Мақолалар

Ўзимни осдим, томиримни кесдим, бироқ...

Яшашдан мақсад не?

Ҳаёт деганлари бир қарашда енгил ва беташвиш кўринса-да, яшашнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор. Шекспир қаҳрамони Гамлет айтганидек. “Тирик қолмоқ ё ўлмоқ – шудир масала”

“Тирик қолмоқ ё ўлмоқ”. Бу ибора замирда нима маъно бор?  Шу саволни ўзингиздан бир сўраб кўринг-чи, нима жавоб топар экансиз. Нега ва нима учун? Сиз нима деб ўйлайсиз ўзи биз бу дунёда ижодкорлармизми ёки назоратчилармизми?  Ҳар бир инсоннинг қалбида табиий равишда савол пайдо бўлади: Аллоҳ таоло мени нима учун яратди? Жавоб ҳам мўл. у саволга миллардлаб одамлар ўзларининг дунёқарашидан келиб чиқиб жавоб берадилар. Аммо тўғри жавоб битта...

Уни сиз ҳам биласиз:  Аллоҳ таоло бизни Ўзига ибодат қилсин деб яратган. Биз бу гапни кўп эшитамиз, аммо ҳикматини англамаймиз – қулоғимизнинг унисидан кириб бунисидан чиқиб кетаверади.

Ёзда бир воқеа бўлди, кўча шиддатли жазирама эди.  Қўлимга боламни кўтариб келаётган эдим.  Масжиднинг ёнидан ўтаётиб бир жонсарак бўлиб турган жувонга кўзим тушди, олдида беш ёшлардаги бир болакай ҳам бор.  “Меҳмонга ўхшайди”, деб ўйладим.  Яқинлашиб борганимда негадир унга салом бердим. Кейин эса:

– Сингилжон, тинчликми? Бу ерликка ўхшамайсиз? – деб сўрадим.

– Ваалайкум ассалом, мен Россиянинг ичкарисиданман, шаҳарга бугун келдим, бизни таклиф қилган одам ғойиб бўлди, телефонни ҳам кўтармаяпти. Нима қилишни билмай, ҳайрон бўлиб турибмиз, – деб жавоб қилди у.

Унинг бу ҳолати мени хавотирга солди. Унинг ўрнига ўзимни қўйиб кўрдим, яна ёш бола билан... даҳшат!

– Юринг уйга борамиз, бир оз хордиқ чиқариб оласиз, ундан кейин эса сиз излаб келган одамни биргаликда топишга ҳаракат қиламиз, – дея уни уйга таклиф қилдим.

Бечора севинганидан кўзлари чақнаб кетди. Унинг юзида қандай жилмайиш пайдо бўлганини кўрганингизда эди. Уни кўриб уйга таклиф қилганимдан ўзим ҳам суюниб кетдим.

Уйга келиб уни ва болакайни меҳмон қилай деб ошхона билан меҳмонхона орасида гўёки учиб юрдим.

– Ўғлингизнинг оти ким? – деб сўрадим.

– Аҳмад, – дея кўзларида севинчи порлаб жавоб берди менинг топилдиқ синглим. Ўзининг оти Фотима экан.

Биз хийла вақт суҳбатлашиб ўтирдик. Фақат намоз вақти кирганда биргаликда намозимизни ўқиб олардик. Ўша вақтдагина суҳбатимиз бўлинар эди. Фотима бундан хурсанд бўлар ва ҳар сафар намозга турганимизда қачондир жамоат бўлиб намоз ўқиши мумкинлиги ҳеч ҳам хаёлига келмаганини гапириб берар эди. Менинг наздимда, бу одатий ҳол эди, аммо унинг шукронасини қилиб қўярдим. 

Гаплашиб ўтириб, Фотима менга қўлини кўрсатди, аниқроғи, қўлининг юқори томирини. Мен кўриб қўрқиб кетдим: билагининг ҳамма жойи чандиқ эди!   

– Нима бу?!

