Мақолалар

Силаи раҳм фазилати

Муқаддас динимизда Аллоҳ таоло бандаларини Ўзининг ибодатига чақиради. У томондан буюрилган амалларни бажаришга ва қайтарган ишларидан қайтишга тарғиб қилади. Яратган Роббимиз бандаларига шундай меҳрибонки, уларга Ўзининг розилигини фақат ибодат билан эмас,балки инсонлар ўртасидаги муомалаларни холис адо этиш билан ҳам топиш имкониятини берган.

         Силаи раҳм – қариндошлик ришталарини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларнинг энг афзалидир. Унинг акси бўлган қариндошлик ришталарини узиш эса, энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.

         Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

         «Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!» (Исро сураси, 26-оят).

         Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада эса, бандаларини Ўзига тақво қилишга чақириш билан бирга қариндошлик ришталарини боғлашга буюрган:

         «Эй, одамлар! Сизларни биржон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Роббингиздан қўрқингиз! Шунингдек ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узишдан)қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир» (Нисо сураси, 1-оят).

         Қариндошлик ришталарини боғлашга бўлган эътибор улуғлигидан, яхшилик асоси ва одоб-ахлоқ намунаси бўлганидан нафақат ислом динида балки, аввалги динларда ҳам фарз қилинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

         «Эсланг, (Биз) Исроил авлодидан: «Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз бўлинг, намозни баркамол ўқинг, закот беринг», - деб аҳд  олган эдик. Кейин (сиз, эй, Исроил авлоди,) озчилик қисмингиздан  бошқангиз ушбу аҳддан юз ўгирдингиз» (Бақара сураси, 83-оят).

         Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

         «Набий алайҳиссалом Мадинага келиб, илк хутбаларининг бирида: «Эй, инсонлар! Саломни орангизда ёйинглар, таом улашинглар, силаи раҳм қилинглар ва инсонлар ухлаётган вақтда кечаси бедор бўлиб намоз ўқинглар ана шунда жаннатга саломат кирасизлар», дея марҳамат қилганлар (Бухорий ривояти).

         Қариндошлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсонни ризқини кенг ва умрини узун бўлишига сабаб бўлади. Силаи раҳм қиладиган инсон бу дунёда кўп яхшиликларга эга бўлиш билан бирга охиратда улуғ ажру мукофотлар соҳибига айланади.

         Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин»(Бухорий ва Термизий ривояти).

         Али карромаллоҳу важҳаҳудан қилинган ривоятда эса: «Қариндошлар билан алоқани боғлаш ёмон ўлим топишдан сақлайди. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинглар ва силаи раҳм қилинглар!»(Имом Ҳоким ва Баззор ривояти).

         Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг оғир гуноҳлардан ва ёмон феъллардан ҳисобланиб, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб баҳоланади. Бундай кишилардан бирор-бир яхшилик кутилмайди, раҳм-шафқат умид қилинмайди. Чунки, ўзининг қариндошларига яхшилик қилмаган киши бегоналардан бутунлай четда бўлади. Шу боис динимиз бундай ишлардан қайтаради:

         «Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингизни) узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир» (Муҳаммад сураси, 22-23 оятлар).

         Бу ояти каримадан маълум бўладики, қариндошлик ришталарини узишнинг оқибати лаънат ва гумроҳликдир.

         Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши: «Эй, Аллоҳнинг Расули! Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, улар мендан алоқани узиб кетадилар. Уларга қанчалик яхшилик қилсамҳам, улар менга ёмонликни раво кўрадилар. Уларга доимо яхши муомалада бўлишимга қарамасдан, улар буни эътиборларига ҳам олмайдилар», деб шикоят қилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қариндошларга оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб кетган қариндошлик ришталарини тикловчи одам қариндошдир. Сен айтган сўзларингда бардавом бўлсанг, Аллоҳ сен билан биргадир», дедилар» (Муслим ривояти).

         Демак, бир-биримизга қанчалик яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, Аллоҳнинг раҳмати бизларга шунчалар яқин бўлаверади.

         Силаи раҳм деганда қариндошлар билан яқин муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар уларга ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етсаҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилиш йўлида бор куч ва ғайратини сарф қилиш каби фазилатларни ўз ичига олади.

         Булардан ташқари қариндошлар билан учрашганда очиқ юз билан кўришиш, биринчи бўлиб салом бериш, мулойим гаплашиш, гарчи улар қўпол ва дағал муомала қилсалар ҳам уларга нисбатан чиройли муомала билан жавоб қайтариш силаи раҳмнинг гўзал намунасидир.

         Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, силаи раҳм қилсин», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

         Бу гўзал фазилат тирикларимизга зийнат бўладиган, ўтганларимизни руҳларини шод этадиган ҳамда Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлишига сабаб бўладиган амаллардандир.

         Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Жума оқшомида одамзоднинг амалларини Аллоҳ ҳузурида кўрсатилади. Фақат қариндошлик ришталарини узганларнинг амаллари қабул бўлмайди», деганларини эшитдим».

         Хулоса қилиб айтганда, силаи раҳм мўминларга хос сифат бўлиб, ҳар бир мўмин-мусулмон бунга эътибор бериши муҳимдир. Хусусан, Аллоҳнинг раҳмат ва мағфирати жўшиб турган муборак рамазон кунларида меҳр-оқибатларимизни бир-бирларимиздан дариғ тутмасак, бу ойнинг шукуҳига ҳамоханг амал қилган бўламиз. Ана шунда қариндошлар орасидаги силаи раҳмни мустаҳкамлаган, Аллоҳ ва Расули севган бандалар қаторига қўшиламиз, иншааллоҳ.

Жалолиддин Ҳамроқулов,

 Тошкентдаги “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

Read 8601 times
Tagged under

Мақолалар

Top