Мақолалар

Одам болаларининг икром қилиниши

Яқин йиллар мобайнида олимлар инсон билан бошқа жонзотларни қиёслаб кўришди. Бу борада кўплаб тадқиқотлар олиб боришди. Қуйида инсоннинг бошқа жонзотлардан устун туришига далолат қиладиган маълумотлар келтирилади:

  • Инсон – либос киядиган ягона жонзотдир. Бошқа жонзотлар кийимсиз юради.
  • Инсон – қуруқликда юриш учун уловга (машина ясаб, унга) мина оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот уловга минмайди.
  • Инсон – денгиз, уммонда юриш учун кема ясай оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот кема ясай олмайди.
  • Инсон – ҳавода учиш учун самолёт ясай оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот самолёт ясай олмайди.
  • Инсон – космосга чиқиш учун фазо кемаси ясай оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот космик кема ясай олмайди.
  • Инсон – гапира оладиган, тил ўргана оладиган, ўша тил орқали бошқалар билан гаплашиб, фикрини баён эта оладиган ягона жонзотдир.
  • Инсон – ёзишни ўрганиб, фикрини қоғозга тушира оладиган ягона жонзотдир. Бошқа жонзотлар қалам ушлашни, ёзишни билмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда инсонни икром қилиб қўйганини бир неча оятларда баён қилган. Ўша оятларни бирма-бир келтириб ўтамиз.

  يَا بَنِي آدَمَ قَدْ أَنزَلْنَا عَلَيْكُمْ لِبَاساً يُوَارِي سَوْءَاتِكُمْ وَرِيشاً وَلِبَاسُ التَّقْوَىَ ذَلِكَ خَيْرٌ ذَلِكَ مِنْ آيَاتِ اللّهِ لَعَلَّهُمْ يَذَّكَّرُونَ

“Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар”. (Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадиганидир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шундай–либосни ўз ўрнида, яъни, шариатга мувофиқ истеъмол қилган инсон зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос–тақво либоси.) (Аъроф сураси, 26-оят).

 

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلاً

“Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”. (Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир. Лекин бу афзалликнинг жавобгарилиги ҳам бор. Қиёмат куни ҳар бир берилган афзаллик ва неъматлардан сўралади. Ҳисоб-китоб қилинади.) (Исро сураси, 70-оят).

الرَّحْمَنُ عَلَّمَ الْقُرْآنَ خَلَقَ الْإِنسَانَ عَلَّمَهُ الْبَيَانَ

“Роҳман. Қуръони ўргатди. Инсонни яратди. Унга баённи ўргатди” (Роҳман сураси, 1-4-оятлар).

 

اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ خَلَقَ الْإِنسَانَ مِنْ عَلَقٍ اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ عَلَّمَ الْإِنسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ

“Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Ва Роббинг энг карамлидир! У қалам билан илм ўргатгандир. У инсонга у билмаган нарсани ўргатди” (Алақ сураси, 1-5-оятлар).

 

إِنَّا عَرَضْنَا الْأَمَانَةَ عَلَى السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَالْجِبَالِ فَأَبَيْنَ أَن يَحْمِلْنَهَا وَأَشْفَقْنَ مِنْهَا وَحَمَلَهَا الْإِنسَانُ إِنَّهُ كَانَ ظَلُوماً جَهُولاً

“Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир”. (Бу омонат нима эди, деган саволга уламоларимиз ушбу оятдан ва бошқа манбалардан келиб чиқиб: «Шариат таклифлари ва Аллоҳнинг фарзлари», деб жавоб берадилар. Дарҳақиқат, инсон жинси (ҳамма эмас, албатта) ўта золимдир. Ўзига юклатилган ва ўзи қабул қилган омонатга мувофиқ иш юритмасдан ўзига ўзи зулм қилади. Инсон жинси ўта жоҳилдир, шунинг учун ўзи рози бўлиб, қабул қилиб олган омонатнинг улканлигини билмасдан, унга хиёнат қилади.) (Аҳзоб сураси, 72-оят).

Шу ўринда Қуръон ҳақида шак қилувчиларга бир савол: “Юқоридаги оятларда айтилган нарсалар – бу нарсалар у кишининг даъватларига хизмат қилмаса, қавмлари устидан раҳбар бўлишларига ёрдам бермаса ёки уларнинг муҳаббатини қозонишларига ас қотмаса – инсоннинг мукаррамлиги ҳақида гапиришга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нима эҳтиёжлари бор эди? Қуръони Каримда мазкур масалаларнинг борлиги Қуръон Муҳаммад алайҳиссаломнинг эмас, Аллоҳ таолонинг Каломи эканига далилдир!”

 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласини

Нозимжон Иминжонов таржима қилди

Read 3664 times

Мақолалар

Top