Мақолалар

Шифохонада

Палатада икки киши ётибди: бири деразанинг тагида, иккинчи узоқроқда. Иккаласининг ҳам дарди оғир. Деразанинг тагида ётган бемор ҳар куни деразадан ташқарига боқиб, кўрганларини деразадан чапроқдаги беморга гапириб беради: “Дарахтлар ям-яшил, қушлар, капалаклар учиб юрибди, чечаклар очилган, офтоб чарақлаб турибди, болачалар боғда ўйнаб юришибди, ёш-яланг скамейкада ўтириб мириқиб суҳбатлашяпти, атрофга шодон кулгулар жаранги таралмоқда...”

Деразадан узоқдаги одам унинг гапириб берганларини тасаввурида жонлантириб кулимсираб, қандай ажойиб... деб қўяди.

Бир кеча дераза остидаги беморнинг аҳволи оғирлашди. “Ёрдам бер менга”, дея инграниб палатадошини уйғотди. “Ҳамшираларни чақиринг”, дея ёлворди. Деразадан узоқдаги касал уйғонди, боқдики, ҳамхонасининг аҳволи жиддий, аммо орқа ўгириб олиб ётаверди. Негаки, у дераза остига кўз тиккан эди, ягона орзуси дераза остидаги ўринга ўтиб ётиш эди.

Дераза остидаги бемор ўша тунда инграй-инграй жон берди. Деразадан узоқдаги бемор тонгда  уйғониб қараса, дераза остидаги ўрин бўш турибди. Буни кўриб хурсандлиги ичига сиғмай тиржая бошлади... энди унинг у ерга ўтиб олишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Сўнгра ҳамширалар келди.  Бемор ҳамшираларга: “Мен дераза остига ўтишни хоҳлайман”, деди. Ҳамширалар уни айтган жойига ўтказиб қўйишди.  У севинганидан завқи ичига сиғмай бўйнини чўзиб деразадан ташқарига қаради. Не кўз билан кўрсинки, дераза ортидан қизғиш девордан бошқа ҳеч нарса кўринмас эди...

Дамин  Жумақул

 

Read 3613 times

Мақолалар

Top