Мақолалар

Фазилатли ой муборак бўлсин

Рамазон ойи ўзининг файзу баракоти ила бошимизга соябон бўлиб келди. Тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сураётган жонажон юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар қатори сирдарёликлар ҳам Рамазон ойини хурсандчилик билан кутиб олиб, бу ойнинг файзу баракоти ва саховатидан баҳраманд бўлишмоқда.

Ойларнинг султони, баракаси улуғ ойнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган фазилатларидан баҳраманд бўлиш учун солиҳ амалларни қилишга ҳаракат қилайлик. “Рамазон ойи – инсонлар учун ҳидоят (манбаи) бўлган Қуръон нозил қилинган ойдир...” (Бақара, 185).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар умматим Рамазон хислатини билганида эди, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлишини орзу қилар эди. Албатта бу ойда яхшиликлар жамланади, ибодатлар қабул бўлади, дуолар ижобат бўлади, гуноҳлар кечирилади, жаннат уларга ошиқ бўлади”, деганлар.  “Жаннат тўрт хил кишиларга муштоқдир: Қуръон ўқувчига, тилини сақловчига, очларни тўйдирувчига ва Рамазон ойининг рўзасини тутувчига”, дейилади бошқа бир ҳадиси шарифда.

Чин дилдан, ихлос билан тутилган рўза боис гуноҳлар авф этилади. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: Кимки бу ойда рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳнинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг гуноҳлари кечирилади (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу муборак ойда рўза тутиш билан инсон ўз нафсини тарбиялайди. Нафси устидан ғолиб келиб, руҳи енгил тортади. Фақат рўза тутувчигина бунинг руҳий лаззатини ҳис эта олади. Рўзада инсоннинг руҳи нафсини жиловлайди. Бу илоҳий тарбия ойида рўзадор киши ёлғон гапириш, ғийбат, туҳмат, чақимчилик ва уруш-жанжал каби иллатлардан сақланиб, доимо тилини ёмон сўзлардан, беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Зеро, кимки рўзадор бўлатуриб, ёлғончилик, чақимчилик ва ғийбатдан тўхтамаса, унинг оч-наҳор юриб рўза тутганидан фойда йўқ.

Рамазон ойи маънавий покланиш ва ахлоқни сайқаллаш ойи. Рўзадор киши ўзини нафақат еб-ичишдан, балки номаъқул гап-сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Афсуски, бу ҳақиқатни унутиб қўйиб, рўзадор бўлишига қарамай кун бўйи беҳуда, ёлғон ва ғийбат гап-сўзлар, номаъқул ишлар билан машғул бўладиган ёки одамлар билан талашиб-тортишадиганлар ҳам йўқ эмас. Ваҳоланки, бундай ишлар рўзанинг савобини кетказади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ёлғон гапиришни, унга амал қилишни тарк қилмаса, унинг рўза тутиб, ейиш ва ичишдан тийилишига Аллоҳ муҳтож эмас”, – деганлар. Бошқа бир ҳадисда «Агар бирортангиз рўзадор бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар биров у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, “мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин» дейилган.

Ҳар бир инсон яхши амалларни адо этар экан, унинг Аллоҳ ҳузурида қабул бўлишини умид қилади. Бунинг учун, аввало, ҳар бир амални ихлос билан бажариши лозим.

Рўзадорнинг одобларидан яна бири саҳарлик қилишдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Саҳарлик қилинглар. Албатта саҳарликда барака бордир, деганлар. Бу ҳадис саҳарлик қилишнинг аҳамиятини янада оширади. Эринмасдан доимо саҳарлик қилиб рўза тутишликка одатланиш лозим. Саҳарлик қилишдан мақсад, кундузи тутадиган рўзага тайёргарлик кўриб, бақувват бўлиб олмоқдир. Агар саҳарлик қилинмаса, киши кундузнинг рўзасини тутишга қийналади. Шу билан бирга тақвимда белгиланган саҳарлик вақтига қатъий риоя қилиш, кечикиб турган вақтларда оз бўлса-да сув ичиш ёки таом ейишдан сақланишга алоҳида эътибор бериш керак.

Рамазон ойига хос ишлардан яна бири ифторликдир. Ифторлик бир қараганда кечки таомланишдек. Аммо шу оддий таомланиш рўзадор шахс учун буюк фазилатлар, хурсандчилик ва хайру барака омилига айлантирилган. Имом Бухорий келтирган ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бордир: бири ифторлик вақтида, иккинчиси эса охиратда Парвардигорга йўлиққан вақтда”.

Рўзадорларга ифторлик беришнинг фазилати ҳақида ҳадисларда “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, унга ўша рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, уларнинг ажрларидан бирор нарса камаймайди”, дейилган.

Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсинки, Рамазон ойида кўпчилигимиз рўзадорларга ифторлик қилиб беришга ошиқамиз. Бу билан ифторлик қилиб берувчига ваъда қилинган мукофотларга эришиш учун хонадон аҳли ҳаракат қилади. Ифторликни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, меъёрида қилингани мақсадга мувофиқ бўлади. Дастурхонларга ортиқча зебу зийнат бериш, дабдабалик, риёкорлик, кибр билан ифторликни ўтказишдан сақланиш лозим. Баъзан мусибат етган хонадон эгалари кўплаб одамларни чақириб ифторлик номи билан худойи қилишади. Худойига келганларнинг ичида эса саноқли одамларгина рўзадор бўлишади. Бундай ҳолатларда хонадон эгалари қийин аҳволга тушиб қолмасликлари учун рўза кунларидаги маракаларни ифторликда ихчам ва ортиқча сарф-харажатларсиз ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, Аллоҳ исроф қилгувчиларни дўст тутмайди.

Рўза тутиб очликни ўзида ҳис қилган киши камбағал, бева-бечоралар ва фақир-мискинларнинг ҳолини чин дилдан ҳис қила бошлайди ва уларга нисбатан қалбида меҳр-мурувват ва саховат туйғуси янада кучаяди.

Рамазон сахийлик, меҳр-мурувват, хайр-баракот ойи. Бу ойда бошқа ойдагилардан кўра кўпроқ атрофимиздаги муҳтож кимсаларга ёрдам қўлини чўзишимиз, етимлар бошини силаб, кексаларнинг ҳолидан хабар олишимиз лозим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Рамазон ойида эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар.

Муҳтарам Юртбошимизнинг «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарори бу борада барчамизнинг масъулиятимизни янада ошириб, ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларга саховат қилиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга ундайди.

Аллоҳ таолодан Рамазон ойини азиз ва жаннатмакон диёримиз учун хайрли ва баракали қилишини, халқимиз учун улкан фазилат ва манфаатлар фурсати қилиб беришини тилаб қоламиз.

 

Мўминжон УСМОНОВ

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби

Read 6005 times

Мақолалар

Top