Мақолалар

Жониворлар ҳақлари

Ҳаётда шундай инсонлар борки, ҳар хил жониворларни сақлаш, боқиш улар ҳаётининг бир қисмига айланган. Баъзилар паррандаларга ошиқ. Каптар боқади, сайроқи қушлар шайдоси бўлади, турли зотдор хўрозларсиз яшай олмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Яна кимдир от, ит, мушук каби ҳайвонларни парваришлаб завқланади.

Аллоҳ ер юзидаги барча жониворларни инсоният манфаати учун яратганига шубҳа йўқ. Шундай экан, инсон шариат доирасида ўзи учун лозим топган жониворларни сақлаб завқланиши, боқишига монелик йўқ. Лекин инсоният ҳаётини Ўзининг илоҳий қонунлари билан ҳадлаб қўйган Раббимиз – Аллоҳ қўл остимиздаги жониворлар учун ҳам бизнинг зиммамизда бир қанча ҳақ-ҳуқуқларни белгилаб, унга риоя этиш масъулиятини биз бандаларига юклаб қўйган.

Имом Абу Довуд ва Имом Термизийлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисида келтирилишича Расулуллоҳ жониворларни бир-бирига гиж-гижлаб уриштиришдан қайтарган эканлар. Шу мазмунли ҳадисга Муҳаммад Ходимий изоҳ берар экан айтади: она тарафдан бобом Зайнуддин Ироқий қўчқор уриштириш, хўроз уриштириш каби ишлар шу ҳадисга дохил бўлади, деганлар.

Шунингдек, жониворларни қафас ё катакка қамаб қўйиб қийнаб ўлдиришдан, айниқса, ўқотар қуролларга нишон сифатидан боғлаб қўйиб ўлдиришдан ҳам шаръан қайтарилганмиз. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жони бор ҳайвонни қуролга нишон қилиб ўлдирганларни лаънатлаган эканлар.

Имом Биргивий “Тариқа”да айтишича, фуқаҳолар жониворларга озор бериш инсонга озор беришдан кўра оғирроқ гуноҳ эканини таъкидлаганлар. Чунки жониворга озор берган инсоннинг қиёматда азоб тортиши муқаррар экан. Имом Биргивийнинг сўзларини Ходимий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагича изоҳлайди: Қиёмат куни инсонларнинг ўзаро ҳақ-ҳуқулари уч хил услубдан бири билан ҳисоб-китоб қилинади:

  1. Озор кўрган жабрдийдага золимнинг яхши амалларидан олиб, унинг ҳаққи ундириб берилади;
  2. Агар золимнинг амал дафтарида яхши амаллар умуман топилмаса, ёки озроқ бору бироқ, у мазлумнинг ҳаққини тўлашга етарли бўлмаса, бу вазиятда мазлумнинг гуноҳларидан олиб золимга юклаб қўйилади;
  3. Агар юқоридаги икки тариқдан бири билан ҳисоб китоб қилиш имкони бўлмаган тақдирда мазлумга золимникидан кўра юксакроқ даражалар берилиб, уни рози қилинади.

Энди, инсонлар билан жониворлар орасидаги ҳақ-ҳуқулар масаласини ҳал қилишда юқоридаги уч хил кўринишнинг бирортаси иш бермайди. Чунки, дунё ҳаётида жониворларга озор берган инсонларнинг савобларидан олиб ҳайвонларни рози қилиш учун жониворларга қиёматда савобнинг аҳамияти бўлиши керак. Улар жаннат ё дўзаҳга киритилмагани учун уларга савобнинг заррача қиймати йўқ. Шундай экан, уларни савобимиздан бериш билан рози қила олмаймиз.

Иккинчи усул ҳам фойдасиз. Яъни, жониворларнинг дунёда қилган гуноҳларини ўз бўйнимизга олиб уларни рози қиламиз десак, уларда гуноҳнинг ўзи йўқ. Чунки гуноҳ шаръий мажбуриятларга мукаллаф бўлган инсон ва жинларда бўлади. Ҳайвон ва паррандалар эса мукаллаф эмас. Шундай экан уларда гуноҳ нима қилсин?!

Учинчисини ҳам тасаввур қилиб бўлмайди, дунёда биздан озор топиб ҳақдор бўлиб қолган ҳайвонларни рози қилиш учун ларга жаннатда олийроқ мақом бериб, биз инсонларни улардан пастда қолдириб рози қилиш учун ҳайвонлар ҳам жаннатий бўлиши керак. Ваҳоланки, юқорида айтганимиздек жониворларга жаннат-дўзах деган тушунчани ўзи йўқ.

Энди инсондан озорланган ҳайвон ё паррандани рози қилишнинг ягона йўли бу—ўша жонивор то рози бўлгунига қадар инсонга азоб беришдир. Бошқа йўл йўқ. Охиратдаги азобнинг дунёдагига нисбатан нечоғли зиёда эканини тушунтириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Шундай экан, инсонга озор беришдан кўра, жониворларга озор бериш оғирроқ ҳисобланади.

Жониворларни ҳар хил қийноқлар билан ўлдириш, ем-ҳашак, дон-дун ва сувларини вақтида бермаслик, касалга чалинганда даволатмай ўз ҳолига ташлаб қўйиш, бир-бирлари билан шунчаки завқланиш мақсадида уруштириб ўйнаш каби ишлар жониворларга ноҳақ озор бериш турларидандир.

Муҳаммад Ходимийнинг “Бариқа” асари асосида,
Ботиржон қори
тайёрлади

Манба: vakillik.uz

 

Read 4287 times

Мақолалар

Top