Мақолалар

Имом-хатибларнинг ишдан бўшаш сабаблари

Айни кунларда интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар ва расмий хатлар орқали айрим имом-хатибларнинг ишдан бўшаш сабабларини сўраб Ўзбекистон мусулмонлари идорасига кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шу кабиларни инобатга олган ҳолда қуйидагиларни маълум қиламиз.
Сўнгги йилларда Ислом дини қадриятларини равнақ топтириш, дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган аждодлар меросини ўрганиш ва ёшларни дину диёнатли қилиб тарбиялаш борасида сермаҳсул ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз Раҳбари замон билан ҳамнафас яшаш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва аҳоли имон-эътиқодини мустаҳкамлаш йўлида имом-хатибларни доимо фаолликка, ғайрат кўрсатишга даъват этиб келмоқда.
Бироқ айрим имом-хатиблардаги ўзибўларчиликка берилиш, лоқайдликка йўл қўйиш ва сусткашлик қилиш каби ҳолатлар кўпчиликнинг дилини хира қилмоқда. Тан олиш керак, Ислом дини маърифатини кенг тарғиб этиш, халқимизнинг талаб-истакларини қондириш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ишига барча имом-хатиблар бирдек ёндошмаётгани маълум бўлмоқда. Ҳукуматимиз диний соҳа ривожи учун бир қатор шарт-шароитларни муҳайё этиб бермоқдаки, бир вақтлар хаёл ҳам қилиб бўлмайдиган ишлар бугун кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда.
Лекин мана шундай қулайлик ва енгилликларга зид равишда айрим масжидлардаги нохуш манзаралар ва имом-хатиблар фаолиятидаги нуқсонлар кўнгилни ранжитмоқда. Баъзи масжидларнинг қаровсизлиги, айрим имом-домлаларнинг бепарволиги юқоридаги мулоҳазаларни тасдиқлайди.
Масалан, Сирдарё вилоятида 3 нафар диний маълумотга эга бўлмаган киши имомлик қилаётгани, 4 та масжидда имом-хатиб вазифаси вакантлиги, ФҲДЁ органидан рўйхатдан ўтмаган шахсларга никоҳ ўқиш кузатилгани, ажримлар сони ортгани ва айрим имомлар намозхонларга қўпол муомалада бўлаётгани аниқланган. Мана шунинг учун Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Мўминжон домла Усмонов эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.
Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов ҳам масжид тартиб-интизомига риоя этмагани, кундалик намозларда мунтазам бўлмагани, тасдиқланмаган хабарларни интернет орқали тарқатиш каби нуқсонлар ҳамда беморлиги важидан вазифани уддалай олмаётгани сабабли ишдан олинди. Фарғона вилояти Фарғона тумани бош имом-хатиби Ашуров Ҳасанбой ҳам топшириқларни пайсалга солиши, итоатсизлиги ва муомала маданияти имомликка нолойиқ бўлгани учун ишдан кетди. Шунингдек, Самарқанд туманидаги “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби Пўлатов Абдураҳим каби имом-хатиблар ҳам мана шундай хато-камчиликлар туфайли улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.
Аслида имом-домлаларнинг ишдан бўшаш сабабларини шундай очиқлашни истамаган эдик. Лекин интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги очиқдан-очиқ сўровлар, мурожаатлар мана шундай қилишга мажбур этди.
Хулоса, мўмин-мусулмонлар томонидан имом-хатибларга берилган ишончни оқлаш вожиб. Бунинг учун зиммадаги масъулиятни бажариш, вазифани адо қилиш зарур. Бу йўлда тинимсиз меҳнат, итоат ва касб-маҳоратни ошириб бориш талаб этилади.

Эрдон Эсанов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ходимлар бўлими мудири вазифасини бажарувчи

Read 17431 times

Мақолалар

Top