– Мен ҳаётнинг маъносини ана шунақа қилиб излаган эдим, – дея шивирлади Фотима, гўёки кимдандир тортинаётгандек. – Биласизми, бу ерда сизга осон. Доғистон – жаннатмонанд макон. У ёқда, мен яшаётган жойда ёшларнинг ҳаммаси 11 ёшидан бошлаб ботқоққа чўка бошлайди ва нима иш билан шуғулланмаслик керак бўлса, ўша ишларнинг ҳаммаси билан машғул бўлади. У ерда менга ўхшаганлар жуда ҳам кўп. Менинг дўстларим бор эди, яъни биз саккиз киши мактабда дўстлашиб кампания бўлиб олган эдик. Ҳар куни йўлканинг олдида тўпланиб олиб пиво ичардик, сигарет чекардик, ҳар биримизнинг ўз йигитимиз бор эди, ҳозир кулгили эшитилади. одамга. Биз ўшанда 13 ёшда эдик ва аммо нимаики шармандачилик бўлса ҳаммасини қилар эдик. Кунларнинг бирида яқин дугонамнинг йигити сигарет тутуни орасидан овози аранг чиқиб мендан: “Света, ҳаётнинг маъноси нима?” деб сўради. 

Саволни эшитиб ҳамма кулиб юборди, баъзилари менга қўявер дегандек, бош ирғаб қўйди, мен эса ўйланиб қолдим. Орадан йиллар ўтди, мен эса ана шу саволга жавоб топа олмадим. Шундай хулосага келдимки, ҳаётнинг ҳеч қандай маъноси йўқ, менинг ўлимимнинг эса маъноси бор, тамом! Ана шу менинг сўнгги қарорим эди. Ўзимни осдим, ойим дордан тушириб олиб шифохонага олиб борди; дори ичдим, ошқозонимни ювиб олишди; томиримни кесдим, ҳаётга қайтаришди. 

Кунларнинг бирида қўшни уйнинг деразасидан қулоғимга бир одамнинг пастгина овозда: “Аллоҳ таоло бизни Ўзига ибодат қилишимиз учун яратди, муҳтарам ака-укалар, опа-сингиллар, ана шу бизнинг ҳаётимизнинг мазмунидир”, дегани эшитилди.  Бу гапни эшитиб мени ток ургандек бўлди. елкамдан чумоли ўрмалаб бораётгандек туйилди, мен уввос солдим – шунчаки йиғламадим, уввос солдим! Ана шу менинг туйғуларимни биринчи бошқарув нуқтам бўлди. Орадан вақтлар ўтди, ҳаммаси шу қадар тез юз бердики, мана мени кўриб турганингиздек, қаршингиздаман, муслимаман, алҳамдулиллаҳ, – деди ва худди оғир ишдан сўнг дам олишга ўтиргандек чуқур нафас олди. 

– Мошааллоҳ, Фотима, мошааллоҳ, – дедим. Чунки тилимга бошқа сўз келмади.

У – кучли аёл. Мен шундай қила олармидим? Ўрганиб қолган ҳамма нарсалардан воз кечиш... Бу ишлар Аллоҳ тавфиқ бермаса банданинг қўлидан келармиди?  Унинг ризоси – ана шу арифметика асоси. Ҳаётдан маъно излаймиз,  бироқ унинг шундоққина бурнимизнинг тагида турганини билмаймиз. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло: “Мен сизга жон томирингиздан ҳам яқинман”, деб хабар қилиб қўйибди.

Бизга ҳаётдан маъно қидиришга ўрин қолдирмасдан, умримизни Ўзининг нури билан нурафшон, кунларимизнинг ҳар бир дақиқасини мазмунли қилиб қўйган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар айтиб, ана шу буюк неъматнинг шукронасини қилишга ҳаракат этайлик. Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн!

Муаллиф: Фотима НАСИБОВА

Таржимон Қизманой ҲАЙИТОВА

 

Read 3806 times

Мақолалар

Top