчи киши эса қаноатли инсон эканини кўрдим”. (Имом Ғаззолий, Мукошафатул-қулуб ал-муқарриб ила ҳазрати алломил-ғуюб, фи фазлил-қонаъати, 170-бет).

Муҳаммад Зеҳний шундай ёзади: “Қаноат нима?” деб сўрадилар. Жавоб бериб айтилди: “Бировларнинг қўлидаги нарсани кўриб маъюс бўлмаслик ва тамагирликдан қочиш. Чунки, тамагирлик, албатта, камбағаллик сари етаклайди”[3].

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, юртимиз тинч, ҳаётимиз осуда ва фаровон бўлишига қарамасдан, бугунги кунда жамиятимизда турли ҳуқуқбузарликларнинг содир бўлиши, ёшлар орасида жиноятчиликнинг ортиб бориши, шунингдек, оилавий келишмовчиликлар ва ажримларнинг кўпайиши аксар ҳолларда қаноатсизликдан келиб чиқаётгани бор ҳақиқат. Демак, ана шундай нохушликларнинг муолажаси ва олдини олиш чорасини қаноат деб аталмиш кўнгил бойлигини ҳосил қилишдан излашимиз зарур.

 

ТЎЙМУРОД САЙЛИЕВ

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

 

[1]Туркий гулистон ёхуд ахлоқ. –Абдулла Авлоний асари. –Тошкент, Типо Лит “Пэр Соц. Революц.”, 1917 г.  -Б. 25.

[2]Ахлоқ гулистони ва одоб бўстони. Маҳмуд Ҳасаний таржимаси. –Тошкент, “Наврўз” нашриёти, 2016 й. -Б.184. 

[3]Ахлоқ гулистони ва одоб бўстони. Маҳмуд Ҳасаний таржимаси. –Тошкент, “Наврўз” нашриёти, 2016 й. -Б.187.

Read 3614 times

Мақолалар

Top