Мақолалар

Нега асабийсиз? Нега ғазабланасиз?

Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ ва ала олиҳи ва саҳбиҳи ва ман ваалааҳ. Аммо баъд.

Ғазаб – ҳар бир инсонда бўладиган руҳий ҳолат бўлиб, агар уни ҳаётни, обрўни, динни, молни асраш учун ишлатилса табиий ҳолат бўлади ва мақталади. Аммо ғазаб чегарадан ошса ва бошқаларга нисбатан душманлик қилишга айланиб кетса, бу ўриндаги ғазаб табиийликдан хатарли ҳолат тарафига ўтиб кетган бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ғазабланар эдилар. Аммо у зот алайҳиссаломнинг ғазаблари Аллоҳ учун бўларди, ўз нафслари учун эмас. У зот агар ғазаблансалар, юзларини тескарига ўгириб, бурилиб олардилар. Агар хурсанд бўлсалар, кўзларини пастга қаратиб олар эдилар. У зот алайҳиссалом “Курашда енгган кучли эмас. Кучли деб ғазаби келганда ўз нафсига эгалик қила олган кишига айтилади” деганлар. Муттафақун алайҳ.

Ғазаб чиққан пайтда юз ўгириб, тескари қараш яхши услубдир. Агар инсоннинг ғазаби келса, сўзи қўполлашади, неъматни инкор этади ёки яхшиликни ман қилади ёхуд зулмга ўтади. Кўплаб гуноҳларнинг уруғи ғазабга бориб тақалади. Шунинг учун ҳам ҳалимлик хулқларнинг саййидидир.

Шу ўринда бир қиссани келтирсак:

“Жуда асабий, ғазаби тез чиқадиган бир йигит бор эди. Тез-тез асабийлашиб, эс-ҳушини йўқотадиган бир аҳволга келарди. Бир куни отаси унга бир идиш тўла мих берди ва “Ўғилчам, ҳар гал ғазабинг қайнаган пайтда мана шу михдан бир дона олиб, боғимизнинг ёғоч панжарасига қоқиб чиқасан” деди. Ўғил отаси айтгандек қилиб, ҳар гал асабийлашган чоғда бир михни олар ва ўша ёғоч тўсиққа қоқар эди. Биринчи куннинг ўзидаёқ 37 дона мих қоқди. Лекин михни ёғочга киритиш осон эмасди. Мих қоқишга қийналгани сайин ғазабини ичига ютишга урина бошлади.

Бир неча кун ўтгандан кейин бир кунда бир неча дона мих қоқадиган бўлди. Бир неча хафтадан сўнг асабийлашган пайтда ғазабини ичига ютиб, бир дона ҳам мих қоқмайдиган бўлди. Отасининг олдига бориб, “Отажон, Аллоҳга ҳамд бўлсинки, ғазабим чиққан пайтда асабимни жиловлашни ўргандим. Биттаям мих қоқмайдиган бўлдим” деб вазиятни тушунтирди. Буни эшитиб ота хурсанд бўлди ва ўғлига “Энди сен қоққан михларингни бирма-бир суғуриб чиқасан” деди.

Ўғил отаси айтгандек қилди. Михларни бирма-бир суғуриб чиқди. Қараса, ўтган қисқа муддат ичида 200 дона мих қоққан экан. Ўғил ишни тугатиб, отасининг олдига борди ва бўлган воқеани баён қилди. Ота ўғлини ўша ёғоч тўсиқ олдига олиб борди ва ундаги тешикларга ишора қилиб, “Ўғлим, ғазабингни босишни ўрганиб яхши иш қилдинг. Лекин мана бу тешикларга қара. Энди бу ёғоч мих қоқилишидан аввалгидек ҳолатига қайтадими?” деди. Йигит эса ғазабнинг оқибати қандай бўлишини тушуниб етди”.

Сиз ғазабланиб турганингизда гапирсангиз, бошқаларнинг юрагида ана шундай тешикларни қолдирасиз. Кейинчалик ғазабдан тушиб, ўша одамлардан узр сўрарсиз. Аммо тешикларни ўз ўрнига келтириш қийин. 

Ғазабнинг турлари 

Ғазаб бир неча турли бўлади. Ғазабнинг ижобийси ҳам, салбийси ҳам бор. Масалан, болаларга ғазаб қилиш салбийдир. Худди шунингдек, нафси учун ғазаб қилиш, бирор моддий фойдани қўлдан чиқаргани учун, бир касбга эришолмагани учун, шаҳватини қондириш имконини қўлдан бергани учун ғазаб қилиш қоралангандир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ғазабдан қайтарганлар.

Аммо Аллоҳ розилиги учун, динининг ҳимояси учун, ҳаром иш содир бўлганда, бировнинг ҳаққига тажовуз қилинганда, бировга зулм қилинганда ғазаб қилиш ижобийдир, мақталгандир, шартдир.

Ғазабнинг уруғи руҳий кечинмаларга бориб тақалади. Масалан, яхши кўрмаслик, тақдирлашнинг йўқлиги, ўсишнинг тўхтаганлиги ва ҳоказо. Бирор шахсга нисбатан моддий ва маънавий таҳдид бўлишидан қўрқиш, хавотирланиш, шунингдек, очлик, касаллик, руҳий сиқилиш, ғазабнок отага тақлид қилиш, болани ҳаддан ташқари кўп тергаб юбориш, болани қисиш кабилар ҳам ғазабга сабаб бўлади.

Психологлар “Ғазаб вазиятнинг ўзидан келиб чиқмайди, балки вазиятни нотўғри тушунишдан келиб чиқади. Шунинг учун сизнинг ғазабланишингизда кимдир эмас, сизнинг нотўғри тушунчангиз, ҳолатни хато баҳолашингиз сабаб бўлади. Баъзида “Фалончи мени ғазабимни келтирди”, “Фалончи мени асабийлаштирди” дейсиз. Сизни ғазабланишингизга фалончи эмас, ўзингиз, фикрларингиз, ишларни баҳолашингиз сабаб бўлади. Шунинг учун муолажани ташқаридан изламанг. Ўз нафсингизда ечим яшириниб ётибди” дейишади. 

Ғазабнинг босқичлари 

Инсонда ғазаб бир неча босқичда бўлади.

Олдин пайдо бўлади, кейин кучайиб боради, зиёдалашади, бу кучайиш тил ёки қўл орқали намоён бўлади. Кейин зеҳнни чалкаштиради. Охирида киши ўзини маломат қилади ва ғазабидан тушади. 

Ғазабнинг муолажаси 

Ғазабни ичга ютувчиларнинг ажрини кўз олдига келтириш.

وَسَارِعُواْ إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ

“Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради (Оли Имрон сураси, 133-134-оятлар).

Ғазабни ичга ютиш жаннат аҳли бўлган тақводорларнинг битта сифатидир.

Саҳл ибн Муоз ибн Анас отасидан, отаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ким ғазабини сочишга қодир бўла туриб, уни ичига ютса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни барча халқларнинг олдида чақиради ва унга истаган ҳурни танлаш имконини беради”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

         Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Менга бир ишни буюринг ва уни қисқа қилинг, токи мен тушунай” деди. Шунда у зот алайҳиссалом “Ғазаб қилма!” дедилар. Бояги одам саволини бир неча такрорлаган эди, у зот алайҳиссалом “Ғазаб қилма!” дедилар”. Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  “Орангизда кучли, полвон ким?” деб сўрадилар. Биз “Одамлар енга олмаган киши” дедик. Шунда у зот алайҳиссалом “Ундоқ эмас. Чинакам кучли, полвон одам ғазаби келганда ўзини ушлай олган одамдир” дедилар. Абу Довуд ривояти. 

Ғазабни қандай қилиб бошқариш мумкин? 

Инсон фикрлар, ҳис-туйғулар ва сулукдан иборатдир. Агар фикрларига эгалик қилолса, ҳис-туйғулари ва сулукига ҳам эгалик қила олади. Ана ўшанда у асабийлашишдан узоқ ҳолда бахтиёр ҳаёт кечиради. 

Қуйидаги бешта насиҳат сизга ғазабни ичга ютишингизда ёрдам беради:

  1. Аллоҳ таолодан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўранг!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

وَإِمَّا يَنزَغَنَّكَ مِنَ الشَّيْطَانِ نَزْغٌ فَاسْتَعِذْ بِاللَّهِ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ

“Агар сени шайтон васвасасидан бир васваса тутса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У зот ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир”. (Агар шайтон васвасага солиб, сени ёмонликларни яхшилик билан қайтаришдан айнитмоқчи бўлса, Аллоҳ таолонинг Ўзидан паноҳ сўра. Унга сиғин. У сени сақлайди. “Албатта, У зот ўта эшитувчи ва ўта билувчи зотдир”. У ҳар бир муҳтожнинг илтимосини эшитади. Даъватчи буни яхши англаши лозим.) (Фуссилат сураси, 36-оят).

Сулаймон ибн Сурд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади “Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишдилар. Биз ўша ерда эдик. Бир пайт улардан бири шеригини ғазабнок, юзи қизарган ҳолда ҳақорат қила бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен бир калимани биламан. Агар шуни айтса, ундан ўзида топаётган нарсаси (ғазаби) кетади. Агар “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” деса, (ғазаби кетади)дедилар”. Муттафақун алайҳ.

  1. Ҳолатингизни ўзгартиринг!

Ўзингиз турган ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтинг. Агар турган бўлсангиз, ўтиринг. Агар ўтирган бўлсангиз, ёнбошлаб олинг. Агар ҳаракат қилаётган бўлсангиз, тўхтанг. Агар машинангизни миниб кетаётган бўлсангиз, йўл четига тўхтанг...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар сизлардан бирингиз ғазабланса, тик турган бўлса, ўтирсин! Шунда ғазаби кетса, кетди. Кетмаса, ёнбошлаб олсин!” дедилар. Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

  1. Ғазабингизни сув билан совутинг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Албатта, ғазаб шайтондан. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов эса сув билан ўчади. Бас, агар сизлардан бирингиз ғазабланса, таҳорат қилсин!” Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

  1. Гапирмасликка урининг!

Ғазабланиб турганингизда гапирманг! Бу бироз машқ, ўрганиш, ўзлаштиришни талаб этади. Ғазабланиб турганингизда гапирмасликка ўзингизни ўргатинг! Чунки, кўпинча ғазаб пайтида хато гапириб қўясиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар сизлардан бирингиз ғазабланса, сукут сақласин!” деганлар. Имом Аҳмад ривояти.

  1. Уйдан чиқиб кетинг!

Агар ғазаби чиққан одам ҳолатини ўзгартирса, турган одам ўтирса ҳам, таҳорат қилса ҳам ғазаби кетмаса, сукут қилиш қўлидан келмаса, афзали уйдан чиқиб кетиши керак. Ғазаби чиққан одам уйида туравермаслик керак. Гап кўпайиб, ғазаб тошиб, охири иш ёқимсиз ҳолатгача бориб етиши мумкин. Шунинг учун то ғазаби босилгунча ташқарига чиқиб туриш керак. Ғазаби босилиб, ўзига келса, кейин яна уйига қайтиб келаверади. 

Хулоса 

Биз юқорида айтган ғазаб салбий ғазаб эди. Ижобий ғазаб нима эканлигини ҳам айтиб ўтдик. Ғазабланиш керак бўлган ўринда ғазабланиш шарт. Масалан, биров диннинг, ислом шиорларининг, уламоларнинг устидан кулаётган, бировга зулм қилинаётган, бировнинг ҳаққи поймол этилаётган вақтларда ғазабланиш шарт бўлади. Аммо қайтарилган ўринларда ғазабланишдан тийилиш керак.

Ҳаёт қисқа, саломатлик энг муҳим нарсалардан бири. Шундай экан, ғазабланманг!   

 

 

Аҳмад Рабоҳнинг мақоласини

Нозимжон Иминжонов таржима қилди 

Read 3725 times

Мақолалар

Top